Судьяликка номзодлар қайси талаблар асосида танланади?

%d1%81%d1%83%d0%b4Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги Фармони тизимни янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадини назарда тутади.
Мазкур Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратураси ва Адлия вазирлигининг судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи таклифи маъқулланди.
Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бугунги кунда ўта долзарб вазифа бўлиб, номзодларни танлаш масаласига ниҳоятда жиддий, миллий ва халқаро ҳуқуқ андазалари асосида ёндашиш керак. Зеро, БМТнинг “Суд органларининг мустақиллигига доир асосий тамойиллар” номли резолюциясида таъкидланганидек, судга танланган шахслар нафақат юридик билим, балки юксак ахлоқ ва истеъдод соҳиблари, шунингдек, ҳуқуқ соҳасида маълум тайёргарликка, малакага эга бўлмоғи лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 2 августдаги “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2012 йил 30 ноябрдаги “”Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги Фармойишига асосан “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси тўғрисида”ги Низом тасдиқланиши суд ҳокимияти нуфузини янада ошириш, судья кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишнинг замонавий, демократик талабларга жавоб берадиган самарали тизимини яратишда муҳим аҳамият касб этди.
Низомнинг 8-бандига кўра, судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасига тайёргарлик кўрган, катта ҳаётий тажрибага, бенуқсон обрў-эътиборга эга, ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотли, юридик ихтисослиги бўйи¬ча иш стажи камида беш йил бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари киритилиши мумкин.
Ҳозирги кунда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судьялари малака ҳайъати томонидан судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасини шакллантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, малака ҳайъати аъзолари ўзларига бириктирилган ҳудудларда фаолият кўрсатувчи ҳуқуқшунослар билан учрашувлар ўтказиб, уларга одил судлов соҳасидаги ижобий ислоҳотлар, судья кадрлар заҳирасига киришнинг соддалаштирилган тизими, судьяларга берилган имтиёзлар ва бошқа маълумотларни етказиб бормоқдалар.
Бундан ташқари, захирага олинган номзодларда амалий кўникмалар ҳосил қилиш мақсадида, ҳар бир номзодга жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят, туман (шаҳар) судлари судьялари мураббий этиб тайинланган бўлиб, улар номзодларнинг ҳуқуқ соҳасидаги назарий ва амалий билимларини ошириш бўйича ўзларининг тавсияларини бериб келмоқдалар.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва либераллаштириш борасидаги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – суднинг обрўси ва мустақиллигини ошириш, қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш механизмларини яратишдир.

You must be logged in to post a comment Login