ШАҲБОЗХОН-ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ

shaxboz   Марғилон шаҳридаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси  Шаҳбозхон Хайруллохўжаев шу йилнинг 22-25 сентябрь кунлари Молдавиянинг Кишинёв шаҳрида  қўл жанги бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида ўз вазн тоифасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасини забт этди ва олтин медал соҳиби бўлди.

Чемпионатда 15 та давлатдан  300 дан зиёд спортчилар иштирок этди. 16 ёшли чемпион юртимиз байроғини баланд кўтариб, спортимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.

– Мураббий  Камолиддин Акбаров бизларга қўл жанги сир-асрорларини ўргатади, – дейди  Шаҳбозхон. – Келгусида  Олимпиада  ўйинларида ҳам иштирок этиб, юксак ғалабаларга эришиш  ягона орзуим. Бу йўлда тинмай шуғулланиб,  мураббий ва устозларим ишончини оқлашга ваъда бераман.

– Шаҳбозхон Марғилон 1-тиббиёт коллежининг 2-босқич ўқувчиси. У ўқишда ҳам, спортда ҳам барчага намуна, – дейди 1-даражали “Соғлом авлод учун” ордени нишондори, коллеж директори  Шавкат Эрматов.- Юртимизда  болалар спортига катта аҳамият  бериляпти. Ёшлар замонавий  жиҳозлар  билан таъминланган спорт залларида  шуғулланишяпти. Шу боис юксак натижаларга эришишмоқда. Коллежимиз  педагоглар  жамоаси  ва ўқувчилари  жаҳон чемпиони  билан  ҳақли равишда фахрланамиз. Унга янада юксак парвозлар тилаймиз.

ххх

Марғилон 1-тиббиёт коллежида жаҳон чемпиони Шаҳбозхон Хайруллохўжаевни тақдирлаш  маросим ўтказилди. Унда чемпионнинг устоз-мураббийлари, ота-онаси курсдошлари, 1-2-БЎСМ тарбияланувчилари қатнашди.

Тадбир якунида Ш.Хайруллохўжаевга шаҳар ҳокимлиги томонидан фахрий ёрлиқ ва компьютер жамланмаси, ота-онасига ташаккурнома топширилди.

Шаҳардаги 1-БЎСМ тарбияланувчиси  Робияхон  Сардорова  шу йил 18-26 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида шахмат бўйича “Тошкент кузи” республика рейтинг турнирида 1-ўринни эгаллади. Р.Сардоровага  республика шахмат федерациясининг дипломи ҳамда Марғилон  шаҳар  ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи топширилди.

You must be logged in to post a comment Login