СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИ ТАДБИРКОРЛАР ФОЙДАСИГА

percent symbolЎзбекистонда мустақиллик йилларида солиқ тизимини такомиллаштириш ҳамда соддалаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Бунда “ўзбек модели” дея эътироф этилаётган тараққиёт йўли муҳим омил бўлмоқда. Натижада солиқ маъмурчилиги шаффофлигини таъминлаш, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш борасида муайян ютуқларга эришилмоқда.

Зеро, аниқ мақсадларга йўналтирилган ҳамда ҳаётга изчил татбиқ этилаётган чора-тадбирлар иқтисодий мустақиллигимизни мустаҳкамлашда ғоят муҳим аҳамиятга эга. 2015 йил 22 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорга асосан юртимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг реал даромадларини ошириш мақсадида қатор солиқ  ва мажбурий тўловлар ставкалари пасайтирилди. “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-398-сонли Қонунига асосан Солиқ кодексининг 39-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Давлат солиқ хизмати органига камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар асосларини ёҳуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим қилмаган солиқ тўловчиларнинг ҳисоб-варақалари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш юзасидан судга ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқи берилди.

 Тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида айрим имтиёзлар муддати узайтирилди. Жумладан, озиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар учун фойда солиғи, мол-мулк солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ҳамда республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этиш тарзидаги имтиёзлар муддати 2018 йилнинг 1 январига қадар амал қилади. Тўқимачилик саноати корхоналари учун мол-мулк солиғи тўлашдан озод этиш бўйича берилган имтиёз ҳам ана шу муддатгача узайтирилди. Шунингдек, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни кадастр ҳужжатларидаги инвентаризация қийматидан келиб чиқиб, 3 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдорда солиқ ҳисоблаш тартиби жорий қилинди.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда олиб борилаётган пухта солиқ сиёсати барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, иқтисодиётни модернизациялаш орқали мамлакатнинг гуллаб-яшнаши ва аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришда энг муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.

You must be logged in to post a comment Login