ИРОДАЛИ ВА ЖАСОРАТЛИЛАР ҒАЛАБАСИ

12

Бразилиянинг  Рио-де-Жанейро шаҳри мезбонлик  қилган  Паралимпия ўйинларида спортчиларимизнинг қўлга  киритган  ғалабалари замирида интилиш, шижоат,  матонат, мустаҳкам ирода каби эзгу фазилатлар мужассам.

Тўрт  йилликнинг  энг нуфузли мусобақасида 5 та спорт турида 32 нафар спортчи билан иштирок этган паралимпиячиларимиз якунда тарихий  натижани  қайд этишди. Улар  31 та  медални қўлга  киритишди. Шундан  8 таси  олтин эканлиги ҳар биримизга  фахру ифтихор бахш этади. Терма жамоамиз ҳисобида яна  6 та кумуш  ҳамда 17 та бронза медаль бор.

Паралимпия ўйинларини олтин медаль билан бошлаган ҳамюртларимиз  мусобақаларнинг охирги кунида ҳам бу анъанани давом эттиришди. Сўнгги олтин медални енгил атлетиканинг найза улоқтириш турида иштирок этган  Нозимахон  Қаюмова терма жамоа ҳисобига ёзиб қўйди.

Терма  жамоамизга энг  кўп олтин медални дзюдочиларимиз тақдим этишди — 3 та олтин, битта кумуш, 6 та бронза.   Шерзод Намозов, Ўткир Ниғматов, Одил  Тулендибоев  каби дзюдочиларимиз ўз вазн тоифаларида  барча рақибларини мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори  поғонасига кўтарилишди. Аёллар ўртасидаги мусобақада Ҳайитжон  Алимовага  кумуш  медаль, Турсунпошша  Нурметова, Севинч Салаева ва Гулруҳ Раҳимоваларга бронза медали насиб этди.  Диск  улоқтириш  баҳсида  Ҳусниддин  Норбеков, найза  улоқтиришда Александр  Свечников ҳамда  Нозимахон Қаюмова, сузиш баҳсларида  Фирдавсбек Мусабеков  олтин медаль соҳиби бўлишди.

Фотимахон Амилова аёллар ўртасидаги 100 метр масофага брасс усулида сузишда  олтин  медални  қўлга киритди.  У  бу  натижаси билан жаҳон  рекордини  янгилади. Олимпиада рекорди ҳам айнан Амиловага тегишли. Фотимахон Ўзбекистон Паралимпия терма жамоасига олтинчи олтин медални тақдим этди.

Аёллар ўртасидаги 50 метр масофага эркин усулда сузиш баҳсларида терма  жамоамизнинг бир йўла икки нафар аъзоси шохсупага кўтарилди.  Муслима Одилова  кумуш,  Шоҳсанам Тошпўлатова  эса  бронза  медалини қўлга  киритишди. Эътиборлиси, бу иккала спортчимизнинг Паралимпия  ўйинларидаги  иккинчи  медаллари бўлди. Аёллар ўртасидаги  енгил атлетика мусобақасининг ядро улоқтириш баҳсларида иштирок этган Дилафрузхон Ахматхонова (Фарғона вилояти) нинг натижаси медаль учун камлик қилди. Дилафруз  улоқтирган  ядро 7 метру 87 сантиметр масофага тушди. Бу Паралимпия  ўйинларидаги  олтинчи натижа бўлди.

Ўзбекистон терма жамоаси Осиё қитъасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган Хитойдан сўнг иккинчи поғонани банд этди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги  мамлакатлари орасида эса Украинадан сўнг иккинчи ўрин эгалланди. Украина умумжамоа ҳисобида кучли учликдан жой олди.

Мусобақаларда  спортчиларимиз  6 та жаҳон, 7 та Паралимпиада ўйинлари, 12 та Осиё рекордини ўрнатишди.  Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича,  шу вақтга қадар бирорта давлат вакиллари, иштирокчилар сони ва қўлга киритилган медаллар натижаси бўйича бундай натижага эришмаган.

Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ХУ Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойиши билан пул мукофотлари билан тақдирланишди. Шунингдек,  Паралимпия ўйинларида  юқори  натижаларга  эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирландилар.

                       

You must be logged in to post a comment Login