Фарғонада ишга яроқсиз автомобиль шиналаридан резина гранула ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

%d1%80%d0%b5%d0%b7%d0%b8%d0%bd%d0%b0

Фарғонада ишга яроқсиз автомобиль шиналарини қайта ишлаб, резина гранулага айлантирадиган янги корхона – “Rubber gold”  МЧЖ иш бошлади.

Водиллик тадбиркор Ҳайдарали Мукаррамов  “Асака” банкидан 150 миллион сўм кредит олиб, хориждан келтирилган ускуналар ёрдамида маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Эндиликда корхонада ўз муддатини ўтаб бўлган, истеъмолга яроқсиз авто-шиналарни ва бошқа турдаги резиналарни қайта ишлаб, улардан резина гранулалари, пойабзаллар резина тагликлари учун хом ашё, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари ва бошқа турдаги муассасалар учун резина плиткалари, резина қоплама, тўшамалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар хавфсиз, эластиклиги жиҳатдан  спортчиларга жароҳат етишидан сақлайди. Бундан ташқари, гилам тўшамалар турли рангларда бўлиб, ўз  хусусиятларини узоқ  муддат йўқотмайди. Одамларга эстетик завқ бағишлайди.

Илгари яроқсиз автошиналар ёқиб юбориш йўли билан йўқ қилинарди. Бунинг оқибатида  табиатга зиддий зарар етказиларди. Маълумотларга қараганда, бир тонна ишга яроқсиз резина ва шиналар ёқиб юборилса, ундан 16 хил атмосферани ифлослантирувчи, инсон саломатлигига жиддий таъсир этувчи  заҳарли  бензин буғи, резина чанги, углерод оксиди, азот оксиди, хлоропрен каби  моддалар мусаффо ҳавога жиддий путур етказади.

Ривожланган  мамлакатларда  қаттиқ маиший чиқиндилардан иккиламчи  хом ашё  сифатида фойдаланилади.  Жаҳон  тажрибасидан  маълумки, чиқиндиларни  қайта ишлашни йўлга қўйиш орқали ишлаб чиқаришнинг янги тармоғини ривожлантириш энг муқобил йўлларидан бири ҳисобланади.

– Корея республикасида бўлганимда шу соҳани ривожлантиришда бевосита иштирок этдим, – дейди Ҳайдарали Мукаррамов. – Фарғонага қайтгач, яроқсиз маҳсулотларни қайта ишлаш йўли билан спорт майдонлари устки қопламаси, турли қоплама кошинлар, гиламчалар, резина қўшиладиган бошқа буюмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Лойиҳанинг иккинчи босқичида маҳсулот ишлаб чиқариш турини янада кўпайтиришни режалаштирганмиз. Мақсадимиз – она-табиатни соф асраш, атроф-муҳитга зарар етказмаслик қолаверса, ишлаб чиқариш қувватини 2 баробар оширишдан иборатдир.

Энг асосийси, 10 нафар ёшлар иш билан таъминланди. Корхона бир йилда 528  тонна эски автошина ва бошқа резиналарни қайта ишлаш қувватига эга. 

You must be logged in to post a comment Login