АЙРО ТУШМАЙ АСЛО ҚУЧОҚЛАРИНГДАН…

Ўтган асрнинг 90 йилларида ўрта мактабни битириш арафасида эдик. Тарих, адабиёт дарсларида, матбуотда бизга нотаниш Фитрат, Боту, Элбек, Чўлпон, Мунаввар қори, Беҳбудий, Усмон Носир, Отажон Ҳошим деган номлар тез-тез тилга олина бошлади. Биз бир оз довдираш ҳолатига тушдик. Сабаби куни кеча шўро сиёсати кўкларга кўтарилган, шу сиёсат манфаатларидан келиб чиқиб ёзилган дарсликларни ўқиб ўрганган эдик-да. Турли слётлар, анжуманларда, танловларда ўзимиз бориб кўрмаган, фақат хариталарда кўрсата оладиган “бепоён” юртни ватаним деяётган ёшлар эдик. Секин-аста биз “қўрбоши”, “халқ душмани” деб “билганимиз” аслида миллат учун, ватан учун жон тиккан ҳақиқий юрт ўғлонлари эканлигини англай бошладик.

1991 йилнинг 1 сентябри Ўзбекистон фуқаролари сингари мен учун унутилмас кун бўлиб қолди. Оиламизда қўшалоқ байрамни нишонладик. Шу санада мен Муқимий номидаги Қўқон Давлат педагогика институти ўзбек тили ва адабиёти факультетига ўқишга қабул қилиндим. Биринчи курсда “Ўзбек адабиёти тарихи” фанидан дарслар бошланди. Аҳмад Яссавий, Рабғузий, Хўжаназар Ҳувайдо, Сўфи Оллоёр ижоди билан биринчи марта танишдик. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ миллий ва маданий меросга алоҳида эътибор қаратилди. Республикамиз Президенти И.Каримов томонидан 1991 йилни Алишер Навоий йили деб эълон қилиниши ва шу йилнинг 1 октябрида Миллий боғда Алишер Навоийнинг муҳташам ҳайкалининг қад ростлаши кейинги 25 йиллик ҳаётимизда жуда катта аҳамият касб этди. Миллатни якдил қилди. Давлатимиз раҳбари буюк аждодимиз ёнида туриб халқимизга шундай мурожаат қилган эди: “Улуғ бобокалонимиз сиймоси олдида, келинглар бир биримизга сўз берайлик: озодлик ва истиқлол йўлида, бу эзгу ниятларни ҳаётимизга амалий татбиқ этишда бир жон, бир тан бўлайлик! Ҳеч қачон танлаган йўлимиздан қайтмайлик!”. Шуни эътироф этиш керакки, бу пурмаъно фикрлар яна 100 йилдан кейин ҳам ўз аҳамиятини асло йўқотмайди.

Ватаннинг остонадан бошланишини, Ватан ободлиги кўнгиллар ободлиги билан уйғун эканлигини, Ватан ва миллат учун фидойи бўлиб яшаш энг олий бахт эканлигини чуқур ҳис қила бошлаган эдим у кезлар.

Чўлпон асарларини ўқиб, йиғлаганман. “Кишан кийма, бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғулғонсен!” дея ҳайқирган шоирнинг қисматига ачинганман. Эрк ва озодликни тараннум этиш муқаррар ўлимга олиб борар эди шўро тузуми йиллари. Кейинчалик, Шавкат Раҳмонда ўқидим: “Қачон тиз чўковдик, ҳамон иззамиз”. Ҳайрият, юртда буюк Юртбоши раҳнамолигида мустақиллик шабадалари эса бошлади. Катта машаққатлар, йўқотишлар эвазига миллатнинг қадди тикланди. Руҳи сарбаланд бўлди. Дарёлар асл ўзанига қайта бошлади.

Таҳсилни тамомлаб, иш фаолиятимни шу даргоҳнинг ўзбек адабиёти кафедрасида бошладим. Илмий изланишлар олиб бориш ниятида Тошкентга отландим. Номзодлик ишим учун Қўқон хони Умархон Амирийнинг адабий фаолияти мавзусини танладим. Собиқ шўро тузуми йилларида Амирийнинг хатто номини ҳам тилга олиб бўлмас, унинг яшаган даври ва муҳити ҳақида гапириш ўтмишни қўмсаш саналар эди. Эсимда, шоир Усмон Носирнинг “Яна шеъримга” номли сонетида “Саҳарда қон тупурсам майли, Мен – Мажнунман, шеърим сен – Лайли” каби мисралар бор эди. Шоир шу мисралар учун ҳам қатағон қилинган экан. Сабаби, “совет шоири қон тупурмаслиги керак!”.

2007 йилда номзодлик ишим якунига етди. Илмий ишимнинг методолик асосини Республикамиз раҳбарининг маънавий мерос ҳақидаги фикр-тавсиялари ташкил этди. Диссертациямни муваффақиятли ҳимоя қилиб, филология фанлари номзоди илмий даражасига, 2011 йилда эса доцент илмий унвонига эга бўлдим. Ўзбекистон заминида ҳар бир сидқидилдан қилинган меҳнат беиз кетмаслигига, эътироф ва эътиборга лойиқ топилишига шахсан иқрор бўлдим. Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг:

Умр гоҳи ширин, гоҳи талх бўлгай,
Улуғ ниятларга Оллоҳ ҳам ёрдир:
Эгаси бор юртнинг эли халқ бўлгай,
Эгаси бор юртнинг – эртаси бордир,

дея ёзган сатрлари менинг ҳам кўнглимдан кечган эди.

Мана 20 йилдан буён талабаларга “Ўзбек адабиёти тарихи”, “Ҳозирги адабий жараён ва адабий танқид” фанларидан сабоқ бериб келмоқдаман. Менда таққослаш имконияти бор. Кечаги шўро тузумининг сўнгги талвасаларига ҳам гувоҳ бўлган бўлсам, озод диёрнинг обод кунларига, мусаффо тонгларига, осойишта тунларига, асрларга татигулик қутлуғ 25 йилидаги бетакрор ўзгаришларга шоҳидман. Биргина адабиёт соҳасидаги ўзгаришларга тўхталсак. Истиқлол биринчи навбатда ижодкорга сўз ва фикр эркинлигини берди. Бадиий ижод билан кўнгил одамлари шуғулланмоқда. Бугунда яратилаётган асарлар жаҳон адабиёти намуналари билан бўйлаша оладиган савияда. Кеча Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” асари Германияда “Тошкентлик севишганлар” номи билан машҳур бўлган бўлса, бугун бутун ер юзи Эркин Аъзам, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон каби ўзбек адибларнинг асарларини мароқ билан мутолаа қилмоқдалар.

Адабий таълим ҳам илғор педагогик технологиялар асосида юқори савияда ўтказилиб келинмоқда. Ҳар бир дарсда шу азиз диёрнинг бахтиёр фарзандлари билан тинчликнинг қадри, яратилган имкониятларнинг шукронаси ҳақида суҳбатлашамиз. Зукко, дунёқараши кенг, мустақил фикрига эга ёшларни кўриб, келажагимизнинг янада порлоқ бўлишига ишонаман.

Ватан, айланайин тупроқларингдан,
Боғда гул, тоғдаги гиёҳларингдан.
Боқсанг нур ёғилар нигоҳларингдан,
Айро тушмай асло қучоқларингдан.

 

Зебо ҚОБИЛОВА,
Қўқон Давлат педагогика институти доценти,
филология фанлари номзоди. 

You must be logged in to post a comment Login