ХАЛҚИМИЗ ҚАЛБИДА МАНГУ ЯШАЙДИ

prezident4

2016 йилнинг 3 сентябрь куни эрта тонгдан Фарғона шаҳридаги Театр-концерт саройи олди Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун  фарғоналиклар билан тўлди.

Видолашув маросимида кенг жамоатчилик, турли соҳа вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, зиёлилар, меҳнат фахрийлари ва ёшлар Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириб, гулчамбарлар қўйдилар.

Фарғоналиклар юртимизнинг барча ҳудудларидаги сингари  водийнинг   мустақиллик йилларидаги гуллаб-яшнаши, инсонлар турмуш фаровонлигининг  юксалишини  айнан Ислом Каримов  номи билан боғлайдилар. 

– Бугун бутун Ўзбекистон, жумладан, Фарғона аҳли  чуқур қайғуда! – дейди қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Одилжон Ибрагимов. – Бир ёқлама иктисодиётга эга аграр ҳудуд айнан биринчи Президентимиз  ташаббуси ва раҳнамолигида ўзининг асл бўйи-бастини кўрсатди. Иқтисодиёт ўсди, ижтимоий тармоқ ривожланди, ёш авлоднинг эмин-эркин ўсиб-улғайиши, ўз нодир қобилиятларини намоён қилишлари учун шарт-шароит яратилди. Айниқса, Президент  Ислом Каримов  ташаббуси билан илгари сурилган аграр тармоқдаги ислоҳотлар қишлоқ аҳлининг бугунги ва эртанги кунлар истиқболига бўлган ишончини  мустаҳкамлади.

Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишланган тадбирлар  вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида бўлиб ўтмоқда. 3 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган  Фарғона вилоятининг  ҳар бир оиласида  бу мусибат оғир жудолик, энг яқин  кишисидан ажралиш изтироби тариқасида қабул қилинмоқда.

– Кўпмиллатли оила фарзандлари осойишта кунлар ва фаровон ҳаёт учун Ўзбекистон Республикаси Президентидан миннатдор эди, энди бу миннатдорлик ва меҳр туйғулари ила Ислом Каримов номини ҳамиша ҳурмат билан эслаймиз, – дейди вилоят татар миллий маданий маркази раҳбари Равиль Тугушев.

– Бу оғир жудолик вилоятимизда истиқомат қилаётган корейс миллати вакилларини чуқур қайғуга солди, – дейди вилоят корейс миллий-маданий маркази раҳбари Виктор Лян. – Йиллар ўтади, аммо Ўзбекистондаги ҳар бир миллат вакили буюк ишлари учун муҳтарам Президент номини диллар тўрида сақлайди. Унинг эзгу ишлари давом этади, хотираси юракларда мудом порлоқ қолади.

–Ўзбекистон ёшлари Юртбошимизни чин дилдан севади ва қадрлайди. Президентимизнинг “Бўш келманг, азизларим, давр бизники, марра бизники!” деган сўзлари дилларимизда жаранглаб, ёшларни янада юксак марраларни забт этишга чорлайверади. Биз бу буюк инсон бошлаган хайрли ишларнинг давомчиларимиз, келажак бизнинг қўлларимизда! – дейди фаол ёшлардан бири Аброр Отабоев.

Президент Ислом Абдуғаниевич Каримов – ҳақиқатдан ҳам буюк шахс эди. Тарих, келажак авлод, албатта, унинг қудратли ишларини юксак қадрлайди. Азиз ва қадрли инсонни сўнгги йўлга кузатаётган ҳар бир ҳамюртимиз унинг ўз халқига бўлган буюк меҳри олдида қарздорлигини чуқур ҳис этди…

You must be logged in to post a comment Login