ЎЗБЕКИСТОН – УМУМИЙ УЙИМИЗ

MaktabИстиқлолнинг фарахбаҳш нурларидан тобора яшнаб бораётган юртимизнинг ҳар бир ҳудудида байрам сурури кезмоқда. Жонажон Ватанимизнинг 25 йиллик тўйини юртдошларимиз чексиз хурсандчиликлар, ўзгача таассуротлар, кўтаринки руҳ билан тантана қилишмоқда.  Бунда айниқса, тинч ва осойишда диёрда бир-бири билан аҳилликда, фаровон ҳаёт кечираётган турли миллат ва элат вакилларининг қадрдонлиги яққол намоён бўлаётир.

Қўштепа туманининг Дўрмон қишлоғида жойлашган 10-умумтаълим мактабида ўтказилган “Ўзбекистон умумий уйимиз” фестивали  ҳам меҳр- оқибат ришталарини мустаҳкам боғлаб, қишлоқда  бахтиёр умр кечираётган ўзбек, қирғиз, турк, тожик миллати вакилларини ягона мақсад остида бирлаштирди.

“Гўзал ва бетакроримсан, мустақил Ватаним, жоним сенга фидо Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган анжуманда сўз олганлар юртимизда барқарор бўлган тинчлик-ҳотиржамлик, ободлик, қардош халқларнинг бирлик ва ҳамжиҳатликда умргузаронлик қилаётгани, ўғил-қизларнинг  фан, маданият, санъат, спорт, ҳунарманндчилик соҳасида эришаётган ютуқлари эътироф этилди. Тадбир давомида 10-мактабда таълим олаётган иқтидорли ўқувчилар томонидан рус, ўзбек, қирғиз, тожик, ҳинд тилларида шеър, қўшиқлар ва рақслар ижро этилди. Ёш  ҳунармандларнинг миллий кўргазмалари барчага манзур бўлди.

– Бугун жуда хурсандман, мана бундай байрамларда ҳамиша биз нуронийларга катта эътибор ва эҳтиром кўрсатилади, – дейди 73 ёшли Озодахон ая Бойматова. – Набираларим ҳам даврада шодон ўйнаб-кулишмоқда. Уларнинг қувончини кўриб шу тинч ва обод кунларга шукрона келтираман, Юртбошимизга раҳматлар айтаман.

Фестивалда туман маданият уйи санъаткорлари ўз байрам дастурларини иштирокчиларга тақдим этишди.

***

Олтиариқ туманининг Бўрбонлиқ шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудидаги 12-сонли умумтаълим мактабида фестиваль кўтаринки кайфият билан бошланди.  Меҳмонлар нон-туз билан, карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Умумтаълим мактаби ўқувчиларнинг ижодий ишлари кўргазмаси йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Тадбирда Олтиариқ тумани ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдурашид Бўтаев миллатлараро тотувлик ва аҳиллик эзгу умумбашарий қадрият эканлиги, турли халқларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги, иноқлиги  давлат тараққиёти, тинчлиги ва барқарорлигининг кафолати бўлиб хизмат қилиши ҳақида сўз юритди.

Тадбир давомида санъаткорлар томонидан турли тилларда ижро этилган куй-қўшиқлар, 14-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг чиқишлари, “Юлдуз” гуруҳининг жозибали рақслари барчага қувонч улашди, рақсга чорлади.

– Маҳалламизда  бугунги кунда ўзбек ва тожик миллатига мансуб аҳоли аҳил-иноқ бўлиб яшамоқда. Тўй-маъракаларида улар ҳам бир-бирига елкадош бўлиб, ёрдам берадилар,  – дейди  шу маҳаллада истиқомат қилувчи 80 ёшли Махсудали ота Хамроев.  –  Бу кунларга етмоқлик осон бўлмади.   Шукрки, мустақиллик туфайли шундай байрамларнинг азиз меҳмони бўлиб, давралар тўрида ўтирибмиз. Юртимизнинг тинчлигига, халқимизнинг фаровон ҳаётига кўз тегмасин!

Бундай мазмундаги тадбирлар вилоятимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.

You must be logged in to post a comment Login