ТОЛЕИДА ПОРЛАГАН ЮЛДУЗЛАРИ БОР

Тонгги соат 5. Фурқат тумани, Шойимбек шаҳарчасининг Мелиқўзиевлар хонадонига Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳридан телефон қўнғироғи келди. Бу фарахбахш муждани биринчи бўлиб маҳоратли боксчи Бектемирнинг онаизори Наврўзахон қарши олди. Онаизор ўғлини саралаш мусобақаларидаги дастлабки ғалабаси билан муборакбот этди.

Ҳа, она ва бола ўртасида бундай суҳбатлар унутилмас кун сифатида ёдда сақланади. Бектемир мусобақаларда қатнашиш учун чет элга борганида у ердан онасига қўнғироқ қилади. Она эса Ўзбекистон билан айрим дунё шаҳарларидаги вақтлар фарқини яхши билади. Зеро, у ўғлонининг қўнғироқларини тонг саҳарда интиқлик билан кутади. Бу пайтда Бектемир машғулотлардан қайтаётган, ўзга юртнинг оқшомларини томоша қилиб меҳмонхонага йўл олаётган бўлади. Она наздида фарзанди ҳамон ёш бола, юрагининг четида оналик соғинчи билан бирга бироз  хавотир ҳам бўлади. Шу боис ўзингни эҳтиёт қил, тренеринг сўзларига қулоқ сол, ундан берухсат бирор ёққа борма, деган хитоблар айтишни унутмайди. Бектемирнинг ҳам ажойиб одати бор. Уйга кириб келганида олтин, кумуш, бронза медалларини даставвал онасининг бўйнига тақади. Ана ўшанда мушфиқ онанинг кўзларига тўлган қувончли кўз ёшларини кўринг. Фарзандининг зафарини биргалашиб қучишдек шараф борми она учун. Албатта, она ва бола қалбига бундай фахрни Истиқлол бағишлади. Бир пайтлар оналаримиз фарзандлари учун шундай фахрни туйганмидилар. Шаҳарни қўя турайлик. Оддий қишлоқ аёли фарзандини пойтахтдаги аэропортлардан маҳобатли самолётларда олис юртларга ғалаба ёр бўлсин дея кузатганмиди? Эртадан-кечгача тиним билмай ишлаб дилбандларининг митти юракларига қулоқ тута олмаган, орзулари тилида тугун бўлиб қолиб кетган муҳтарама онажонлар армонли йиллар хотираси ортмоқлаб умр кечирдилар. Бугунчи? Осмонни қучаман деса қулочи етадиган фарзандларини бағрига босаётган истиқлол оналари бахтиёрлик нашидасини сурмоқдалар. Наврўза Сулаймонова Мустақиллигимизнинг биринчи йилида туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимида ҳамшира бўлиб иш бошлади. Мана чорак асрки беморларнинг дуосини олади. Ярим тундами, тонгдами бемори бор хонадонларга кириб боради. Муолажаларни адо этиб беморга шифо тилайди. Шунда ҳамширага ҳам яхши тилаклар билдиришади. Фарзандларингизни яхши кунларини кўринг дегувчи беморлар қанча эди-ю. Ҳақиқатан ҳам кўпнинг дуоси кўл деганлари  рост экан. Тўнғич ўғли Рустамжон ички ишлар ходими, Мавлонжон Тошкент Ахборот технологиялари университети Фарғона филиали талабаси, кенжа ўғил Бектемир ўзингиз яхши биласиз, Ўзбекистонда ўсмирлар ўртасида спорт осмонининг юлдузи бўлиб порлаб турибди. Фарзандларимни эл корига ярайдиган, Ватанга муносиб ворислар қилиб тарбиялайман деган эзгу ниятнинг ўзи орзулар рўёби билан тенгдир. Буюк Истиқлол очиб берган имкон эшиклари халқимиз аёлларининг фарзанд тарбиясидаги юмушларига ҳам улкан мазмун олиб кирди.

Мустақиллик деган азиз ном Ўзбекистон болаларининг ҳам ишончини мустаҳкамлади, ғурурини кўтарди. “Мен Ватанга муносиб фарзанд бўламан” деган муқаддас қасамни ўргатди. Онасини қадрлаган фарзандлар демакки Ватанни ҳам қадрлайди. Не бахтки Бектемирга ўхшаган онасининг бўйнига шода-шода медалларни тақиб, пойига бутун борлиғини поёндоз қилаётган доно, билимли, мард, жасур йигитлар кўплаб топилади орамизда.

- Истиқлолнинг энг аввало хотин-қизлар олдига қўйган вазифалари фақат эзгуликлар билан боғлиқ,- дейди Фурқат тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Зарифахон Алихўжаева. –Эътибор берсангиз ҳар бир номланаётган йиллар замирида хотин-қизлар манфаатлари, мамлакатимиз оналарининг орзу-умидлари мужассам. Чунки баркамол авлод тарбиясида онанинг руҳан, маънан, жисмонан соғломлиги жуда муҳим аҳамиятга эга. Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида туманимизнинг чекка ҳудудларидан бири – Ғунча ҚФЙ тасарруфидаги Чекчувалдоқ маҳалласида аёллар гўзаллик салони ишга тушди. 25 та кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди. Йиғиндаги Тинчлик қишлоғида 153 нафар хотин-қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Ғаллакор ҚФЙ ҳам чегара ҳудуд саналади. Бу ерда ҳам оналар ва болаларни сифатли тиббий кўрикдан ўтказиш билан бирга аёлларни қийнаётган муаммолар тумандаги 14 та мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида хонадонларга кириб ўрганилди, зарур ёрдамлар кўрсатилди. Шу кунларда туманимизда шукроналик тадбирлари байрамона тарзда ўтказиляпти. Қўмита ташаббуси билан иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида 250 нафар 35 ёшдан 70 ёшгача бўлган уй бекалари иштирокида ўтказилган аёллар фестивали соғлом турмуш тарзи тарғиботининг хайрли намунаси бўлди десак арзийди. Биз камсуқум, содда санаган аёллар руҳиятида ғайрат-шижоат, спортга иштиёқ, ҳаётга тийрак кўз билан қараш олий даражада эканлиги уларнинг югуриш, волейбол, баскетбол, шахмат-шашка мусобақаларида иштирокида ўз ифодасини топди. Ғолибларга қўмитанинг қимматбаҳо совғалари топширилди.

Қаерда ободлик бардавом бўлса, инсонлар ҳаётида ҳам шунга монанд эврилишлар юз беради. Томоша маҳалла фуқаролар йиғинининг Маданият кўчаси Қўқон-Бешариқ йўлини кесиб ўтади. Ҳозир бу кўчадан ўтган кишининг яратувчанлик намуналарини кўриб дили равшан тортади. Ҳар қадамда гулу гулзорлар инсонга завқ бағишлайди. Бу кўчада 6-мактабгача таълим муассасаси, “Баркамол авлод” болалар маркази, 4-умумтаълим мактаблари жойлашган. Бу йил мазкур мактаб вилоятда энг намунали билим маскани сифатида эътироф этилди. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки мактаб ўқитувчиси Асалхон Тўйчибоева  “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” вилоят-кўрик танловида биринчи ўринни олиб республика танловида иштирок этди. Мураббийнинг 8-синф ўқувчиси Нодирбек Ҳазратқулов иқтисод фанидан вилоятда ўтказилган билимлар беллашувида иккинчи ўринга сазовор бўлди. Бир қарашда бу хушхабарлар кичкина қувончга ўхшайди. Лекин вилоят марказидан анча олис бўлган тумандан иқтидорли ўқитувчи ва ўқувчиларнинг етишиб чиқаётгани, уларнинг билим ва маҳоратлари юқори баҳоланаётгани катта воқеа, ҳайратомуз янгиликдир.

Қўқон-Жиззах автомобил йўли ёқасида, Ҳўқанди латифдан 6 километр узоқликда жойлашган Ободон массиви элнинг кўз ўнгида ўз номига муносиб шаҳарчага айланди. Яқинда бу ерда 30 та намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйлар эгаларига топширилди. Янги уйлар томон 970 метр ичимлик суви, 1,2 км электр энергияси, 800 метр газ тармоғи тортилди, мавзега кириш йўллари асфальтланди. Бу юмушларни “Фурқат қурилиш монтаж”, “Бинокор Отабек” хусусий қурилиш корхоналари бунёдкорлари адо этишди.

Навбаҳор ҚФЙ ҳудудида болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг барпо этилиши вилоятнинг кенжа туманидан кўплаб чемпионлар етишиб чиқишига имконият яратади. Шу кунларда иншоотда пардозлаш ишлари қизғин. “Фарғонакўркамводий” МЧЖ қурувчилари спорт комплексида замонавий талаблар даражасида иш олиб боряптилар.

Тумандаги 7-,10-,11- умумтаълим мактаблари капитал таъмирдан чиқарилиб, бу билим масканларида қўшимча спорт заллари қуриб битказилди. 17 умумтаълим мактабида ҳам замонавий андозаларга жавоб берадиган спорт зали фойдаланишга топширилди.

Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 40 ўринли терапия, 45 ўринлари болалар бўлимлари қурилишига 2 млрд. 200 млн. маблағ сарфланди.

Бу ҳаётбахш рақамлар шунчаки гап эмас, булар “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик” деган ҳақиқатни англашга, кеча билан бугунни қиёслашга ишорадир.

Фаровонлик, тинчлик-хотиржамлик шукронасини бугун даласида тер тўкиб меҳнат қилаётган деҳқон ҳам, оддий ёғочга сайқал бериб санъат асари яратаётган ҳунарманд ҳам, ҳозиргина дунёга келган чақалоғини бағрига олган она ҳам дилидан-тилидан қўймаяпти. Баъзан фикратга толасан. Халқимиз не-не мўъжизалар яратишга, улуғвор ишларнинг уддасидан чиқишга қодир. Мустабид тузум йилларида халқнинг бу фазилати унутилди. Ҳашаматли биноларни қуришда ислимий нақшлар, бебаҳо ганчкорлик безаклари бир ёқда қолиб бетон устунлар биноларга совуқ ва қўпол тус бериб турарди. Мустақиллик йилларида миллий-меъморий услубда гўзал кошоналар яратилдики, ўша эски тузум кайфиятини эслатувчи бинолар денгизда қалқиган хасдек ҳаётимиздан четлашди. Наққош, ганчкор, ўймакор усталарнинг меҳнати қадр ва эътибор топди. Туманнинг Шотўра қишлоғилик ёғоч ўймакори, Ўзбекистон Республикаси халқ устаси, Ўзбекистон бадиий Академияси аъзоси Муҳаммадали Юнусовнинг мустақиллик йилларида тарбиялаган шогирдлари 1000 нафардан ошиб кетди. Устазодаларнинг бешинчи сулоласига мансуб наққошнинг қўллари яратган гўзалликлар қаршисида ҳайратга тушмаган инсон бўлмаса керак. Уста кейинги йилларда республикамизнинг диққатга сазовор жойларида ижодий изланишлар олиб борди. Самарқанддаги Дониёл пайғамбар зиёратгоҳ-мажмуасида шогирдлари билан саккиз қиррали нақшинкор айвон бунёд этди. Пойтахтимиздаги Хазрати Имом мажмуасида 20 та устунли 110 метрли миллий-меъморий ечимга эга бўлган айвон қурди. Ўзбекистон Миллий боғидаги кайвонли айвонга фусун бағишлаган ёғоч устунларидаги гулгун нақшлар ўймакор устанинг  Ватанга, бағрикенг элга бўлган меҳрининг ифодасидир. Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани жоме-масжидининг айланма айвонлари, вилоятдаги “Оталар чойхонаси” ва бир нечта мажмуалар безаклари наққошнинг бетакрор ижод маҳсулидир.

Яқинда юртимизда жуда катта нуфуз билан ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммитида уста томонидан тайёрланган миллий Қўқон арава учрашув иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

2013 йилда Ўзбекистоннинг Украина давлатидаги элчихонасига уста томонидан ўзбекнинг мўъжаз кошонаси кўчириб олиб борилди, десак муболаға бўлмайди. Элчихонанинг кириш дарвозалари, миллий чорпоя айвон, сўри ва хонтахталар, Қўқон арава қадриятларимизнинг олмос қирраси янглиғ халқ ҳунармандчилигининг намунаси сифатида Ватан тимсолини, унинг истеъдодли фарзандлари борлигини эслатиб туради.

–  Менга Истиқлол имкон ва илҳом берди, – дейди Муҳаммадали Юнусов.- Мустақиллик йилларида “Уста Юсуфжон наққош” корхонасига асос солдим. Ҳозир корхонада қирқ нафардан зиёд ёғоч ўймакор усталари меҳнат қилишяпти. Чинор, ёнғоч, ўрик, қайрағоч дарахтларига обдон ишлов бериб уларни темир қалам учи билан зийнатлаб устунларни бошдан оёқ кузатиб завққа тўламан. Кайвонли айвонларни қуришда мустақил Ўзбекистон манзараларидан,  рамзларидан андоза оламан. Нега кайвонли дейсизми, бир пайтлар ана шу айвонлар остидаги  салқин, баҳово гўшада кайвони момоларимиз ўтирганлар. Вассажуфтли, қошқалам айвонлар ота-боболаримизнинг суҳбату анжуманларига хизмат қилган. Айвон ҳовузакларида 365 та майда детал, шифт айланасида 12 та юлдузсимон равоқ нақшу нигорлар билан безатилган. Шифт ўртасида қозон қопқоғиға ўхшаш ёғоч ўрнатилган. Бу ҳамиша нур сочиб турган Ўзбекистон қуёшининг ифодаси. Ҳар бир безакларга кун, ой, тўрт фасл манзарасини муҳрлашга ҳаракат қиламан.  Катта ижодий ишларимни шогирдларим Рустамжон Мирзааҳмедов, Сарвар Тоштемиров ва ўғлим Козимжон билан бирга амалга оширамиз.

Биласизми, мен юртимиз шаҳарларида муаззам бинолар остонасига нақшинкор устунларни қўйганимда беихтиёр тўлқинланиб кетаман. Йиллар ўтади. Яна қанчадан-қанча авлодлар келади. Мустақиллик пойдеворларига ўрнатилган устунлар тинчлик-осойишталик, фаровонлик, бахт ва адолат тимсоли бўлиб яшайверади. Зуриёдларим бир кун келиб мен солган нақшларга ҳайратланиб боққанида, қўлларимнинг изи қолган ёғочларга қўл теккизганларида кўнгилларида фахрланиш ҳисси туғилса ажаб эмас. Зотан, биз туйган фахрни эртага болаларимиз туяди, шундай эмасми?!

Гўзал ва бетакрор юртимизда умргузаронлик қилаётган, мустақиллик нашидасидан баҳраманд бўлиб ҳаёт завқини сураётган инсонларнинг дориломон кунларга аталган изҳорлари кўп. Фурқат туманида кечаётган байрамона жараёнлар, ҳар бир соҳадаги янгиланишлар, ана шу янгиланишларнинг ташаббускори фидойи инсонлар, оловқалб ёшлар, эл меҳрини қозонган нуронийлар ҳақида қанча ёзсак шунча оз. Муҳими фурқатликларнинг ҳаётида элу юртга муҳаббат, Истиқлолга шукроналик, ҳаётдан мамнунлик ифодаларини кўриб қувондик. Толеида порлаган юлдузлари – навқирон фарзандларига омадлар тиладик.  Bektemir

You must be logged in to post a comment Login