ЎЗБЕКИСТОНДА ТАДБИРКОРЛАРГА СОЛИҚ ЮКИ КАМАЙИБ, ДАРОМАД КЎПАЙМОҚДА

tadbirkorlikМамлакатимизда хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари фаолиятининг ташкилий ҳамда ҳуқуқий асослар яратилди. Энг муҳими, бу қонуний асослар замон талаблари асосида такомиллаштирилмоқда.

Хусусан Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Фармони соҳа тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Ушбу Фармон ижросини таъминлашда прокуратура органлари зиммасига катта масъулият юкланган.

Прокуратура органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан Бош прокуратурада мурожаатларни туну кун телефон орқали қабул қилиш маркази ва 1007 ишонч телефони ташкил этилган бўлиб, 34 та вазирлик ва идора билан тўғридан тўғри алоқа ўрнатилган. Мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан электрон назорат тизими йўлга қўйилган.

Юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда солиқ тизими ҳам тубдан такомиллаштирилаётгани туфайли унинг рағбатлантирувчи роли ортмоқда. Солиқ юки босқичма-босқич камайтирилиб, қўшимча имтиёзлар жорий этилаётгани бунинг яққол тасдиғидир. Хусусан хўжалик юритувчи субъектлар фойда солиғи, жисмоний шахслар даромад солиғи, иш берувчилар учун меҳнат ҳақи фондига нисбатан ижтимоий тўловлар каби асосий солиқлар ставкалари қисқартирилиб, қатор самарасиз солиқлар камайтирилди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кўпроқ имтиёзлар бериш тизимдаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб мазкур соҳада солиқ механизми мунтазам равишда соддалаштирилмоқда. Хусусан, Қўштепа туман прокуратураси томонидан ҳам тадбиркорлар манфатини ҳимоя қилиш борасида келиб тушаётган мурожаатлар ижобий ҳал этилиб, амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Яқинда тумандаги “Робия Маржона” оилавий корхонаси раҳбари Гулчеҳра Тошбоева прокуратурага трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти учун айрим солиқ турларидан имтиёз олиш ҳуқуқини сўраб мурожаат қилган. Мурожаат бўйича прокурор назорати ўрнатилиб, тадбиркорнинг талаби Президентимизнинг 2009 йилда қабул қилинган 1050-сонли қарори  мезонларига мос келиши аниқланди ва фуқаронинг ягона солиқ тўлови тикланди. Тумандаги очиқ мулоқотлардан бирида Муяссар Бойматова ҳам худди шундай сўров билан бизга мурожаат этди. У ўзининг “Дўрмонли чеварлар” номли корхонасининг ишлаб чиқариш фаолияти учун имтиёз сўраган. Ушбу фуқаронинг ҳам ягона солиқ тўлови бўйича ҳуқуқи тикланиши таъминланди. Яна бир фуқаро Қобилжон Валиев озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари сотиш фаолияти билан шуғулланаётганлигини айтиб, қўшимча ходим олиш юзасидан мурожаат этган. Хусусий тадбиркорнинг сўрови бўйича прокурор назорати ўрнатилди ва хусусий тадбиркорга 1 нафар ходимни ишга қабул қилишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Бу каби чора-тадбирларнинг ҳаётга кенг татбиқ этилиши юртимизда хусусий мулкни кафолатлаш пировард мақсад эканлигини тасдиқлаб турибди. Юртимизда кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолиятининг ҳар томонлама ҳимоялаб қўйилгани эса халқимиз фаровонлиги йўлидаги ислоҳотларнинг ёрқин самарасидир.

You must be logged in to post a comment Login