Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов вафот этди.

Karimov2
Бугун ўзбек халқи учун ғоят қайғули кун. Халқимиз, давлатимиз оғир жудоликка учради. Давлатимиз раҳбари, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асосчиси, биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов 78 ёшида вафот этди.
Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. Ўрта Осиё политехника ва Тошкент халқ хўжалиги институтларини тугатган. Муҳандис-механик ва иқтисодчи мутахассисликларига эга эди.
Меҳнат фаолиятини 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида бошлаган. 1961 йилдан 1966 йилгача В.П.Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, этакчи муҳандис-конструктор бўлиб ишлади.
1966 йилда Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, бош мутахассисликдан Республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди.
1983 йилда Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Молия министри, 1986 йилда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари, Республика Давлат план комитетининг раиси этиб тайинланди.
1986-1989 йиллар мобайнида Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби, 1989 йилнинг июнидан бошлаб Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби лавозимларида ишлади.
1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди.
1991 йил 31 август куни Ислом Каримов тарихий воқеа — Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди.
1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.
Ислом Каримов суверен ва мустақил Ўзбекистонни барпо этиш, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат яратиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш ишига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда бу борада матонат ва жасорат кўрсатганлиги учун «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони, «Мустақиллик» ва Амир Темур орденлари билан тақдирланган. Шунингдек, у бир қанча хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан ҳам мукофотланган.
Ислом Каримов Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси. Иқтисодиёт, илм-фан, таълим-тарбия соҳаларини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун кўплаб хорижий мамлакатлар университет ва академияларининг фахрий фан доктори ҳамда академиги этиб сайланган.
Мустақиллик ҳеч қайси халқ, ҳеч қайси миллат тарихида осонлик билан қўлга киритилган эмас. Бу ҳақиқатни чуқур англайдиган халқимиз истиқлолимизнинг қўлга киритилишида Ислом Каримовнинг ҳиссасини беқиёс деб билади. Давлатимиз раҳбарининг шу курашдаги фидойилиги, жасорати бизга ибрат бўла олади.
Ўзини оқламаган эски тузум даврида халқимиз бошидан кечирган машаққатли кунлар ва оғир синовлар бевосита Президентимиз Ислом Каримовнинг оқилона сиёсати билан босқичма-босқич ҳал этиб борилди.
Ўта таҳликали вазиятда ҳам давлатимиз ўз танлаган йўлидан – мустақиллик йўлидан қайтмади. Чунки йиллар давомида қарамликни бошидан кечирган халқимиз учун озодлик, тинч ва осойишта ҳаёт асрий орзуси эди ва бу қарамликдан, бировнинг қўлига қараб қолишдек оғир кунлардан бизни Ислом Каримов қутқарди, бизнинг, халқимизнинг асрий орзусини кафолатлаб берди.
1990 йил 23 мартда Ўзбекистонда ҳали совет давлат ҳукмронлик қилаётган даврда биринчи бўлиб Президентлик лавозимининг жорий этилгани ҳам ҳурлик, мустақиллик сари интилишнинг биринчи қадами эди. Бу борада ҳам жасур Президентимиз Ислом Каримов дадил қўйди.
Шунингдек, 1990 йил 20 июнда Мустақиллик декларациясининг қабул қилиниши ва бу билан оғир ва хавф-хатарли, ҳар қадамда пайдо бўлаётган тўсиқ ва ғовлар, турли муаммоларни бартараф этадиган, мамлакатимизнинг бугунги куни ва истиқболига жавоб берадиган, чуқур ўйланган стратегия ишлаб чиқилган эди. Бунинг асосий муаллифи ва раҳнамоси шубҳасиз Ислом Каримовдир.

Давлатимиз ўз олдига қўйган буюк мақсадларга эришишда – эркин, демократик давлат қуриш, бозор иқтисодиётига ўтиш, фуқаролик жамиятини барпо этишда, мамлакатимизни тараққий этган давлатлар қаторига кўтариш йўлида шошма-шошарлик ва пала-партиш ишларга йўл қўймади. Чунки унинг доно Йўлбошчиси – Президенти Ислом Каримов бор эди.
Чуқур маънога эга бўлган “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган ғоя асосида эл-юртимизга хос хусусиятлар, шарт-шароитларга мос бўлган, халқаро майдонда “ўзбек модели” деб тан олинган, узоқни кўзлаган йўл бизни бугунги кунда мана шундай қудратли мамлакатга айлантирди. Бу шубҳасиз, Ислом Каримов шахси билан боғлиқдир.
Давлатимиз танлаган йўл – машҳур беш принципга асосланган тараққиёт стратегияси нақадар тўғри эканини оғир синовлардан ўтиб, мамлакатимиз ривожи учун мустаҳкам замин бўлиб қолганини бугунги ҳаётнинг ўзи исботлаб бермоқда. Бунинг тасдиғини мустақилликка эришганимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб энг ўткир ва ҳал қилувчи масала – замон талабига жавоб берадиган янги авлод кадрларини тайёрлаш вазифаси мисолида яққол кузатиш мумкин. Бу ислоҳотлар, албатта Ислом Каримов томонидан амалга оширилди.
2011 йил 15 ноябрь. Президентимиз Ислом Каримов Фарғона шаҳрининг Бош режасини тасдиқлаб, Фарғона шаҳри тарихида амалга ошмаган буюк бунёдкорлик ишларини бошлаб бердилар ва бугун биз яшаётган мана шундай кўркам, замонавий ва обод шаҳар қайта барпо этилди.
Мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллик байрами арафасида қурилиши якунланган Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўлининг фойдаланишга топширилгани ҳам мамлакатимизда яхлит, мустақил ва замонавий темир йўл тизими яратилишига асос бўлди. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида биз темир йўл қарамлигидан ҳам бутунлай халос бўлдик.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида муқаддас қадамжоларимиз, тарихий обидаларимиз, дунё тамаддунига, илм-фани ривожига бемисл ҳисса қўшган буюк бобокалонларимиз номи қайта тикланди. Бухорий, Фарғоний, Замахшарий, Термизий, Марғиноний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Навоий каби улуғ аждодларимизнинг бой маънавий мероси халқимизга қайтариб берилди.
Президентимиз Ислом Каримовнинг турли йилларда ёзилган “Юксак маънавият – енгилмас куч”, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида”, “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир”, “Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак” каби ўнлаб асарлари халқимизнинг дурдона китоблари қаторидан жой олди. Миллий-маънавий меросимизга айланди.
Давлатимиз раҳбари Ислом Абдуғаниевич Каримов ўтган шанба куни шифохонага ётқизилган эди.
Чуқур қайғу билан шуни айтиш мумкинки, мазкур касаллик Сизу бизни улуғ йўлбошчимиз, раҳнамоимиз, соябонимиз, давлатимиз раҳбари Ислом Каримовдан жудо қилди.
Тинч ва осойишта кунларга эришганимиз, бугунги фаровон ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз, тўкин дастурхонимиз албатта, бир умр Ислом Каримов номи билан тилга олинади.
Халқимиз бошига тушган мусибат, қайғули кун, оғир жудолик барчамизга сабр-бардош берсин! Биз муҳтарам Президентимиз бошлаган буюк бунёдкорлик ишларини, ислоҳотларни давом эттиришга янада бардам бўлиб, жипслашиб, улуғ ишларни давом эттиришимиз керак бўлади.
Шундай қайғули кунларда бирдам бўлиш, халқимиз бошига тушган мусибатни биргаликда, ҳамжиҳатликда енгиш, барчамизга чуқур масъулият юклайди. Бу мусибат миллати ва динидан қатъий назар ўзбекистонлик ҳар бир фуқарони муҳтарам Юртбошимиз руҳини шод қилиш, У бошлаб берган эзгу ишларни, бунёдкорлик ва яратувчилик фаолиятини бардавом этиш, У орзу қилган ва тамал тошини қўйган буюк келажакни қуриш, бу йўлда ҳурматли ва буюк инсон, самимий ота Ислом Абдуғаниевич Каримов каби матонатли ва фидойи бўлишга ундайди.

Бугун мана шундай оғир дамларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Республика Олий Мажлиси Сенати, Қонунчилик палатаси, Республикамиз ҳукумати, вазирлик ва давлат идоралари, маҳаллий ҳокимиятлар барчамиздан шундай ҳаракатлар олиб боришимизни, бу оғир кунни сабот ва чидам билан енгиб ўтишимизни тиламоқдалар. Биз буюк халқмиз. Албатта, Президентимиз бошлаган улуғ йўлни янада жипслашиб давом эттирсак, ўзбек халқи ҳеч қачон ҳеч кимдан кам эмаслигини исботлаган бўламиз. Дунё ҳамжамияти олдида Президентимиз шаъну шавкатини муносиб ҳимоя қилган бўламиз.
Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти, Олий бош Қўмондон, меҳрибон ва самимий ота Ислом Каримовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

You must be logged in to post a comment Login