Шу азиз ватан барчамизники!

SHQ_0132

Дунёда мамлакатлар, юртлар кўп, аммо Ўзбекистон – ягона, мафтункор ва бетакрор. Шу юртда яшовчи ҳар бир миллат Ватанимизни янада гуллаб-яшнаши йўлида бир тану бир жон бўлиб меҳнат қилмоқда. 

Мусаффо осмон остида, осойишта ва обод юрт бағрида қўлни-қўлга бериб,  тинчлик ва дўстлик қўшиғини шодон куйлаётган қардош миллатлар чеҳрасида акс этган  табассум ҳар қандай кўнгилга қувонч, фахр ва ифтихор туйғуларини баҳш этиши, табиий. Буни  Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб, вилоятимизнинг турли ҳудудларида ўтказилаётган “Ўзбекистон – умумий уйимиз” фестивали мисолида яққол кўриш мумкин.

 “Гўзал ва бетакроримсан муқаддас  Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида жойлашган ёшлар марказида бўлиб ўтган ана шундай  байрам  тадбирида мазкур ҳудудда яшовчи кўп миллатли аҳоли вакиллари иштирок этишди.

Тадбир давомида Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган 7 та миллий маданий марказлар ўз концерт дастурларини намойиш этишди.

– Бугун барчамиз шодмиз, аҳир қувонмай бўладими, шундай тинч ва фаровон юртда яшаёттганлигимизнинг  ўзи энг  катта бахт ва омадимиздир, – дейди фестиваль иштирокчиси Руслан Ким. – Миллатим корейс бўлса-да Ўзбекистон – менинг Ватаним. Шу ўлка бағрида кўп йиллардан буён оилам билан бахтли умр кечиряпман. Қадриятларимиз, урф-одатларимиз бир-бирига ўхшаш. Энг асосийси меҳр-оқибат, саховат, яхшиликни доимо одамларга улашиб яшовчи шундай халқ билан бирга эканлигимдан мамнунман.

Анжуман давомида “Фарғона наво”, “Шалола” “Чинсу”, “Фарғона гавҳари” ансамбллари томонидан ижро этилган гўзал куй ва қўшиқлар барчага ҳуш кайфият, чексиз хурсандчиликлар улашди. Шўх қўшиқлар рақсларга уланди.

***

Фарғона туманидаги Лоғон қишлоқ фуқаролар йиғинида 12900 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда 1 та коллеж, 5 та мактаб, 1 та мактабгача таълим муассасаси бўлиб, уларда ўзбек, тожик, қирғиз, рус, уйғур каби турли миллат вакиллари фарзандлари таълим-тарбия олмоқдалар.

Ташкил этилган кўргазмада ҳам ҳар хил миллат вакиллари ҳаёти, анъаналари ўз аксини топди. Ўғил-қизларнинг ютуқлари, ясаган буюмлари тадбир иштирокчилари эътиборини тортди.

Лоғон маданият ва аҳоли дам олиш марказида ўтказилган тадбирнинг “Соғлом авлод тарбиясида миллатлараро тотувликнинг ўрни” деб номланиши ҳам бежиз эмас.

– Энг катта ютуғимиз ҳамжиҳатлик ва аҳилликда яшаётганимиздир. Бу диёрда қайси миллат вакили бўлишидан қатъий назар, бирдек ҳуқуққа эга экани, дўстлик, тотувлик ва тинчликнинг афзаллигини ёш авлод онги, қалбига сингдириш чегара ҳудудларида фаолият олиб бораётган ҳар бир педагогнинг вазифасидир, – дейди фахрий ўқитувчи Хосиятхон Раҳмонова.

– Япағи қишлоғидаги мактабда қирғиз тили ва адабиётидан сабоқ бераман, – дейди Эътиборхон Жумаева. – Болаларга тил ва адабиётдан ташқари, қирғиз ва ўзбек халқи анъаналари, урф-одатлари, қадриятларини ҳам ўргатиб борамиз. Ёшлигидан бағрикенглилик, миллатлараро ҳурмат руҳида тарбия топган боладан ёмонлик чиқмайди.

Шу куни саҳнада янграган қирғизча ашулага ўзбеклар, ўзбекча таронага тожиклар яйраб ўйнадилар. Бу эса дили ва мақсади бир бўлган халқимизнинг бир кунлик умр манзараси чизгилари эди!

***

Бағрикенг Ўзбекистонда ҳамма миллатлар ҳамфикр, ҳаммаслак бўлиб яшаётганлигимиздан ғурурланамиз. Мақсадимиз муштарак, она-юртнинг порлоқ келажагини бунёд этиш шу табаррук заминда яшаётган ҳар бир миллат вакилининг орзусидир.

Дилларни дилларга туташтирадиган маънавий кўприклар бунёд этгувчи бағрикенг халқмиз. Тинчлик-тотувлик, бирдамлик барқарор бўлган Ўзбекистон аталмиш жаннатмакон юртда истиқомат қилаётган турли элатлар бу таърифнинг нақадар тўғри эканлигини англаб етмоқдалар.

Давлатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остидаги миллатлараро тотувликни  таъминлашга қаратилган   “Ўзбекистон – умумий уйимиз!”  фестивали вилоятимизнинг чекка ва чегара ҳудудларида, шаҳар ҳамда қатор туманларда кўтаринки руҳда ўтказилди.

Фестиваль бўлиб ўтган жойлар юртимизнинг мустақиллик йилларида қўлга киритган ютуқлари, миллатлараро тотувликни акс эттирувчи кўргазмали тарғибот воситалари билан безатилди. Расмлар кўргазмаси, миллий ҳунармандчилик, амалий санъат намуналаридан ташкил топган композициялар намойиш қилинди. Тадбирларда турли миллат вакиллари фаол иштирок этдилар.

Жумладан, Қувасой шаҳри марказидаги “Камолот” ёшлар боғида ўтган тадбир эса юртдошларимизнинг қутлуғ шодиёнасига айланиб кетди.

Вилоятимизда фаолият олиб бораётган 7 та миллий маданий марказларнинг аъзолари ёшлар боғига доира садолари остида шоду хуррамлик билан кириб келдилар.

Тадбирда миллий каштачилик, гиламдўзлик, миллий таомлар кўргазмалари намойиш этилди.

– “Лашкар” маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳунарманд аёллари – Кимёхон Маматбуваева, Тожихон Ҳасанова, Зулхумор Ҳакимова, Зулхумор Ниёзоваларнинг гилам, кигиз, шолча каби жун, ипаклардан тўқиган, тиккан маҳсулотларини санъат намунасига қиёслаш мумкин, – дейди маҳалла маслаҳатчиси Ҳайитхон Қорасортова. –  Ҳа, бу маҳаллада чанқовуз чалиб, қирғизча ўланлар айтиб, урчуқ йигириб тўқима либос, ашёлар яратаётган, кўҳна миллий таомлар тайёрлаб, шогирдлар етиштираётган қўли гул, меҳмондўст аёллар истиқомат қилишади.

Қувасойнинг “Сойбўйи” маҳалласида эса 2000 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Ўзбек, тожик, қирғиз, рус, татар миллатига мансуб сойбўйиликлар шаҳарни обод этиш, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш йўлида меҳнат қилишяпти.

Рус миллий маданий маркази аъзолари шўх тарона билан концерт дастурини бошлаб бердилар. Немисча “Менинг бахтим” қўшиғи янграб, иштирокчиларни рақсга чорлади. Қўшиқлар қайси тилда жарангламасин, оҳангларда бахтиёрлик, бугунги кунидан шодлик ҳисси сезилиб турарди.

– Бизнинг бахтимиз тинч диёрда турли миллат вакиллари тотувликда яшаётганлигимиздир, – дейди Ҳувайдо номли маҳаллар фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Зиёда Аҳмедова. – Маҳалламизда мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида 25 нафар коллеж битирувчилари иш билан таъминланганлигини таъкидлашни истардим. Уларнинг 6 нафари банкдан имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик йўналишларида иш бошладилар.

19 августдан 26 августга қадар бўлиб ўтган аҳиллик ва бирдамлик байрами Истиқлол тўйи билан уйғунлашиб, кўнгилларни кўнгилларга туташтирди.

***

Ана шундай  тадбирлар Олтиариқ туманидаги  Жонибек, Бўрболиқ, Риштон туманининг Навбаҳор, Ёзёвон тунининг Қоратепа, Қўштепа туманининг Дўрмон қишлоғида ҳам бўлиб ўтди.

You must be logged in to post a comment Login