ЎЗБЕКИСТОН СПОРТЧИЛАРИ САМАРАДОРЛИГИ БЎЙИЧА РИО ОЛИМПИАДАСИДА 3-ЎРИННИ ЭГАЛЛАДИ

rio-de-janeiro

Президент Ислом Каримовнинг ташаббуси билан юртимизнинг барча ҳудудларида спорт мажмуалари бунёд этилиб, у ерларда мураббий ва шогирдлар учун барча шароитлар яратилиб берилаётганлиги бугун ўзининг ширин меваларини бермоқда. Буни Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳри мезбонлик қилаётган XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари натижаларидан ҳам кўриш мумкин.

Рио – 2016 Олимпиадасига 70 нафар спортчи билан жўнаб кетган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари спортнинг 13 тури бўйича медаллар учун баҳс олиб боришди.

Жами 206 мамлакат вакиллари иштирок этган мусобақаларда спортнинг 33 тури бўйича мусобақалар ўтказилди. Рио олимпиадасида жами 87 мамлакат ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. 59 мамлакатга олтин медаль насиб қилди.

АҚШ 121 та медаллар жамланмаси билан пешқадамлик қилган бўлса, Тринидад ва Тобаго 1 та бронза медалини қўлга киритиб, совриндорлар жадвалининг энг қўйи поғонасидан жой олди.

Олимпиадалардаги иштирокини Атланта – 1996 дан бошлаган Ўзбекистон делегацияси ўзининг 25 йиллик тарихидаги энг яхши натижасини қайд этди.

РИО

Ўзбекистон ўз ҳисобига 13 та медаль ( 4 та олтин, 2 кумуш, 7 та бронза) жамғариб, умумжамоа ҳисобида 21 ўринни эгаллади. Бу МДҲ давлатлари орасида Россиядан ташқари 1-ўрин деганидир.

123

Осиё қитъаси давлатлари орасида Ўзбекистон делегацияси доимий етакчилар ҳисобланган Хитой, Япония ва Жанубий Кореядан кейин тўртинчи натижани қайд этди.

Айтиш жоизки, мамлакатимиз терма жамоаси дунёнинг етакчи мамлакатлари бўлган Швейцария, Эрон, Греция, Аргентина, Дания, Швеция, Жанибий Африка, Украина, Польша, Бельгия, Словакия, Озарбойжон, Белоруссия, Туркия, Чехия, Португалия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Исроил, Миср каби давлатларни ортда қолдирди.

Давлатимиз 1996 йилдан бошлаб 6 маротаба ўтказилган ёзги олимпиада ўйинларида жами 33 та медаль (9 та олтин, 7 та кумуш, 17 та бронза) жамғаришга эришди.

РИО1

Эътиборли томони шундаки, терма жамоамиз аъзолари асосан мустақиллик йилларида туғилган чинакам Ўзбекистон фарзандлари. Спортчиларимизнинг мусобақалардаги иштирокида ғайрат ва шижоати, ватанпарварлиги, юрт шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишдаги ҳаракати барчанинг диққат марказида бўлди. Терма жамоамиз аъзолари бу жиҳатдан кўплаб спортчиларга ўрнак бўлдилар.

Риодаги биз учун яна бир қувонарли ҳолат миллий терма жамоамиз ғолиб ва совриндор мамлакатлардан қатнашган спортчиларининг самарадорлиги бўйича АҚШ, Россиядан кейин 3-ўринни қўлга киритди. АҚШдан 555 нафар спортчидан 121 нафари медал қўлга киритган бўлса, уларнинг самарадорлиги 21,8 фоизни ташкил этади. Россиялик 279 спортчидан 56 нафари медал олган, бу 20 фоиз дегани. Ўзбекистон жамоасида 70 нафар спортчидан 13 нафари ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. Бу эса терма жамоамиз спорчиларининг 18,5 фоизи деганидир.

Ўзбекистон бокс терма жамоаси ўз спортчилари билан иштирок этган Олимпиадаларда энг яхши натижани Куба қайд этганди. Рио—2016 да эса Ўзбекистон терма жамоаси жаҳоннинг Олимпиадада иштирок этган барча мамлакатларини ортда қолдирди ва бокс бўйича 1-ўринни эгаллади.

 рио2

Риода дунё аҳли кўп қизиқарли воқеалар гувоҳи бўлди. Ўзбекистонлик эркин курашчи Ихтиёр Наврўзов Рио—2016 Олимпиадасининг бронза медали учун мўғулистонлик Ганзоригийн Мандахнаранга қарши гиламга чиқди.

Мўғулистонлик спортчи 7:6 ҳисобида олдинда бораётган бир пайтда, аниқроғи, кураш якунига 5 сония қолганида у Ихтиёр Наврўздан қоча бошлади ва бунинг оқибатида ўзбекистонлик курашчига 1 очко берилди. Сўнгги очко устунлигини қўлга киритган ўзбекистонлик спортчи якунда бронза медалини қўлга киритди. Бу воқеага чидай олмаган Мўғулистоннинг икки мураббийси ҳакамлар ҳайъати олдига чиқиб, норозилик билдирди ва  кийимларини ечиб ташлади. Мандахнаран эса мағлубиятини тан олишдан бош тортди ва гиламни тарк этди. Шундай. Азалдан мағлубият алами аччиқ бўлади.

Яна бир қизиқ ҳолат шуки, кўплаб спортчилар ўз мамлакатлари сафида эмас, бошқа юртлар шаънини ҳимоя қилди. Ҳамюртимиз Фазлиддин Ғойибназаров билан бокс бўйича ўтказилган баҳсларнинг финал босқичида рингга чиққан озарбойжонлик Лоренсо Сотомайор асли 1985 йил 16 февралда Кубанинг Гавана шаҳрида дунёга келган. 2000 йилдан ўз фаолиятини бошлаган боксчи 2008 йилда Кубада ўтказилган мамлакат чемпионатидан з-ўрин, 2009 йилда  1-ўрин, 2012 йилда 3-ўринни қўлга киритган. Шундан сўнг, Лоренсо Озарбойжон фуқаролигини қабул қилган ва шу давлат шаънини ҳимоя қилиб келмоқда.

Яна бир худдий шундай ҳолат Италия терма жамоаси таркибида ҳам кўриш мумкин. Эркин курашчи Франк Чамисо асли 1992 йилда Кубанинг Матансас шаҳрида туғилган. Куба терма жамоаси таркибида 2010 йил жаҳон чемпионатида бронза медали ҳамда Панамерика ўйинларида олтин медални қўлга киритган. 2013 йилдан буён эса Италия шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Бунда чинакам ватанпарварлик қани? Қани ўз юрти шаъни учун курашиш ҳисси? Бу давлатлар бошқа мамлакатда туғилган спортчиларни қандай қилиб болам, дейди? Майли, бировнинг шахсиятини ревизия қилиш ниятимиз йўқку, лекин спортни бозорга айлантирмаслик керак.

Энг асосийси, ким қайси мамлакатдан спортчи жалб этмасин, бизнинг спортчиларимизга албатта, ютқазди. Лоренсо Сотомайор дейсизми? Фазлиддин униям ютди. Бизнинг спортчиларимиз астойдил майдонга тушса, рақибнинг қаерда туғилганлигидан фарқи йўқ, барибир ютади.

Хорижда ўтириб Ўзбекистонга маломат тошини отадиган айрим одамлар бу натижаларни кўриб хулоса чиқаришса яхши бўларди. Ўзбекистон қисқа йиллар ичида кимлигини ва нималарга қодирлигини исботламадими? Исботлади! Дунёнинг 200 дан зиёд мамлакати ичида энг осойиштаси, одамлари кўчада хотиржам юрадигани Ўзбекистон эмасми? Ўзбекистон! ҳамма эътиборида бўлган, дунёнинг гегемон давлатларига энг керакли ҳисобланган ва шу боис ҳамма ўз манфаатини ўтказиш учун тошлар отилаётган юрт Ўзбекистонмиди? Ўзбекистон! Лекин ҳеч кимнинг йўриға юрмасдан, ўз йўлида собитқадам, танлаган йўлидан қайтмайдиган, Юрти ва Юртбошиси билан фахрланадиган диёр Ўзбекистон-а? Ўзбекистон! Келинг, барчамиз ушбу Аллоҳнинг назари тушган юртга кўз тегмасин, деймиз!

Русланнинг, Ҳасанбойнинг, Шаҳобиддиннинг, Фазлиддиннинг жасоратидан, Бектемирнинг, Шаҳрамнинг шижоатидан, Диёрбекнинг, Элмуроднинг, Рустамнинг, Магомеднинг, Муроджоннинг, Ихтиёрнинг, Ришоднинг ғайратидан берсин, сизларга ҳам!

 

You must be logged in to post a comment Login