Бектемир финал йўлланмасини қўлга киритди

bekki

Қатарнинг Доҳа шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасидаги 18-жаҳон чемпионатида мамлакатимизнинг уч нафар вакили финалга чиқиб Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳри мезбонлик қилаётган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритишган эди. Қувонарлиси, улар сафида  вилоятимизнинг энг умидли боксчиси, Фурқат туманининг Шойимбек қишлоғида униб ўсган Бектемир Мелиқўзиев ҳам бор эди.

Президент Ислом Каримовнинг ташаббуси билан юртимизнинг барча ҳудудларида спорт мажмуалари бунёд этилиб, у ерларда мураббий ва шогирдлар учун барча шароитлар яратилиб берилаётганлиги бугун ўзининг ширин меваларини бермоқда. Шу боис юртимизнинг чекка қишлоқларидаги истеъдодлар ҳам рўёбга чиқмоқда. Бугун нафақат Осиё қитъаси балки жаҳон бокси осмонида ёрқин порлаётган Бектемир Мелиқўзиев эришаётган ютуқлар замирида ҳам шу юксак эътибор мужассамдир.

– Кўпчилик мендан ўғлингиз эришаётган ютуқларнинг сири нимада, деб сўрайди, – дейди Бектемирнинг отаси Рўзимуҳаммад ака Мелиқўзиев. – Мен уларга фарзандим эришаётган ютуқларнинг сири Президентимизнинг Бектемир каби ёшларга бўлган ишончи ва эътиборида, деб жавоб қайтараман. Чунки ўтган йили Конституциямиз байрами арафасида муҳтарам Юртбошимиз ўғлимнинг камтарона ютуқларини эътироф этиб, “Шуҳрат” медали топширдилар ва Олимпиада чемпиони бўлишини тиладилар. Ушбу юксак эътироф фарзандимнинг иштиёқини янада кучайтириб юборди. Ушбу эътиборга жавобан Бектемир ўз олдига жиддий вазифа қўйди. Буни амалга ошириш учун эса бир қадам қолди. Бутун маҳалладошларимиз, юртдошларимиз Бектемирни чемпион бўлишини тилаб дуодалар. Мен бундан жудаям бахтиёрман.

Таниқли бокс мутахассиси Рустам Мажидовнинг таъкидлашича, Бектемир дунё бокс оламига шиддат билан кириб келди. 2014 йил унинг спорт фаолиятида юксалиш ҳамда ёрқин ғалабалар даври бўлди. Бектемир 2014 йил давомида ўсмирлар ўртасидаги барча мусобақалар – “Баркамол авлод” ўйинлари, мамлакат, Осиё, Жаҳон чемпионатларида ғолиб бўлди. Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Олимпиада ўйинларида зафар қучди. Катталар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида олтин медалга эга чиқиб, асосий терма жамоамизга таклиф қилинди.

Ҳайратланарли жиҳати шундаки, катталар миқёсидаги мусобақаларда ҳам Бектемир 75 кг. вазн тоифасида ғолибона юришини давом эттирмоқда.

Рио олимпиадасининг 1/8 финал баҳсларида Австралия спортчиси Даниэл Льюисга қарши рингга чиққан Бектемир, ҳар учала раундни ҳам ўз фойдасига ҳал қилди. Чорак финал жангини ҳиндистонлик Викаш Кришан Ядавга қарши ўтказган Бектемир рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва ярим финал баҳсида мексикалик Мисаел Узиел Родригесга қарши жанг олиб борди ҳамда ишончли ғалабани қўлга киритди. 

Бектемир биринчи раунддан бошлаб рақибга кучли ва аниқ зарбалар йўллай бошлади ва жангни фаол бошлашга уринган Родригеснинг шаштини пасайтириб қўйди. Унинг устунлиги баҳс давомида сезилиб турди. Ҳакамлар ҳам бунги эътироф этишди — 3:0 (30:27, 29:28, 30:27).

Мелиқўзиев финалда кубалик Арлен Лопесга қарши рингга кўтарилади. Бу жанг 20 август куни бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Бектемир Мелиқўзиев 2015 йилда Осиёнинг энг яхши чарм қўлқоп устаси деб топилган.

You must be logged in to post a comment Login