НЬЮ-ЙОРКДА ВАТАНДОШЛАРИМИЗ ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИНИ НИШОНЛАШДИ

001

27 декабрь куни Бруклиндаги “National” ресторанида UzbekTvNewYork жамоаси ташаббуси билан юртдошларимиз янги йил шодиёнасини кутиб олишди.

Файзли хонадонларимизга янги йил қадам қўйиб, эски йил умримизнинг бир бўлагини ўзи билан тарих қатларига олиб кетишига саноқлар кунлар қолмоқда. Шукрки, 2013 йил тарих саҳифаларига бой берилган йил сифатида эмас, Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган салмоқли давр сифатида муҳрланмоқда. Кўзлаган буюк манзилимиз сари қўйилган яна бир муҳим қадам бўлди. Тўғри йўлдан, ҳақ сўздан қайтмаган улуғ аждодларимизга муносиб бораётганимизни бутун дунё олдида яна бир карра исботладик.

Ўтган фурсатларда кўп нарса ўзгарди, қанчадан-қанча воқеалар рўй берди. Бу ўзгаришларни мамлакатимиз миқёсида ҳам, ҳар бир инсон ҳаётида ҳам кўриш мумкин. Ўтаётган йил барака йили сифатида тарихимиздан ўчмас ўрин эгаллайди. Пахтадан, ғалладан мўл ҳосил кўтарилди. Деҳқонларимизнинг кўнгли ҳам, омбори ҳам тўлди. Бу йил юртимиздан парвардигор марҳаматини аямади, тўкинчилик йили бўлди. Ҳар қандай муваффақият замирида меҳнат ва шижоат ётади.демак якун топаётган йилда ўзгача иштиёқ ва ғайрат, умид-ишонч билан ҳамжиҳатликда меҳнат қилинди.

Эришилган натижаларни биргина “ютуқ” деган сўз билан ифодалаш камлик қилади. Уни тўлиқ ҳис қилиш учун ўзимиздаги, оиламиздаги, қўни-қўшниларимиз, барча ватандошларимизнинг ҳаётидаги катта-кичик ижобий ўзгаришларни кўз олдимизга келтиришимиз кифоя. Айни шу йилда кимнингдир хонадонида чақалоқ дунёга келди, кимдир бобо, кимдир момо бўлди, кимгадир талабалик бахти насиб қилди, кимдир илмий даража олди, кимдир спорт ёки санъат соҳасида зафар қучди, кимдир оила қурди. Буларнинг барчаси кечаётган улкан юксалишларнинг кичик суратлари, бошқача айтганда, Ўзбекистон аталган азим дарёнинг ҳаётбахш ирмоқларидир.

UzbekTvNewYork жамоаси шуларни инобатга олиб, Америкада яшаётган қоракўз ватандошларимиз билан янги йилги биргаликда сарҳисоб қилишди. Ўйин-кулги, рақс, шеърхонлик бўлди, миллий қўшиқлар янгради.

Тадбирда «Туркистон-Америка» асоциацияси президенти Абдулла Хўжа ватандошларимизни ҳамжиҳатликка чорлаб, барча-барчани кириб келаётган янги йил билан табриклади. Омад ва зафарлар тилади.

002

Шу куни Юртдошларимиз яйраб дам олишди. Бағри бут ўзбекистонликлар яна бир йилни узоқ океан ортида бирга нишонлашди ва дийдор кўришишди. Сизларга дийдор ва кириб келаётган 2014 йил муборак бўлсин, азиз ҳамватанлар!

You must be logged in to post a comment Login