ЧЕМПИОНЛИК СЎЗИМ – ИШОНЧНИ ОҚЛАЙМИЗ!

QMM_0274

Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Амалга ошираётган ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти қуриш–ёруғ келажагимизнинг асосий омилидир” номли маърузасикорхона ва ташкилотларда, ўқув муассасаларида кенг ўрганилмоқда. Маъруза таъкидланган масасаларнинг бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга эканлиги, олдинда турган вазифаларни белгилаб бериши билан аҳамиятлидир.

– Дарҳақиқат, биз ёшларга билим олиш, изланиш, янгилик яратиш учун кенг имкониятлар яратиб қўйилди, – Фарғона Олимпия захиралари коллежи ўқувчиси, таэквондо бўйича Осиё чемпиони Ғанижон ҲУРИЛБОЕВ. – Мен Фарғона Олимпия захиралари коллежининг 2-босқичида таълим оляпман.  Спортнинг таэквондо тури билан ёшлигимдан буён шуғулланаман. Коллежимизда ўқиш, шуғулланиш учун барча шароитлар муҳайё. Машғулот заллари кенг ва замонавий спорт воситалари билан тўлиқ таъминланган. Ўқувчиларга тажрибали, талабчан устозлар мураббийлик қилмоқда.Шу йилнинг ёз ойида Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларида қатнашиб, фахрли 1- ўрин ва олтин медаль соҳиби бўлдим. Нуфузли халқаро мусобақаларда халқимиз ва Президентимизнинг доимий эътибори, ғамхўрлигини ҳис қилиб тураман.Бу туйғу бурчимизни сидқидилдан адо этишда куч-ғайрат бахш этади. Ҳар йили коллежимиздан турли мусобақаларда қатнашиб, чемпион деган шарафли номга сазовор бўлган тенгдошларим кўпчиликни ташкил этади. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “… ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом, ҳеч кимдан кам бўлмасдан, бошини баланд кўтариб яшайдиган, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга, халқимиз интилаётган келажаги буюк давлат барпо этишга қодир бўлган баркамол авлод…” бўлиш барча ёшларга катта масъулият юклайди. 2016 йилда Бразилияда ўтказиладиган Олимпиадада муносиб қатнашиб, юртимиз байроғини баланд кўтаришга  куч-ғайратимни аямайман.  Ёруғ юз билан қайтиб, устозлар ишончини оқлашга ваъда бераман.

You must be logged in to post a comment Login