ЮРТИМНИНГ ҲАР ГЎШАСИДА БАЙРАМ ШУКУҲИ

JMJ_4003

Шу кунларда она Ватанимизнинг қай бир гўшасига, шаҳар ва қишлоғига борманг, бунёдкорлик ва ободликка, байрам шодиёналарига гувоҳ бўласиз. Ана шундай хуш кайфият, юксак кўтаринкилик Бағдод туманида ҳам ҳукмрон.

Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, Карима Ашурованинг “Бағдод ва бағдодликлар” номли китобига ёзган сўзбошисида ўзи туғилиб ўсган туман ҳақида шундай ёзади: “Бағдодликлар тинч-осойишта, ҳалол меҳнат билан кунини кўрадиган, қаноатли одамлармиз. Боғдорчиликка, полиз юмушларига, деҳқончиликка у қадар уста бўлмасак ҳам, гапга устамиз, қурилишга устамиз, курашга устамиз. Биздан кўплаб донгдор шахслар, олим-у спортчилар етишиб чиққан”. Дарҳақиқат, бундай таъриф меҳнаткаш ва соддадил бағдодликларга айни топиб айтилгандек.

Туманда истиқлолимизнинг қутлуғ 25 йиллик байрамига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Қишлоқ ва маҳаллаларда  «Гўзал ва бетакроримсан муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» шиори остида «Мустақиллик шукронаси» оқшом маданий-маърифий тадбирлари ўтказилмоқда.

Бағдод шаҳарчасида бўлиб ўтган тадбирда ҳам  маҳалла аҳли, дилбар ва мунис аёллар, болалар  мириқиб дам олдилар.  Ўзбекистон Республикасида  хизмат кўрсатган актёрлар – Мадина Тўхтаева, Жумадулла Раметов  ва актриса  Раъно Шомирзаевалар кечага янада файз киритишди. Сўз усталарининг бири-бирини такрорламас чиқишлари,  пайровлари,  қўшиқчиларнинг дилтортар наволари барчага байрам кайфиятини улашди.  Бундай файзли оқшомлар  туманнинг 57 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бир кўчасида, гузарларда ўтказилмоқда. Байрам муносабати билан ҳунармандларнинг кўргазмалари, спорт мусобақалари, кўрик-танловлар ташкил этиляпти.

Маҳалламиз аёлларининг кўзларида севинч, шодлик порлайди, – дейди Бағдод шаҳарчасида истиқомат қилувчи фуқаро Саноатхон Хусанова. – Ишдан сўнг оиламиз билан сайрга чиқамиз. Кундан кунга чирой очиб бораётган туманимизнинг гўзаллигини, юртдошларимизнинг бахтиёр чеҳрасини кўриб, шодланамиз.  Истиқлол бизга ана шундай тинч ва осуда, фаровон яшаш бахтини насиб этди.

 Бағдодликлар туман маркази, қишлоқ ва маҳалаллар кўркам, обод масканга айланаётганидан бениҳоя қувонишмоқда. Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан туман марказида янги ҳиёбон қуриб, битказилди. Махсус йўлакларга плиталар ётқизилди, кўкаламзорлаштирилган майдон ўртасига фаввора ўрнатилди. Аҳолининг мазмунли дам олиши  учун  музқаймоқ ва салқин ичимликлар сотиш шоҳобчаси фаолияти йўлга қўйилди.  Эрта баҳорда йўл четларига 13661 туп терак,  250 туп каштан, 508  туп қрим соснаси, 100 туп мажевеник кўчатлари, мевали дарахтлар ҳамда гуллар экилди.

Тўйга тўёна билан, деганларидек бағдодликлар байрамни муносиб кутиб олиш мақсадида бел боғлаб, астойдил ҳаракат қилмоқдалар. Айниқса, тиббиёт бирлашмасига қарашли иншоотлар кўркам қиёфа касб этмоқда. Беморларни амбулатор шароитда даволаниши учун 150 ўринга мўлжалланган янги бино бунёд этилди. 100 ўринли туғруқхона мажмуаси, 45 ўринли  юқумли касалликлар, 60 ўринли  болалар бўлимлари, 30 ўринли шошилинч тез тиббий ёрдам маркази, 30 ўринли режали жарроҳлик, 80 ўринли даволаш бўлимларида таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда. Йил якунигача тугатилиши кўзда тутилган бу қурилишларда юзлаб бунёдкорлар, бағдодлик моҳир қурувчилар меҳнат қилмоқдалар. 

  Тумандаги  16,1 км  узунликдаги  25 та кўчалар таъмирланиб, тартибга келтирилди. Қўшчинор, Бирдамлик,  Мустақиллик, Орзу, Обод, Ипак йўли, Оқ олтин, Истиқлол кўчалари бўйидаги бино ва нотурар  объектлар пардозланиб, коммуникация тизимлари ҳам созланди. Гулзорлар барпо қилиниб, ичимлик суви тармоқлари таъмирланмоқда. 

Мустақиллик  барча соҳаларда улкан ўзгаришлар олиб келди, – дейди “Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси  Тўлқинжон Каримов.  – Таълим соҳасида 50 йил  фаолият кўрсатдим.  Илк бора иш бошлаган кезларимда бундай имкониятлар йўқ эди.  Мустақиллик йилларида туманимизда мактаблар сони 35 тадан 52 тага етди. Иқтидорли болалар таълим олишлари учун 3 та ихтисослашган мактаб-интернати фаолият юритмоқда. Илгарилари кичкина, тор бинода жойлашган, тўгарак машғулотлари турли мактабларда ўтказиладиган 16-мусиқа ва санъат мактаби эса замонавий андозадаги, кўз кўрса қувонадиган бинога кўчирилди. 

Бағдодда санъатга ошуфта инсонлар кўп топилади. Шу боис тумандаги Тонготар қишлоғида яна бир янги мусиқа ва санъат мактаби қурилмоқда. Бу эса мусиқа илмига ихлоси баланд ёшларни чин маънода қувонтириб юборди. Мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами арафасида  фойдаланишга топшириладиган санъат масканидан кўплаб эл танийдиган санъаткорлар етишиб чиқади.

Туманда болалар спортини ривожлантириш ишларига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Турсунали Астанақулов раҳбарлик қилаётган “Турсунмуҳаммаддиёр” карате-до спорт марказида юзлаб ўғил-қизлар спорт сирларини пухта ўрганишмоқда. Мазкур мактаб тарбияланувчилари вилоят ва республика, ҳатто халқаро мусобақаларда ҳам яхши натижаларга эришмоқда.

Асадбек Солижонов тумандаги 17-умумий ўрта таълим мактабининг 4-синфида ўқийди. Кичкиналигида бироз нимжон бўлган болакайни бобоси Солижон Бобоназаров мактабда ташкил этилган таэквондо (ВТФ) спорт тўгарагига олиб бориб адашмаган экан. Асадбек тез орада соғлигини тиклаб, моҳир спортчига айланди. Яқинда Термиз шаҳрида спортнинг шу йўналишида бўлиб ўтган “Алпомиш” кубоги учун Республика очиқ чемпионатида фахрли биринчи ўринни  қўлга киритди.  Асадбек каби спортга меҳр қўйган минглаб ўғил-қизлар тумандаги спорт мактаблари, тўгаракларда бўш вақтларини мазмунли ўтказишмоқда.

Бугун мамлакатимизда тадбиркорлик соҳаси жадал ривожланяпти. Бағдодликлар ҳам бу борада яратилаётган имтиёз ва имкониятлардан самарали фойдаланишмоқда.

“Ягона дарча” марказининг ташкил этилиши айниқса, бу борадага ишлар кўламини янада кенгайтирди. Жорий йилнинг ўтган  олти ойи давомида марказга 1044 та ариза ва мурожаатлар келиб тушган. Мазкур аризалар белгиланган тартибда ўрганиб чиқилиб, 612 нафар фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўхатдан ўтказилди. Шунингдек, 315 та юридик шахс янгидан, 45 таси қайта рўйхатдан ўтди. 72 та турли хил давлат хизматлари бўйича тушган муожаатлар ҳам ижобий хал этилди.

 Тадбиркор Фурқат Бердалиев ҳам бугунги имкониятлардан унумли фойдаланиб барака топаётган юртдошлармиздан бири. У Бағдод тумани томорқаларида кўп экиладиган қалампир экспортини йўлга қўйди. Ўзи ташкил қилган хусусий фирма томонидан қалампирнинг аччиқ, ширин навларини, қуритиб, қадоқлаб экспорт қилмоқда. Жорий йилнинг 6 ойи давомида 79 минг долларлик маҳсулотлар Украина, Россия давлатларига сотилди. Натижада, 10 та ишчи ўринлари яратилиб, коллеж битирувчилари иш билан таъминланди. Бугунги кунда фирма томонидан қалампир далалари ташкил  қилинган. 12-16 июл кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган мева-сабзавот халқаро ярмаркасида қатнашган тадбиркор ўз маҳсулотларини янада кўпроқ давлатларга сотиш бўйича ўзаро келишувларга ҳам эришди.

Туманда аёл тадбиркорлар сони ҳам сезиларли даражада ортиб бормоқда. “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлинмаси томонидан шу йўналишда ташкил этилган семинардан сўнг 24 нафар хотин-қизлар аъзоликка қабул қилинди ва уларга банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди. Натижада улар бешта йўналиш бўйича ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйдилар. Бу билан туманда фаолият юритаётган тадбиркор аёллар сони 200 нафардан ошиб кетди.

Ана шундай тадбиркор аёллардан бири Нилузар Тешабоева. У  раҳбарлик қилаётган “Лазиз Нилузар” оилавий корхонасида 25-30 турдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. 10 нафардан зиёд ходимлар меҳнат қилаётган оилавий корхонанинг келажакдаги режалари янадада катта. Корхона ишчиларининг аксарияти эса касб-ҳунар коллежи битирувчиларидир. 

Сулаймон Умаров бағдодлик миришкор боғбонлардан бири. У 2003 йилда “Сухробжон Сулаймонов” номли боғдорчилик фермер хўжалигига асос солганди. Соҳага берилаётган юксак эътибор мазкур фермер хўжалиги фаолиятида ҳам улкан ютуқларга пойдевор бўлди.

– 2 йил илгари 5 гектар ерда интенсив боғдорчиликни йўлга қўйгандик, – дейди боғбон. – Дашт ерларида сув бир оз танқисроқ бўлади. Шу боис бугунги кунга келиб 10 гектар боққа томчилатиб суғориш агротехникасини ўргандик. Ҳосилдорлик эса кўзлаганимиздан зиёда бўлмоқда. Ўтган йили 50 тонна хўл ва қуруқ мева сақловчи омбор қурганмиз. Бу йилги даромадимиздан 300 тонналик музлаткичли омбор қуриш ниятимиз бор.

Туманда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Туман ҳокимлиги томонидан 11 та бўлим ва 68 та банддан иборат туман ҳудудий дастури қабул қилинган ва унда кўзда тутилган мақсад ҳамда вазифаларни амалга ошириш учун 37 миллиард 857 миллион 600 минг сўм ва 46.8 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланиши белгиланган. Ҳозирда ҳудудий дастурда белгиланган вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Биргина апрел ойининг ўзида тижорат банклари томонида аёллар ва битирувчи қизлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун 615 миллион сўм кредит маблағлари ажратилди.

Мустақиллигимизнинг ўтган 25 йили давомида туман ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётида юз берган ижобий ўзгаришлар, эришилган ютуқлар содда ва самимий, меҳнаткаш ва дилкаш бағдодликларнинг ўзаро аҳиллиги, фидойилиги самарасидир. Нуронийлари шукрона ва дуода, ёшлари ғайрат-шижоат билан янги-янги зафарларга отланаётган туман аҳли  ҳуш кайфият билан энг улуғ айёмни қаршиламоқда. Зеро, осуда юртга, кўнгли хотиржам одамларга байрамлар ярашади. 

You must be logged in to post a comment Login