ЎЗБЕКИСТОНДА 180 ТУРДАН ЗИЁД МЕВА-САБЗАВОТ 80 ДАН ОРТИҚ МАМЛАКАТГА ЭКСПОРТ ҚИЛИНМОҚДА

мева

Ўзбекистонда Президент Ислом Каримовнинг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида соҳани янада ривожлантириш истиқболлари аниқ белгилаб берилди. Мазкур қарорнинг мамлакатда мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотлари етиштиришни янада ривожлантириш ва бу маҳсулотлар экспортини оширишдаги аҳамияти ниҳоятда катта.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қарор билан бугунги босқич учун пойдевор яратилди. Бунинг самарасида қишлоқ хўжалиги экинларидан ҳар йили мўл ҳосил олинмоқда. Ўтган йили 12 миллион 592 минг тонна сабзавот ва картошка, 2 миллион 731 минг тонна мева, 1 миллион 850 минг тонна полиз маҳсулотлари, 1 миллион 556 минг тонна узум етиштирилди. Сўнгги йилларда қарийб 100 минг гектарда мевали боғ ва токзорлар барпо этилди. Кейинги уч йилда 22 минг гектардан зиёд майдонда илмий асосланган интенсив боғ ташкил қилинди. Селекционерларимиз яратган иқлим шароитимизга мос, қурғоқчиликка, касаллик ва зараркунандаларга чидамли сабзавот, полиз экинлари ва картошканинг 170 дан ортиқ нави, мева ва резавор экинлар ва узумнинг 175 нави парваришланмоқда. Бунда пахта майдонлари қисқариб, мева-сабзавот, полиз ва узум етиштиришга ихтисослашган майдонларнинг кенгайиши муҳим аҳамият касб этмоқда. Етиштирилган маҳсулотни сифатли сақлаш ва бозорларимизга узлуксиз етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2015 йилда 77 минг 800 тонна сиғимга эга бўлган 114 янги совутиш камераси ташкил этилди ва модернизация қилинди. Бу 830 минг тоннадан зиёд мева-сабзавотни сақлаш, бозорларимизда нархнинг бир меъёрда бўлишида муҳим ўрин тутди. Бозорларимиздан қишин-ёзин мева-сабзавот узилмайди.

2015 йилда мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун БМТ томонидан мукофотланган 14 давлатдан бири бўлгани ҳам бежиз эмас. Мамлакат қишлоқ хўжалиги шу даражада ривожландики, бугунги кунда Ўзбекистон халқининг озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёжини тўла таъминлаб, уларни экспорт қилиш салоҳияти янада кенгайди. Экспортнинг ўзига хос тартиблари бор. Маҳсулот вақтида йиғиб олиниши, яхши сақланиши, қадоқланиши ва харидорга сифатли етказилиши керак. Бунинг учун замонавий инфратузилма, яхлит комплекс зарур. Президентнинг мазкур қарори ушбу маҳсулотларни етиштириш, ишлаб чиқариш ва харид қилиш бўйича ягона тизимни шакллантиришга қаратилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича дунё бозорида етакчи мавқега эга. Хусусан, ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунёдаги етакчи ўн давлат қаторида туради. Халқимиз эҳтиёжидан ортиқча 180 турдан зиёд мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар АҚШ, Япония, Таиланд, Индонезия, Мўғулистон, Саудия Арабистони, Россия, Словакия сингари 80 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда.

Ҳозирги кунда экин майдонлари оптималлаштирилиб, ҳосилдорликни оширишга эътибор қаратилмоқда. Янги боғ ва токзорлар барпо этилиб, уларга селекционер олимларимиз яратган ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, қурғоқчиликка, касаллик ва зараркунандаларга чидамли навлар экилмоқда. Бундай ишлар натижасида 2020 йилга бориб картошка етиштириш 35 фоизга, сабзавот 30, мева ва узум 21,5 фоизга ошиши кутилмоқда. Қарорда ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини комиссия шартномалари асосида экспорт қилишда комиссия хизмати учун тўлов миқдори 1 фоиздан ошмаслиги белгиланган. Дунё амалиётида бу шартнома қийматининг 10 фоизигача етиши кузатилади. Мамлакатимизда бу тўлов 1 фоиз қилиб белгилангани деҳқон, фермер хўжаликлари ва агрофирмаларимиз учун катта қулайликдир.

Фарғона вилоятида ҳам мева-сабзавот йўналиши ривожи учун 392 гектарлик майдонда 64 та лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган бўлиб, бу борадаги изланишларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 14,5 млрд.сўм маблағ йўналтирилади. Натижада, 404 нафар аҳолининг бандлиги таъминланади.

Узумчилик йўналишида белгиланган лойиҳалар учун 25,6 млрд.сўм маблағ ажратилмоқда. 281 гектарлик майдонда парваришланадиган боғларда 138 нафар маҳаллий аҳолини меҳнатидан кенг фойдаланилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарор фермер ва деҳқон хўжаликлари, тадбиркорлик субъектларига янги имкониятлар яратиши билан бирга, жаҳон бозорида Ўзбекистон брендининг шуҳрати янада ошишида муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон яқин йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уни экспорт қилишда дунёнинг энг илғор мамлакатларидан бирига айланиши шубҳасиз.

You must be logged in to post a comment Login