ХАЛҚАРО САРМОЯДОРЛАРНИНГ ИШОНЧИ ОРТМОҚДА

саноат

Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Зеро, соҳа вакилларига берилаётган қатор имтиёзлар уларнинг истиқболли лойиҳалари рўёбига кенг йўл очиб, аҳолининг импорт ўрнини босувчи маҳсулотларга бўлган эҳтиёжи тўлиқ таъминланиши ҳамда жаҳон бозорига дадил кириб бораётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сони йил сайин кўпайишига хизмат қилаётир. 

Хусусан, жорий йилнинг уч ойи давомида Фарғона вилоятида саноат маҳсулотлари тайёрлаш ҳажми 13,3 фоиз ўсди. Бинобарин, 108,7 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлар 100 га яқин давлатларга экспорт қилинди. Таққослаш учун мисол: 1991 йилда Фарғона вилоятида атиги бир нечта  экспортчи корхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб, чет эл инвестицияси иштирокидаги ишлаб чиқариш субъектлари сони 120 тага етди. 

Ўзининг иқтисодий салоҳияти, юқори сифатли маҳсулоти, юксак малакали кадрлари билан мамлакатимиздан ташқарида ҳам яхши маълум бўлган бундай корхоналар нафақат вилоят, балки республикамиз саноатининг ҳам негизини белгилаб беради.

Мустақиллик йилларида Фарғона вилоятида кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида катта ҳажмда капитал қурилиш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Айниқса, охирги 8 йил давомида вилоят республикамизнинг энг йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётган ҳудудларидан бирига айланди.

Ҳозирги кунда вилоятда 36 та йирик саноат корхонаси самарали фаолият кўрсатмоқда. Улар сирасида “Фарғонаазот” акциядорлик жамияти, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи акциядорлик жамиятлари ва «FARG’ONA KIMYO ZAVODI»ни алоҳида эътироф этиш мумкин.

Хусусан, «FARG’ONA KIMYO ZAVODI» янги ташкил этилиб, корхонада 505 та ишчи ўрни яратилди.

Корхонанинг асосий инфратузилма объектлари эски ҳудудда жойлашганлиги ва демонтаж этилганлиги сабабли, асосий вазифа янги целлюлоза ишлаб чиқариш ҳудудида инфратузилма объектларини қуришга йўналтирилди.

Целлюлоза ишлаб чиқариш цехида 2000-2002 йилда ишлаб чиқарилган Германия давлатининг «UNIONMATEX Industrianlagen GmbH»и «JOSEF MEISSNER GmbH & Co» технологик фирмаларининг линиялари ўрнатилган.

Бугунги кунда икки турдаги 10 хил навга эга пахта целлюлозаси ишлаб чиқарилмоқда. Янги ташкил этилган ҳудудда бугунги кунда пахта целлюлозасидан ташқари этилланган техник спирт ишлаб чиқариш цехи мавжуд.

Корхона Ўзбекистон ва МДҲ давлатлари ичида пахта целлюлозаси ишлаб чиқарувчи йирик ташкилотлардан ҳисобланади.

Умуман қайд этиб ўтиш жоизки, Ўзбекистонда 1-чоракда хорижий сармоя кўмагида 109 та корхона ташкил этилди.

Улардан Тошкент шаҳрига 78 та, Тошкент вилоятига 9та, Самарқанд ва Сирдарё вилоятига 4 тадан корхона тўғри келади.

Хусусан, Россия Федерацияси резидентлари иштирокида 21 та, Хитой Халқ Республикаси – 20, Корея Республикаси – 10, Қозоғистон Республикаси – 9, Буюк Британия – 8, Туркия Республикаси – 7 ва Ҳиндистон Республикаси резидентлари иштирокида 5та корхона ташкил этилди.

2016 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда хорижий валюта иштирокида фаолият юритаётган корхоналарнинг умумий сони 4,9 мингтага етди.

You must be logged in to post a comment Login