ЧЕТ ТИЛЛАРИНИ ЎҚИТИШГА АЛОҲИДА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛМОҚДА

Президент Ислом Каримовнинг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ёшларнинг хорижий тилларни ўзлаштириш даражасини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Инглиз тилини ўргатишнинг энг самарали усули сифатида инновацион технологиялардан фойдаланиш узоқ йиллардан буён дунё тажрибасида самарали қўллаб келинмоқда. Технологияларнинг ҳаётимизга кириб келиши замонавий ўқитувчининг ўқитиш жараёнидаги ролини тубдан ўзгартирди ва анъанавий усуллардан фарқли равишда таълим жараёнининг марказига ўрганувчини олиб чиқди.

Энг аввало аудио ва кўргазмали анимациялар ўрганувчига бир қолипга ва муҳитга тушиб қолган анъанавий усуллардан кўра кўпроқ маълумот ва ўрганилаётган мавзуга алоқадорлик ҳиссини беради.  У ёки бу диалогни ўқиб таржима қилиш ўрнига, икки дўстнинг суҳбатлашаётгани видеолавҳа сифатида кўрсатилса, ўқувчи ўзини ўша вазиятга қўйиб кўришга ҳаракат қилади. Вазият ҳамда суҳбатни тушунишга интилиш орқали ўрганувчининг тил ўрганишга бўлган қизиқиши ортади.

Анъанавий усулларда барча эътибор тил қоидалари, функциялари, сўзларнинг маъноси ва ясалишига қаратилиб, ўрганувчи тилни мулоқот воситаси эмас, мураккаб тузилма сифатида қабул қиларди ва бу тил ўрганиш жараёнини қийинлаштирибгина қолмай, ўрганувчини тил ўрганишнинг асл мақсадидан чалғитарди.

Мультимедиа технологиялари татбиқ қилинган замонавий тил ўргатиш усуллари эса ўқувчилардан чет тилини ўрганишнигина эмас, ундан фойдаланишни талаб қилади. Вилоятимиз олий таълими хорижий тил йўналиши талабалари ўқув жадвалларига қўйилган  курслари дастурида ўрганувчиларга қизиқ бўлиши мумкин бўлган, долзарб, замонавий мавзулар тақвими берилган.

Инновацион технологиялар жумладан, интернет, электрон китоблар, телевизор ўрганувчиларга бой ахборот манбаи бўлиб хизмат қилади. Китобларнинг ҳаётимизда тутган маънавий аҳамиятини рад этмаган ҳолда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки,  интернет сахифалари, фильмлар, видеороликлардаги инглиз тили ҳақиқий мулоқот тили ва уларни дарс жараёнига тўғри татбиқ қилиш орқали ўқитувчи ўрганувчини мулоқотга тайёрлайди. Дарснинг мультимедиали қисми ўрганувчилар учун энг қизиқарли ҳисобланади. Видеороликлар, фильмдан лавҳалар намойиш этилгандан кейин ўтказиладиган бахс-мунозаралар талабаларни фаоллаштиради ва ўқитиш унумдорлигини оширади.  Талаффуз машқлари каби айрим машғулотларнинг самарадорлиги гуруҳларда талабалар сони кўплиги туфайли пасайиши мумкин. Аммо бу муаммо лингафон техникаси билан жиҳозланган хоналарда бартараф этилиши мумкин.

Шу ўринда мультимедианинг тил ўргатишдаги энг асосий вазифасини унутмаслигимиз керак. Бу гапириш ва тинглаб тушунишни машқ қилишдир. Ўқитувчи аудио материалларни тақдим қилса, ўқувчи тинглаётган диалог ёки монолог юзасидан машқлар бажаради. Мультимедиа инлиз тили ўқитишда инглиз тили муҳитини яратишда катта аҳамиятга эга. Бу ўз навбатида дарсни жонли, қизиқарли ва фойдали бўлишини таъминлайди.

Инновацион технологиялар бугунги кунда дунёни кўриш учун кўзгуга айланди. Бу кўзгуни синфхоналарда тўғри қўллай билган ўқитувчи ўқувчиларини замон талабига мос равишда тарбиялайлади.Chet tillarini

You must be logged in to post a comment Login