ҚЎШИҚҚА АЙЛАНГАН УМР

Фарғона шаҳрининг қоқ марказидан Марғилонсой оқиб ўтади. Таваккал ака ҳаётлик чоғларида саҳарда сой бўйида сайр қилиб, қуёш чиқишини кутиб олар, гоҳо соҳилда ўтириб сувга тикилган кўйи хаёллари узоқ-узоқларга кетарди.

Ҳофиз умр бекатларида жуда кўп улуғ инсонлар билан дийдорлашди. Минг-минглаб қўшиқ шинавандаларини хурсанд қилди. Қаерга бормасин, ўзининг бетакрор санъати билан халқнинг олқишларига, ҳурмат эътиборига сазовор бўлди.

Рафиқаси Рисолатхон  ая билан қирқ беш йил  бирга ҳаёт кечиришди, етти фарзандни тарбиялаб вояга етказишди. Фарзандлари олий таълим даргоҳларида таҳсил олишиб турли касбларни эгаллашди. Эл корига ярайдиган,  падари бузрукворларининг азиз номини оқлайдиган эзгу ниятли инсонлар бўлиб танилишди.

Устозим синглиси Кимсанхонни ҳам қизлари қатори узатиб қатор набиралар кўрди. Одоб-аҳлоқли келин-куёвлари, элликдан ортиқ набиралар ва эваларини ардоқлаб яшади ҳофиз.

Ҳар гал нуридийдалари Музробжон, Баҳодиржон, Мамлакатхон, Ортиқхон, Каримахон, Фурқатжонларни кўрганимда, улар билан дилдан суҳбатлашганимда ҳофиздан нафақат сўнмас оҳанглар, балки завол билмас боғлар қолганлигини қайд этаман. Ҳа, фарзандлар камоли ҳам инсон умрининг безаги.

Қизлари Мамлакатхоннинг уч фарзанди хорижда таҳсил олмоқда. Боболари кўрмаган юртларни кезиб  юришибди. Набиралари ичидан қайси бири ҳофиз бўлиб, бобосининг касбини давом эттираркин? Балки ўтган асримизда қайтарилмас овоз соҳиби, деган халқ эътирофига муяссар бўлган бобосининг сўнмас нафасини ушбу асримизга набираларидан бирлари олиб ўтар…

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Али ҳофизга атаб, унинг номидан ёзган шеърида ҳофиз умри мазмунининг бир лаҳзасини кўриш мумкин:

Баҳорлардай башанг ўзинг,

Торимдаги оҳанг ўзинг,

Чеҳрамдаги ол ранг ўзинг,

Оқлай дейман нону тузинг,

Тургин тургунча замона,

Жоним Фарғона, Фарғона!

Ҳофиз Ватанни куйламоқда…

Ватан эса остонадан бошланади. Ватаннинг бойлиги шу муқаддас остонадан ўтган буюк фарзандлари билан ўлчанади. Инсон сўнгги манзилга йўл олган пайтда ҳам унинг бирдан-бир истаги дўстлар қўлидан бир кафт Ватан тупроғидан баҳраманд бўлишдир. Ватан фарзандларига ўз навбатида, тандан бу жон чиққунча нон-тузни оқлашни муқаддас бурч қилиб қўяди. Ҳа, аввал Ватан, кейин жон… Бу сўзнинг маъносини Ватанига, халқига сидқидилдан, ҳалол хизмат қилган фарзандларгина англаб етади.

Бугун жонажон ва жаннатмакон Ўзбекистонимизнинг муҳташам санъат кошоналарида отамдек улуғ устозим Таваккал Қодировнинг ҳассос қўшиқлари янграмоқда. “Фарғона тонг отгунча”, “Доғман”, “Ўхшайдику” қўшиқлари жаранглаганда беихтиёр ҳофизнинг иккинчи умри давом этаётганига яна бир бор иқрор бўламан. Ўзбекистон булбули, Ватан гулшанининг чинакам шайдоси, халқ қалбининг навосига айланган бу инсондан бир умр миннатдор ва қарздор эканимни ҳис этаман.

Султонали МАННОПОВ,

Ўзбекистон Халқ артисти, профессор.Tavakkal

You must be logged in to post a comment Login