Фуқароларнинг тижорат банкларига ишончи ортмоқда

NBUЎзбекистонда банк тизимининг барқарорлиги унга бўлган ишончнинг тобора ошиб бориши, иқтисодиётнинг юқори суръатларда ўсиши ҳамда аҳоли фаровонлигини яхшилаб боришнинг асосий омили бўлиб хизмат қилаяпти. Ҳаётбахш ислоҳотлар самараси энг аввало, банкларнинг капиталлашув даражаси юксалиб, иқтисодиётнинг реал секторига ажратилаётган кредитлар ҳажми ошишига эришилаётганида яққол намоён бўлаяпти.

Бу борада Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон тадбиркорлик фаолияти учун ишчанлик муҳитини яхшилаш соҳасида охирги йилда дунёдаги энг яхши натижага эришган мамлакатларнинг биринчи ўнталигига киритилгани бежиз эмас. “Янги бизнесни қўллаб-қувватлаш” ва “кичик бизнес субъектларига кредитлар бериш” каби мезонлар бўйича Ўзбекистон кейинги уч йилда халқаро рейтинг кўрсаткичларини қувонарли даражада яхшилашга муваффақ бўлди.

АТ “Халқ банки”нинг Фарғона вилояти филиали ҳамда унинг шаҳар-туман филиаллари ҳам вилоятимизда инвестиция дастурларини молиялаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳолига кўрсатилаётган хизмат турларини кўпайтириш ҳамда пул-кредит сиёсатини амалга ошириш каби муҳим йўналишларда катта ютуқларга эришиб келаяпти. Шу йилнинг биринчи чораги мобайнида вилоят бўйича банкнинг кредит портфели йил бошига нисбатан 5,1 млрд. сўмга ортиб, жами кредит портфели миқдори 107,3 млрд. сўмни ташкил этди.

2016 йилнинг биринчи чорагида банкнинг вилоят филиали томонидан бевосита кичик бизнес субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 17,7 млрд. сўм кредит ажратилди. Бунинг натижасида вилоятимизда 205 та янги иш ўринлари яратилди. Ўз навбатида ҳисобот даврида банкнинг қуйи филиаллари ажратган 19,7 млрд. сўм кредит маблағлари 241 та янги иш ўринлари яратилишига имкон берди. Дастлабки уч ой давомида кичик бизнес субъектларига 9,2 млрд. сўм микрокредитлар ажратилиши эвазига эса 150 га яқин муқим иш ўринлари яратилишига эришилди.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози салбий таъсирининг олдини олиш бўйича юртимизда кўплаб дастурлар ҳаётга татбиқ этилди. Бундай саъй-ҳаракатлар доирасида озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш каби йўналишларда кредит ажратиш, янги иш ўринлари яратилишини таъминлаш банкимизнинг устувор вазифалари сирасига киритилган. Эътиборлиси, ушбу йўналишда банкимиз томонидан асосан маҳаллий хом ашёдан фойдаланган ҳолда маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган истиқболли бизнес лойиҳаларни молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Банкимиз томонидан ажратилаётган кредит маблағлари вилоятимизда тадбиркорликнинг нисбатан янги, самарали усулларини кенгайтириш имконини беряпти. Ҳисобот даврида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш учун 5,8 млрд. сўм, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 млрд. 633 млн. сўм кредит маблағлари ажратилиб, 100 га яқин иш ўринлари яратилди. Оилавий тадбиркорлик, чорвачилик, паррандачилик, иссиқхоналар ташкил этиш, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари фаолиятини йўлга қўйиш сингари бизнес-лойиҳаларини рағбатлантириб, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига 304,1 млн. сўм кредит ажратилиши таъминланди.

Аҳолининг шахсий даромадларини ошириш, тадбиркорликнинг қулай, ихчам ва самарали усулларини ривожлантиришга кўмаклашиш доимий вазифамиз сифатида белгиланган. Биргина жорий йилнинг биринчи чорагида чорва моллари ва мевали кўчат сотиш олишлари учун 10 нафар юртдошимизга 50,1 млн. сўм кредит берилди. Банкнинг қуйи филиаллари томонидан 147 нафар фуқарога 684 млн. сўм миқдорида истеъмол кредити ажратилди.

Замонавий хизмат турлари, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизими соҳасида мижозларимиз учун кўплаб янгиликлар жорий этиляпти. Бу эса, ўз навбатида, электрон банк хизматлари кўламини бугунги кун талаблари асосида такомиллаштириш, пластик карточка ҳисоб рақамларини бошқаришнинг янада қулай ва хавфсиз йўналишларини ишлаб чиқиш, мобиль телефонлар орқали пластик карточкалардан тўловларни амалга ошириш каби хизматлардан фойдаланувчилар сафи тобора кенгайиб боришида муҳим омил бўлмоқда.

Айни жараёнда аҳоли бўш пул маблағларини юқори фоизларда банк депозитларига жалб этиш, банк пластик карточкалари сонини янада ошириш бўйича банкимиз томонидан алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Хусусан, “on-Iine” тизимида ишлайдиган сўм пластик карточкалари жорий қилиш, савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларини тўлов терминаллари билан таъминлаш, юридик ва жисмоний шахсларга ҳисобварақ очиш ҳамда уларни миллий ва хорижий валютада кредитлаш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар шулар жумласидандир.

Халқаро пул ўтказмалари (Unistream, Western Union, Contact, Золотая Корона) орқали банк хизматлари кўрсатиш, “Мунис” тизими орқали аҳолидан коммунал тўловларни қабул қилиш, фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига 1фоизли мажбурий бадалдан ташқари ихтиёрий бадалларни йиллик юқори фоиз ставкаларида қабул қилиш сингари банк хизмат турлари мижозларимиз учун ҳар томонлама қулай ва самарали эканлиги билан ажралиб туради.

You must be logged in to post a comment Login