Мусиқа ва санъатга эътибор – юксак марралар сари чорламоқда

1399362341_img_3683Бир пайтлар мусиқа ва санъат мактаблари ўз ҳолига ташлаб қўйилган, ночор, айниқса, миллий санъатимиз келажаги учун шарт-шароит йўқ эди. Мусиқа ва санъат йўналишидаги махсус мактаблар бармоқ билан санарли даражада кам, борлари ҳам бошқа ташкилотларга қарашли бўлган биноларда ижарада турарди. Аксарият ҳудудларда эса на мусиқа, на санъат мактаби очилмаган, ўз биносига эга мактабларнинг қарийб ҳаммаси ўтган асрнинг 40-50-йилларида ҳашар йўли билан хом ғиштдан тикланган эди. Давр талаблари даражасида ёндашилганда, 90 фоиз мактаблар қайта қуришга муҳтож эди. Аксарият ҳолларда мусиқа чолғуларини ота-оналар фарзандлари учун ўзлари харид қилиб келардилар. Кўриниб турибдики, бундай шароитда таҳсил олган ўқувчиларнинг билим даражаси ҳам шунга яраша бўлган. Биргина мисол, 1990 йилда республика бўйича ушбу мактабларнинг иқтидорли ўқувчиларидан атиги уч нафаригина халқаро танловларда қатнашган.

Мустақиллик йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамоликларида соҳа ривожига жуда катта эътибор қаратилди. Мусиқа ва санъат мактабларини қуриш ва реконструкция қилиш буўйича махсус давлат дастурлари қабул қилинди.

Фарғонада бугунги кунда 28 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолият кўрсатади.  Уларда ёшларимизнинг  билим олишлари учун  барча шароитлар яратилган. 213 та йўналишда 309 нафар олий маълумотли, 865 нафар ўрта-махсус маълумотли мутахассислар уларга соҳа сирларини қунт билан ўргатмоқдалар.

Ҳеч бир муваффақият ўз-ўзидан келмайди. Ўқувчининг иқтидори, устознинг меҳнати ва тинимсиз машғулотларгина эътироф ва юксак этиборга сазовор қилади. Ўтган йили Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган “Окно в Европу” халқаро кўрик-танловида Фарғона шаҳар 4-болалар мусиқа ва санъат мактабининг 3-синф ўқувчиси Шоира Шермухаммедова торли чолғу (скрипка) йўналиши бўйича 1-ўринни  қўлга киритди. Данғара туманидаги 27-болалар мусиқа ва санъат мактабининг 5-синф ўқувчиси Асадбек Рахматиллаев Россияда бўлиб ўтган “Золотое  кольцо” халқаро кўрик-танловда анъанавий хонандалик йўналиши бўйича 2-ўринга, Франциянинг Париж  шаҳрида    “Салют талантов” лойиҳаси асосида ўтказилган “Париж, я люблю тебя” номли  ХХIII  халқаро  фестивал-конкурсда  Қўқон шаҳар 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Шерзодбек Йўлдошев дамли ва зарбли чолғулар йўналишда 1-ўринга сазовор бўлганлиги устозлар  меҳнати  бесамар кетмаганлигидан нишона.

Мактабимизда  ўқувчиларга 9 йўналиш бўйича  16 нафар олий маълумотли, 24 нафар ўрта махсус маълумотли педагоглар дарс беради, – дейди  Қўқон шаҳар 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби директори  Ваққосхон Бобоев. – Уларнинг ҳар бири  дарс ўтиш услуби ва ўқувчи билан ишлаш қобилиятига эга. Тошкент маданият ва санъат институтини битириб келган ёш педагог Зарифжон Раҳматов, Ўзбекистон Давлат Консерваториясининг магистратурасини тугаллаган Ўринбой Йўлдошевлар мактабимизда иш бошлаган кезлариданоқ доира чалиш борасидаги маҳоратларини қунт билан ёшларга ўргатишмоқда.  Эндиликда   ҳар йили танловларда ғолиб бўлаётган ўқувчиларининг, жорий йилнинг  октябрь ойида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтадиган  “Солют талантов” танловининг  супер финал босқичида қатншадиган шогирди Шерзодбек Йўлдошевнинг иқболидан юз бора шодланяпмиз.

Марғилон шаҳридаги 8-болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳам   жонкуяр ва фидойи мураббийлар фаолият кўрсатади. Аҳмаджон Аҳмедов, Дониёр Нурматовларнинг меҳнати шогирдлар камолида бўй кўрсатмоқда. Илҳомжон Рахматуллаев мактабда  энг тажрибали бастакор саналади. Шаҳарнинг 2-мусиқа санъат мактабида  қашқар рубоби бўйича таҳсил олиб,  5-синфдан  Асил Абдуллаевнинг қўлида таълим олгач, Фарғона санъат коллежида Раҳмиддин Қипчоқовдан  қашқар рубоби чалишнинг  сирларини ўзлаштирди. Мусиқа асбобининг жарангдор овозига  барчани маҳлиё қилди.  Консерваторияда ҳам   буюк санъаткор  Маъмуржон Узоқов қўшиқларига мусиқа басталаган Муҳаммаджон Мирзаевнинг шогирдлари Шавкат Мирзаев, Тоҳир Ражабовдан  таълим олиб, камолга етди.  Ҳозирда  мактабда ёшларга  устозларидан ўрганган билимлари асосида дарс бериб, қўшиқларга куй басталайди.  Иқтидорли ўқувчиларидан тузилган “Навобахш” хонандалар ансамбли, “Навосоз” чолғу ансамбллари вилоят ва республика миқёсида ўтказилган танловларда ғолибликни қўлга киритиб  келмоқдалар.

You must be logged in to post a comment Login