Афғонистондаги барқарорлик – Марказий Осиё давлатлари учун жуда муҳим

афгон

Маркзий Осиё халқларининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий тараққиёт йўлида долзарб бўлган муаммо – Афғонистон ҳудудидаги нотинчлик бугунги кунда нафақат ҳудудий балки глобал барқарорликка таъсир этувчи катта хавфдир. Мазкур вазият минтақадаги тинчликни асраш ва мустаҳкамлаш йўлида ечилиши зарур бўлган кун масаласига айланмоқда. Тошкент шаҳрида 23-24 май кунлари Ўзбекистон раислигида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг мажлисида ҳам ушбу муаммога алоҳида тўхталиб ўтилди.

Қўшни давлатда 30 йилдан ошиқ вақт мобайнида давом этаётган вазият, экстремистик гуруҳлар ўртасида қарама-қаршиликнинг экслакацияси, радикал кучларнинг тобора ўсиши, террорист ташкилотларнинг фаоллашишига замин яратиб, Афғонистоннинг иқтисодий-ижтимоий инфраструктураларининг тубдан қулаши, аҳолининг қашшоқлашиши, турли зиддиятларнинг мунтазам равишда пайдо бўлиши, инсонларнинг эртанги кунга бўлган ишончидан маҳрум бўлишига сабаб бўлди.

Бугунги кунда “Толибонлар” каби марказий давлат фаолиятига тўсқинлик қилаётган террористик ташкилотдан ташқари бошқа радикал кучларнинг пайдо бўлиб, мамлакатнинг жанубий, ғарбий қисмларида жанговар ҳаркатларни узвий равишда амалга ошираётгани ушбу муаммо юзасидан дунё ҳамжамиятнинг шу кунга қадар “Афғон стратегияси” каби олиб борган сиёсий ислоҳот ва ҳарбий тадбирлари ҳеч қандай самара берамаганидан, мазкур вазиятга суст эътибор қаратилаётганидан далолатдир.

Афғонистондаги вазиятнинг барқарорлашишига тўсқинлик қилаётган яна бир омил – ушбу масалага ҳудудий ёндашувнинг мавжуд бўлмаганидадир.

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати қўшни мамлакатдаги нотинч вазият борасида ҳудудий комплекс механизмнинг келишилган равишда шакллантирилиши вазиятнинг турли кўринишда Афғонистон чегарасидан ташқарига чиқиб, таъсир этишининг олдини олади, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов юртимизнинг дастлабки Мустақиллик йилларидан бошлаб, турли жаҳон минбарларидан дунё ҳамжамиятини афғон муаммосига жиддий ёндашиб, амалда самара берадиган чора-тадбирларни қўллаш, қўшни мамлакат ҳудудида барқарорлик ва осойишталикни ўрнатиш йўлида ҳаракатларни бирлаштириб, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга чақириб келади.

Ўзбекистон “афғон муаммоси” юзасидан тарихий ва кўп асрлик икки халқнинг бир-бирига яқин маданияти, урф-одати асосида аниқ ва равшан тушунчага эга. Ўттиз йилдан ошиқ вақт мобайнида муаммонинг ривож топиб боришига гувоҳ бўлаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти нуфузли халқаро тадбирларда ушбу ҳолатнинг ечими Афғонистондаги вазиятни тубдан ўрганиб, афғон халқи манфаатларидан келиб чиққан ҳолда вазият издан чиққан ҳудудларда аҳолининг таклиф ва истаклари асосида нотинчликнинг якун топиши тарафдори бўлган мамлакатлар кўмаги билан амалга ошишини кўп бора таъкидлади.

Хусусан, 1995 йили БМТ Бош Ассамблеясининг 50 сессиясида Ўзбекистон Афғонистонга қурол-яроғ киритилишига қарши халқаро эмбарго қўйиш ғояси билан чиқиб, бу мамлакатда умуммиллий муросага эришилиши учун коалицион ҳукумат тузиш моделини таклиф этди. 1997 йили мамлакатимиз Раҳбари ташаббуси билан «6+2» шаклидаги мулоқот гуруҳи фаолият кўрсата бошлади. Бунинг шарофати билан 1999 йили 21 июль куни «Афғонистондаги можарони тинч йўл билан бартараф этиш тамойиллари тўғрисида»ги Тошкент декларацияси имзоланди.

Президентимиз И.А.Каримов 2008 йилда НАТО саммитида сўзлаган нутқида Афғонистон масаласини яна бир марта жаҳон ҳамжамияти олдига олиб чиқди. 2001 йилгача фаолият кўрсатган «6+2» мулоқот гуруҳини ҳозирги воқеликни инобатга олган ҳолда ва музокаралар жараёнида НАТО ваколатхонаси ҳам албатта иштирок этишини назарда тутиб, «6+2»ни «6+3» гуруҳига айлантириш зарур, деб ҳисоблади.

Афғонистонда тинчлик ва барқарорликнинг имкон қадар тезроқ ўрнатилиши минтақадаги хавфсизликни асраш ва мустаҳкамлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Афғонистондаги ички зиддиятларни ҳал қилиш миллий яраштирув жараёнларини илгари суриш орқали ва Афғонистон раҳбарлигида, афғон халқи томонидан амалга оширилиши керак. Афғонистон масаласи бўйича ҳалқаро ҳамкорликда БМТ марказий мувофиқлаштирувчи ролини ўйнаши керак. Мазкур давлатдаги барқарорлик Марказий Осиёнинг барча давлатлари ва халқларининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида мавжуд бўлган муҳим вазифалар ривожига улкан ҳисса қўшади.

You must be logged in to post a comment Login