МЕНИ ТУШУНИШ ҚИЙИНМИ?

Мени тушунмаяпсиз…

“… Сўнгги вақтларда ишингиз юришиб кетиши учун ҳамма нарсадан воз кечиб бўлса ҳам фақат ва фақат олдинга интиляпсиз. Мақсадингизни амалга ошириш учун баъзида вақт етмаяпти ҳам. Аммо буларнинг замирида сиз кутган “бахт” бор. Яъни бу қийинчиликлар бир кун тугашини биласиз. Бироқ ҳозир эмас. Айни вақтда дўстларингиз билан мулоқот учун вақт камлик қилаётган ёки умуман етмаётгандир. Оилангизда уй ишларини бажаришга ёки отангиз айтган жойга бориб келишга улгурмаётган бўлишингиз мумкин. Ахир сиз ҳозир “ўзингиз билан” бандсиз. Ҳаттоки баъзи ишларга — ўзингиз учун бўлса ҳам, улгурмаяпсиз. Лекин мақсадингизга яқинлашиб бораётганингизни сезяпсиз. Яна бир икки қадам ва сиз “марра”дасиз! Фақат … атрофингизни ўраб турган инсонлар сони кескин камайиб бораётганини инобатга олмаса ҳаммаси яхши. Мана энди мақсадингизга эришдингиз-у, аммо яқинларингиз меҳри тафтини ҳис этамаяпсиз. Нимагадир уларни тушунишга қийналяпсиз. Худди улар каби. Сизни ўзгарган эканингизни қайта-қайта такрорлаб “зериктириб” юбордилар. Лекин сизнингча ундай эмас. “Нимам ўзгарган?” дея ўзингизга савол бериб кўзгуга тикилганингизда ҳеч қандай ўзгариш топа олмайсиз. Дарҳол дўстингизга бориб, “мен ўзгарганим йўқ” деган ишонч билан суҳбатга шўнғидингиз. Бироқ яна ўша ҳолат такрорланди. Таъкидлаётган фикрингизни “бошқача” қабул қиляптилар. Қанча уринманг,  Сизни тушунишмаяпти. Нега? Қийналиб кетганингиздан тушкунликка тушиб ҳеч ким билан гаплашгингиз келмай қолди… Бод бод, ўзингизни сўроққа тутасиз “наҳот ўзгарган бўлсам? Бари дўстларим бир вақтда ўзгариб қолишлари мумкин эмас-ку?” … Жавобни эса топа олмай доғдасиз… Хўш нима қилиш керак?…”

Мен айбдорманми…

Ушбу тугалланмаган ҳикоя барчамизнинг ҳаётимизда ўз муаллифлигимизда вужудга келган. Кимдир бу вазиятдан чиқиб кета олган бўлса, кимдир шунчаки бунга кўникиб кета қолган. Аслида эса нима қилиш зарур? Кун ора кўча-кўйда ака-укаларимиз, опа-сингил, дўст-у биродарларимиз орасида учраб турадиган бу ҳолатда сиз-у биз бир жабрланувчи, бир томошабин вазифасида бўлиб қоламиз.

Дунё тан олган психолог олимлардан бири Дейл Карнеги “Дўстлар топиш, ўзгаларда хуш таассурот қолдириш ва муваффақият қозониш сирлари” китобида ҳамма ҳам “тўғри қиляпман” деб фикр юритади. Ҳеч ким ўзини айбдор ҳисобламайди қабилидаги фикрларни эслатиб ўтади. Балки шаклланган бундай ҳолатда ўзимиз айбдордирмиз. Яқин кишиларимизга кераклича эътибор бермаётгандирмиз? Фақат ўзимизни ўйлаётгандирмиз. Улар ҳақ бўлиб, биз ўзгарган бўлсак-чи? Аммо айнан қайси хислатимиз? Энди нима қилиш керак? Яна саволлар уммонига дуч келмоқдамиз… Демак, тўғри ечим топиш аҳамияти, мавжуд муносабатларни янада яхшиланишига хизмат қилади.

Объективлик муҳим…

Мазкур вазиятда объектив фикр энг тўғри ечимдир. Психолог Бобоер Тўраевнинг таъкидлашича бундай вазиятда одам эмас, унинг дунё қараши ўзгаради, кенгаяди. Буни қабул қилиш эса осон иш эмас. Бундай ҳолатга тушганингизда, барчасини бошдан “обдон” ўйлаб чиқинг. Ўйлаганда ҳам аввал ўз шахсингиз рўлида. Кейин эса яқинларингиз ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг. Сиз билан мулоқот давомида нимани ҳис этганликларини тушунишга ҳаракат қилинг. Ана шунда яқинингиз сифатида ҳам, ўзингиз номингиздан ҳам эмас, “учинчи” инсон бўлиб кўринг. Яъни буларни ҳаммасини кузатиб турган бир бегонадек. Энди фикр юритинг. Қаерда, кимда, қандай тушунмовчилик рўй берган-у, бу ёғига нима қилиш кераклиги ҳақида хулоса қабул қилинг. Бу билан объективликка эришасиз. Аммо ечим топиш машаққатли вазифа. Энг мақбул ечим эса хатоингизни тушуниб, уни қайтармасликка ҳаракат қилишингизда. Барчасини унутиб, ҳеч нима бўлмагандек мулоқотни давом эттиришга ҳаракат қилинг. Сизни тушунишмаса, тушунтиришга ҳаракат қилинг. Асосийси, сабр! Унутманг, сабр билан барчасини енгиб ўтиш мумкин.     

Келгусида…

Яқинларингиз билан мулоқот яхшилашга киришганингизда уларни ҳам тинглашга ҳаракат қилинг. Балки сиз бир нарсани икки хил йўсинда талқин этаётгандирсиз. Аксарият тушунмовчиликлар шундан келиб чиқади. “Сен ўзгардинг” дея мурожаат этилган инсон диққатига! Сиз бир марта ўзгардингизми, яна ўзгаришингиз мумкин. Агар бир ўзгарганингиз яқинларингиздан узоқлаштирган бўлса…яна ўзгаринг! Яқинлар фойдасига. Алоқаларингиз ўз ўрнига тушганда эса яқинларингиз билан самимий ва фақат самимий муносабатда бўлишни унутманг. Агар ҳақиқатдан ҳам айбдор бўлмасангиз (бу ҳол жуда кам содир бўлади), унда хафа бўлманг. Буни “хом сут ичган банда”нинг хатти-ҳаракати деб қабул қилинг.

Эсда тутинг! Яқинларингизни қадрлай билинг! Барчаси сизга боғлиқ.

 

Зарнигор ОМОНИЛЛАЕВА

You must be logged in to post a comment Login