ЎЗБЕКИСТОНГА МАФТУН БЎЛГАН ДЕПАРДЬЕ!

 

БИЛАСИЗМИ?

1.Тўлиқ исм-шарифи: Жерар Ксавьер Марсель Депардье (Gérard Xavier Marcel Depardieu).

2.Депардье кинодан ташқари, шароб ишлаб чиқариш бўйича ҳам жиддий шуғулланиб келади. Луар соҳилига яқин водийда 27 гектар ҳудудда узумзорлар етиштирган бўлиб, улардан дунёга донғи кетган шаробларни тайёрлаб сотади!

3.Депардье Парижда 2 та ресторан очган ва ошпазлар учун китоб ёзган (Буюк Британияда 2005 йилда чоп этилган). Яна ўзини хонанда сифатида синаб кўраётган актёр альбом ёзишга ҳам улгурди.

4.Депардье 16 ёшида Парижга келади ҳамда Шарл Дюленнинг драматика санъати курсига ўқишга киради.

5.Жерар Депардьенинг отаси том ёпувчи уста; онаси қишлоқ хўжалигида ишлаган. Жерардан ташқари оилада яна 5 та фарзанд бўлган.

6.Депардьенинг ўғли Гийом 2008 йилда 37 ёшида вафот этган.

7.1996 йилда Депардье Фахрий Легион ордени соҳиби бўлди.

8.Актёрнинг Карин Силла билан никоҳдан ташқари қизи — Роксана Депардье, ўғли — Жан Депардье (2006), актриса Элен Бизо билан никоҳдан.

Жерар Депардье ҳақида билмайдиган киномухлис топилмаса ҳам керак. У бош рол талқин этган “Напалеон”, “Граф- Монте Кристо” каби картиналарни мириқиб томоша қилганмиз. Айниқса, Жерар сўнгги фильми “Астерикс ва Обеликс Буюк Британияда” орқали бутун дунё болажаонларининг севимли актёрига ҳам айланди. Айни пайтгача кинодаги барча лойиҳалари (кино, сериалдаги роллари ва продюсерлик) сони 300 га етади! Францияда энг талабгор киноюлдузлардан бири ҳисобланган Депардье шу кунларда юртимизда меҳмон бўлди. Биз эса севимли актёр билан юзма-юз учрашиб, эксклюзив суҳбат қурдик.

“Ичан Қальа” меҳмонхонаси. Ёмғир томчилайди. Миллий андозадан кўзни қамаштиради ўзбекона отель…Осмон кўзёшлари нақшинкор устунларни артади. Чироқ нурида эса ярқирайди улар…Мана шундай табиатнинг инжиқликлари ярашган юртда машҳур француз фуқароси билан дилдан суҳбатлашиш кутилмаган тарзда кечди.

Меҳмонхона холига 10 дақиқа ўтар-ўтмас, ташқаридан кириб келган Эркин Комиловга ўхшаш чеҳра эгасига ялт этиб қараймиз. Ҳа, ўша киноларда кўрганимиз, ташрифи катта шов-шувларга сабабчи бўлган машҳур фаранг актёри. Самимий…Йўқ, жуда самимий инсон. Саломлашамиз.

-Хуш келибсиз, Ўзбекистонга!

-Раҳмат. Ёрдамчим бундай бетакрор заминда учинчи бора бўлиши. Мен ҳам олдинроқ бир неча маротаба келмаганимдан афсусландим. Самолётдан тушибоқ, кўнглим ёришди. Ҳавоси тоза, осмон қанчалар беғубор…Хурсандман!

-Билишимизча, куни кеча Ватанимизнинг тарихини жонли тарзда кўрсатиб тургувчи қадимий шаҳарларимиз — Самарқанд ва Бухорони зиёрат қилибсиз…

-Таассуротларимни сўрамоқчисиз. Яхшиси сўраманг. Эрталабгача гапиришимга тўғри келади. (кулади). Самарқанддаги Регистон, Гўри Амир, Бухородаги Арк ва яна ўнлаб қадимий обидаларни кўриб ҳайратдан лол қолдим. Дунёнинг бирон жойида бундай шарқона, янада аниқроғи, ўзбекона меъморий гўзалликни топиш мумкин бўлмаса керак!

-Ўзбекча паловдан ҳам татиган бўлсангиз керак. Ахир, Ўзбекистонга келган бирон меҳмон бундай бахтдан бебаҳра қолмайди…

-О, нимасини айтасиз! Ажойиб таъм. Бухорода ош едик. Яна биласизми, бир ажойиб исиниш мосламасини кўрдик. Оёқлари паст стол остида чуқурлик бор. Унинг ичида қиздирилган кўмир. Оёқни тиқиб қўйиб, стол устига тортилган паловни паққос туширдик. (Танчани назарда тутяпти! Ж.Ҳ.) Бунақасини умримда биринчи бора кўришим!

-Ижодингизда қандай янгиликлар бор?

-Бир янгилик айтайми? Миллионлаб инсонларга жуда катта сюрприз бўлади. Гугуша билан ажойиб лойиҳага қўл урдик. Рости шоиралик қобилияти унга нисбатан ҳурматимни минг чандон орттирди. У янги қўшиғини куйлади мен француз тилига ўгирилган кўнгилга осон йўл топгувчи шеърларини талаффуз қилдим. Овоз ёзиш студиясида мен Гугушанинг ишлаш жараёнига мафтун бўлиб қолдим. Ҳақиқатан Гугуша латофатли куйчи.

Шу орада “Синема Маркет” компанияси раҳбари Аҳмаджон Умаров дўсти Депардьега совғалар улашди. Анор, қовун ва яктак!

-Анорнинг мазасини қаранг…( Пўстини арчмасдан тишлай бошлайди). Қовунни тезроқ кесиб, хонамга чиқаринг (меҳмонхона ходимига мурожаат қилади). Аҳмаджон бу ўзбекона кийимни (яктакка ишора қилиб) Парижга олиб борганди! Шартта кийим олганман. Ана роҳату мана роҳат. Парижда тунда менинг энг севимли кийимим – ўзбекча яктак бўлди (кулади). Келишимдан олдин ёрдамчимни огоҳлантирдим: “Аҳмаджондан энг катта совға ўзбекча яктак бўлади! Ҳозирлаб турсин!” Меҳмондўст ўзбек халқига юрак қўрим, муҳаббатим фидо бўлсин! Ҳаммаси учун ташаккур! Сайтингиз орқали барча мухлисларимга, ўзбек кинотомошабинларига эзгу тилакларимни билдириб қоламан.

Эсдалик учун суратга тушиш эса унга малол келмади. Кўплаб машҳур юлдузлардан энг фарқли жиҳатларидан бири бу. Самимий табассум билан қучоқ очиб кўришган киноюлдуз худди шу алфозда хайрлашди. Оғуа, Депардье!

Жасур ҲАМРОЕВ

You must be logged in to post a comment Login