ЖУДА УЗОҚ ВА… ЖУДА ЯҚИН АМЕРИКА!

Америка…Неча йилларки, дунёнинг бир четидаги мамлакат ўзига тортаверади. Киноларда кўрганимиз, Озодлик ҳайкали, осмонни “ўпаётган” бинолар, бир-биридан гўзал кўприклар…шу сеҳрли диёрга бориш орзусини руҳлантираверади. Бундан ҳам қизиқроғи, ҳаёт, одамларнинг яшаш тарзи… “Океан орти”га 14 кунлик сафарим – бу мамлакатни тўлиқ кезиб чиқиш, меъморий обидаларини кўздан кечириш учун жуда оз вақт, бироқ, том маънода англаш учун жуда етарли бўлди!

Ҳаммасини одатдагидек бошидан бошлашни маъқул топмадим. Ахир, эртак ёки пиар мақола ёзаётганим йўқ-ку? Хотиротларимда ҳозиргидек намоён, бир умр муҳрланган таассуротларнинг қай бири устунлик қилган бўлса, шуларни қораладим. Ғарбнинг энг олисидаги “дўсти”миз – АҚШда кечган бир-бирига ўхшамас кунлар уни шу қадар яқин қиладики, гўё бир қадам ташласанг етасан-у, кўзингни бир очиб юмгунингча, 10379 км.лик масофани босиб ўтганингни сезмай қоласан. Бугун эътиборингизга ҳавола этаётганим жуда узоқ ва бир пайтнинг ўзида жуда яқин Америкада кўрган ва билганларим.

НЬЮ-ЙОРК БУ — ҲАРАКАТ!

Нью-Йорк. Ҳамма ҳаракатда. Вақт шу қадар тез ўтадики, унинг қадри ишлаб топилаётган доллардан баланд. Иш-уй, уй-иш…Бекорчиликка юпуннинг ҳам, бойнинг ҳам вақти йўқ! Кўчада бир зум тўхтамаётган метро поездлари, одамлар қадами ва бетўхтов транспорт воситаларини кўриб, вақт қиймати ортиб бораётганини ҳис қиласан. Шошаверасан. Ўзбек, қозоқ, рус, америкалик, ҳинд, покистонлик, арман, озарбойжон…- миллатидан қатъий назар, шу мамлакатда истиқомат қилаётган ё саёҳатга келган борки, аввало, ҳаммаси ҳаракат билан чамбарчас боғлиқ эканлигига шоҳид бўлади. Назаримда, мана шу ҳаракат, мана шу узлуксиз ишлаш жараёни бугунги бетакрор шаҳарни бунёд этган! Бу шаҳарда ҳар бир инсон ўз интилиши билан келажагини қурмоқда. Бундан олти йил олдин таҳсил олишга келган Барно исмли қиз бугунги кунда америка умумтаълим мактабларининг бирида бошланғич синф ўқувчиларига инглиз тилида дарс ўтаётганини айтади, яна бир ватандошимиз, суғурта компаниясида яхши натижаларга эришган Фарҳод биринчи бўлиб, ўзбек тилида газета очганидан мағрурланади…Хуллас, яшаётганлар ақл-заковати билан яхши касб эгаси бўлишга улгурган!

БУНЁДКОРЛИК…ЎХШАШМИЗ!

“Катта олма” шаҳридаги энг диққатга сазавор жой — 9/11 мажмуасига борамиз. 11 йил олдин мудҳиш воқеага гувоҳ бўлган бу жойлар тарихнинг янги саҳифаларини очган. 11 йил олдин Жаҳон савдо маркази қолдиқларига тўлган, чанг-тўзонга беланган бу ҳудуд бугун яна мафтункор ва жозибали. Ёвузлик ва ваҳшийлик қурбони бўлган “эгизак бино”лар ўрнида янгилари қад ростламоқда. Ҳаёт янгилинишга мойил. Эзгулик эса барибир ғалаба қозонади. Мана шу ғолибликдан нишона эса осмонга бўйлашаётган, Стейтен айланд томондан Манхэттан соҳилига яқинлашаётиб, кўзимизга узоқдан жавоҳирларни бирма-бир юқорига териб бораётгандек кўриниб, ўзига маҳлиё этаётган ажойиб бунёдкорлик асари! Халқларимизнинг яратиш, қуриш бобидаги тенгсиз хислати бир-бирига жуда яқин!

ПИШИҚ ҒИШТДАН ҚУРИЛГАН КЎПРИК

…Бехосдан тушиб қолган битта қўлқопимни излаб, кечки Манхэттен гўзаллигига мафтун бўлган аргентиналик аёл билан танишдим. Қаерда дейсизми? Пишиқ ғиштдан қурилган Нью-Йоркнинг энг қадимий кўприги – Бруклин бриджда! Ўзини Мерседес деб таништирган сайёҳ мени неча йиллик тарихга гувоҳ бўлган кўприк устида суратга муҳрлади. Мен ҳам уни эсдалик учун шу кўприкда суратга олдим… Қадимий Бруклин кўприги нафақат Нью-Йоркнинг икки қуруқлигини туташтиради балки дунёнинг турли нуқталаридан келган бегоналар ўртасида дўстлик ипини боғлайди! Жуда олис мамлакатнинг жуда яқин сифатларидан бири бу! Дарвоқе, кечаю кундуз одам аримайдиган бу сувусти осма йўлида қанча қизиқ воқеаларга гувоҳ бўласиз: пиёдалар учун йўлакча, велосипед учун алоҳида йўл – иккисида ҳам бетиним ҳаракат, унинг остида автомашиналар қатнови…Ким янги фильм учун суратга тушяпти, машҳур брэндлардан бири янги либосларини гўзал манзарага кўприк орқали уйғунлаштиради, ким янги кўрсатув учун лавҳа тайёрлайди, фотоаппарат кўтариб олмаган йўловчининг ўзи йўқ…

«ОКЕАН ОРТИ»ДА «ЁР-ЁР» САДОСИ

Бруклинда ва Филадельфияда тўйларда меҳмон бўлдим. Америка муҳити ўзбекча урф-одатларга заррача ҳам салбий таъсирини ўтказмаган. Ўша қоши-кўзи ўзимизга ўхшаш ватандошлар. Ботиний ва зоҳирий характери ҳам ўша оддий…Тўйга қайнона ва қайнотанинг етиб келолмагани эса кайфиятни туширмайди. Ахир, келинсаломдан “скайп” орқали Самарқанди азимдаги ота-она баҳраманд бўлмоқда! Санъаткорлар ўзбекча хонишлар қилади, тилаклар ўз тилимизда. Даврани тўлдириб рақсга тушишади. Дастурхонда миллий нозу неъматлар. Биринчисига сомса, иккинчисига шўрва…Буёғига қўй гўштидан ҳил-ҳил пишган кабоб! Ватандан жуда олисдаги мамлакатда қанчалар яқин ҳислар, қанчалар яқин қадриятлар…Ўз ўрнида, ёт унсурлардан муҳофазаланган, энг муҳими, эркин!

ВАШИНГТОН…ПРЕЗИДЕНТНИ КЎРИШ БУ ҚАДАР ЯҚИН?

Узоқ мамлакатдаги яна бир яқинлик. Сайёҳлар учун энг қизиқарли онлар бу Оқ Уйга жуда яқин чамбараклар олдида суратга тушиш. Биз Вашингтонга сайр қилган онлар АҚШда ўтган президент сайловида иккинчи бор ўз номзодини қўйган президентнинг яна муваффақият қозониб, бошқарув курсисида қолган пайтларга тўғри келди. Шу боисми, Америка пойтахтининг турли жойларида катта-кичик янгиланиш ва тадорикка кўз тушади. Қасамёд кунига ҳозирлик кўраётган Капитолий (АҚШ Конгресси), шу бинодан обелисккача бўлган ям-яшил ўтлоқни янгилаш…

Оқ Уй олдида президент тикучари. Тансоқчилар, ота-оналар фарзандлари билан. Саноқли дақиқалардан сўнг, Оқ Уй эшигидан чиққан Обама қўлларини оммага силкитгунича тикучарига чиқиб, ҳавога кўтарилади. Барча сайёҳлар бу олис мамлакатдаги давлат раҳбарини яқиндан фото ва видеога муҳрлашидан мамнун.

КЕННЕДИ НОМИДАГИ САНЪАТ САРОЙИ

Пойтахтдаги яна бир манзил Кеннеди номидаги санъат саройи бўлди. Кўркам залга кирамиз…Зал юқорисида илинган 200 дан ортиқ мамлакат байроқлари савлат тўкиб ташриф буюрувчиларга разм солади. Турнақатордек тизилган фахрли рамзлар сафбошида ўзимизга жуда яқин ўша ранглар, мовий, оқ, яшил ва уларни ажратиб турувчи алвонранг чизиқлар. Ярим ой ва ўн икки юлдуз! Ифтихордан кўзлар намланади! Олис юртда, жуда яқин, жудаям яқин қадриятнинг эъзоз топиши…Буни сўз билан изоҳлаб бўлмайди. Фақат кўриш ва туйиш керак. Муҳташам саройнинг турли залларини кўздан кечирамиз. Юзлаб сайёҳлар ҳам биз каби ушбу саройдан ҳайратли жиҳат излаётгандек…Америкалик мактаб болаларини ташиётган автобусларнинг кети узилмайди. Бу ҳолга Линкольн дафн этилган тарихий қабристон, музейлар, Капитолийда ҳам бир неча бор дуч келдик. Тарих авлодларни, замонларни, замоннинг турли нуқталарини боғлайди, ахир! Абраҳам Линкольн мемуари ва унинг атрофидаги турли ёдгорликларни гид ёрдамида кўздан кечириб, тарихи ҳақида турли фактларни билиб оламиз. Анча далиллар…Биз билмаган Америка ҳақида тасаввурларимиз ўзгаради.

МАДОННА, ЖАСМИН…НАСИБА!

 

 

Шаҳар турли миллат санъат намоёндалари концертларига тўла. Бир томонда америкалик Мадонна куйлайди, яна бир томонда россиялик Жасмин, яна Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева. Концертлар ватан соғинчига армуғон! Гапирсак, жуда узоқ чўзилади. Сизни ҳам, ўзимни ҳам вақтимни аягим келди. Чунки, гапирмоқчи бўлганларим ҳали анча!

“ОКЕАН ОРТИ”ДА ЎЗБЕК МАҲАЛЛАСИ

Бруклинга йўлингиз тушса, албатта, гавжум ўзбекларга кўзингиз тушади. Савдо дўконларида, кафе ва ресторанлар. “Наргиз” тамаддихонасига борамиз. Бошига зардўппини қўндирган, чопонга қийиқни маҳкам боғлаб олган официантлар хизмат қилади. Тамаддихона ичини кузатиб, ватаннинг бир бўлаги олиб келингандай ҳис қиласиз ўзингизни…Деворга доираю рубоб, сўзаналар осиғлиқ! Менюга кўз тикамиз, “Аччиқ-чучук”, “Баҳор” салатлари, манти, ош, шўрва… Ўзбекча кўк чою қора чой! Стол атрофида суҳбат қураётган одамлар гапи қулоққа чалинади. Ўзбек тилида суҳбат қуришади, хандон отиб кулишади…Бахтиёрлик ҳисси. Кўпқаватли уйларда бир неча ўзбек истиқомат қилади. Бир-бирининг аҳволидан хабардор бўлиш, миллий байрамларимизда бирлашиб, дийдор кўришиш, совғалар улашиш худди ўзимиздагидек. Узоқ мамлакатда яқин анъаналаримиз завол топмаётгани таҳсинга арзигулик.

ШАРҚ ДАРВОЗАСИ РЕГИСТОНДАН БОШЛАНАДИ!

Манхэттен марказидаги йирик музейлардан бирига ташриф буюрдик. Холлда баҳайбат динозаврлар склети ташриф буюрувчилар диққатини тортади. Дунё капалаклари кўргазмаси, фазога саёҳат, қимматбаҳо тошлару Африка қабилаларининг шаклланиши, дунёнинг энг ноёб ҳайвонот олами…Хуллас, бутун олам ҳайратлари бир масканга жамланган! Иккинчи қаватга кўтариламиз. Шарқ мамлакатлари тарихи бўлимига кираверишда эса этимиз жунжикиб кетди. Регистон! Самарқандимиз қоқ марказидаги кўҳна ва ҳамиша навқирон мажмуа кўрсатилган махсус санъат асари ҳар бир ўзбек қалбини жунбушга келтириши табиий. Унда битилган сўзлар “Шарқ дарвозаси Регистондан бошланади” — ғурур қўлига байроқ беради! Узоқ мамлакатда яқин ифтихор бонг уради: қандай улуғ миллатнинг, буюк аждодларнинг муносиб ва бахтли авлодларимиз!

САМОЛЁТДА БИТИЛГАН ДИЛДАГИ ГАПЛАРГА ИНТИҲО

14 соат учоқ чарчоғини бир зумда тарқатиб юбориб, 14 кун бағрида нон-туз берган сеҳрли мамлакатдан олган бетакрор таассуротларимиз яна шунча узоқ масофани орқага босиб ўтишда ғайрат беришига шубҳа йўқ. Олдинда эса Ватан меҳри кутмоқда! Олам-олам ҳайрат эса булутларга чўмган осмон қаърида қўлга қалам олишга ундайди…Икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий муносабатларнинг йиллар сайин мустаҳкамланиб бораётгани ва унинг офтобидан эса эллар бир-бирига дўстона кўз билан боқиб, табассум қилаётгани кўнгилларга хотиржамлик улашади. Бошқасини қўя турайлик, биргина иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик, хусусан, автомобилсозлик шериклигидаги эришаётган ютуқларимиз — исботи талаб этилмайдиган ҳақиқатлар.

Хулоса ўрнида шуки, Ғарбнинг энг олис мамлакати Марказий Осиёнинг “юраги” – Ўзбекистонга ҳар қачонгидан-да яқин бўлиб бораверажак! Бу шундай далилки, давр ҳам, замон ҳам айнан шуни тақоза этмоқда. Гўё тақдирга битилгандай… Дўстлигимиз абадий бўлсин!

Жасур ҲАМРОЕВ

НЬЮ-ЙОРК-ТОШКЕНТ

You must be logged in to post a comment Login