ИҚТИДОРЛИ ҚИЗЛАР САРАЛАНМОҚДА

Президент Ислом Каримов ташаббуси билан таъсис этилган “Зулфия” номидаги давлат мукофоти мамлакатда баркамол авлодини вояга етказиш, улар орасидан иқтидорли қизларнинг адабиёт, санъат, таълим фан ва маданиятни ривожлантиришдаги ютуқлари, шунингдек, кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштиришдаги фаол иштирокларини рағбатлантириш, ижодий-интеллектуал салоҳиятини юзага чиқаришда муҳим омил бўлмоқда.

Мукофот таъсис этилгандан буён 154 нафар қизлар ушбу юксак номга сазовор бўлган бўлса, уларнинг 77 нафарини халқ таълими тизимидаги ўқувчи ва талабалар ташкил этаётгани ҳам бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасидир.

Йилдан йилга «Зулфия» номидаги Далат мукофоти номзодлигига руйхатга олинаётган қизлар сонининг ошаётганлиги фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантиришга ўзининг улкан ҳиссасини қўша оладиган иқтидорли ва истеъдодли қизлар кўпаяётганлигидан далолат беради.

Фарғона шаҳридаги 4-мусиқа ва санъат мактабида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодларни саралаш учун танловнинг вилоят босқичи ўтказилди. Унда  шаҳар ва туман босқичларида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган 77 нафар қиз ўзаро беллашди.

Вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаева иштирокчи қизларни қуйи босқичларда ғолиб бўлганликлари билан самимий қутлади.

Адабиёт, маданият, таълим, санъат ва фан йўналишлари бўйича қизларнинг иқтидори тажрибали мутахассислар, экспертлар томонидан  беш гуруҳда ўрганилди. Ўз истеъдодини моҳирона намойиш эта олган беш йўналиш бўйича уч нафардан қизлар танловнинг Республика босқичига йўлланмани қўлга киритишга муваффақ бўлди.

–Бу танловда қатнашишга бўлган қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда. Чекка туман ва қишлоқларимизда ҳам ёшлар орасида иқтидорлилар кўп эканлигига гувоҳ бўляпмиз, –дейди  танловнинг вилоят комиссияси масъул котиби Р.Қорабоева. – Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодларни танлаш учун ўтказилган танловнинг вилоят босқичида ўйлайманки, энг интилувчан, зукко, қобилиятли қизлар бор имкониятлари, маҳоратларини намойиш эта олдилар.

Танловга тавсия этилган ҳунармандчилик намуналари, рассомчилик ишларини кўриб ёшларнинг ижодкорлигига, маҳоратига қойил қоласиз. Танлов қизларимиздаги қобилиятни янада ўсишига  хизмат қилиши, шубҳасиз.

Шоҳидбек АСЛОНОВ. 

You must be logged in to post a comment Login