Сардорбек Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган “Артист-2016” кўрик-танловига йўлланма олди

мактаб

Юртимизда иқтидорлилар жуда кўп. Уларнинг барча соҳаларда, жумладан, санъат соҳасида ҳам катта ютуқларни қўлга киритаётгани халқимизнинг фахри, ғурури. Айтиш мумкинки, мамлакатимизда ёш авлод иқтидори, истеъдодини камол топтириш, уларни миллий ҳамда жаҳон саньатининг нодир намуналаридан баҳраманд этишда болалар мусиқа ва саньат мактабларининг ўрни катта бўлмоқда.

Юртбошимизнинг 2008 йилдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014-йилларга мўлжалланган давлат Дастури тўғрисида”ги Қарори соҳани ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди. Мазкур Давлат дастурининг амалга оширилиши натижасида республика минтақаларида замонавий ўқув ускуналари ва мусиқа асбоблари билан жиҳозланган 278 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари ишга туширилди. Натижада 2008 йилга нисбатан болалар мусиқа ва санъат мактабларининг қуввати 1,2 баробарга, ўқитувчилар таркиби — 1,3 баробарга, ўқувчилар сони 1,5 баробарга ортди. Мазкур давр мобайнида республиканинг ёш истеъдодли мусиқачилари ва ижрочилари томонидан ижро маҳорати бўйича нуфузли халқаро танловларда 441 совринли ўринлар қўлга киритилди.

Шунингдек, 2015 йил 20 ноябрда мазкур бошланган ишларни мантиқий давом эттириш мақсадида 2016-2020 йилларга мўлжалланган янги Давлат дастури қабул қилинди. Унга кўра, кейинги 5 йил давомида республикамиз ҳудудида 40 та янги мусиқа ва санъат мактаблари қурилади ҳамда 58 таси капитал реконструкциядан чиқарилади. Бу албатта, ёшларимизга қулай замонавий имкониятларни яратиб бермоқда.

Сардорбек  Ёқубжонов ҳам ана шундай юксак имкониятлардан фойдаланиб, устозлари ишончини оқлаётган умидли ёшларимиздан.

Сардорбек  Фарғона шаҳридаги  4-болалар мусиқа ва санъат мактабининг ғижжак мутахассислиги бўйича 5-синфида ўқийди. 

У яқинда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказилган учинчи халқаро академик ижро ва халқ  чолғу созлари  фестиваль-танловида  Германия, Дания, Финландия, Чехия, Голландия, Қирғизистон  давлатларидан  келган  тенгдошлари  орасида маҳоратини намоён этиб, ғолибликни қўлга киритди.

Сардорбек  танловда фахрли 1-даражали лауреатлик  дипломи  ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Мактабнинг ғижжак синфи ўқитувчиси Б.Назаралиев ва жўрнавоз А.Содиқовалар ҳам танловда иштирок этишиб, «Энг яхши ўқитувчи ва жўрнавоз»  ташаккурномасига сазовор бўлдилар.

С.Ёқубжонов  ва  унинг  ўқитувчиларига  4-7 декабрь  кунлари  Санкт-Петербургда  бўлиб  ўтадиган  халқаро  «Артист -2016»  кўрик-танловида иштирок этиш  ҳуқуқини  берувчи  сертификат-таклифнома тантанали равишда топширилди.

You must be logged in to post a comment Login