MTV Europe Music Awards ғолиблари аниқланди

Қўшиқчилар 16 та йўналиш бўйича тақдирланди.

11 дан 12 ноябрга ўтар кечаси Машҳур MTV мусиқий телеканалининг Europe Music Awards мукофотларини тақдирлаш тантанали маросими бўлиб ўтди.
MTV EMA маросими Франкфурт-Майнда қўшиқчилар 16 та йўналиш бўйича тақдирланди. Канадалик поп-қўшиқчи Жастин Бибер ҳамда америкалик қўшиқчи Тейлор Свифт маросимдан учтадан мукофотни олиб кетишди.
Бибер “Энг яхши поп-ижрочи”, “Энг яхши гастрол ўтказадиган санъаткор” ҳамда “Энг яхши ижрочи” номинацияларда ғолиб бўлди.

Ўз ўрнида Свифт “Энг яхши қўшиқчи”, “Энг яхши чиқиш” ҳамда “Энг яхши ташқи кўриниш” номинацияларида ҳайкалчаларни қўлга киритди.

“Энг яхши жаҳон санъаткори” номинациясида мукофот хитойлик ижрочи Хан Генгга насиб қилди.
“Энг яхши видео” номинациясида PSY нинг “Gangnam Style” видеоклипи ғолиб бўлди. Айтиш жоизки, бу қўшик садолари остида БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ҳам рақсга тушган.

Мусиқа ривожига қўшган ҳиссаси учун марҳум санъаткор Уитни Хьюстон фахрий мукофот билан тақдирланди.

MTV EMA мукофотини тақдирлаш маросими бу йил 19-маротаба ўтказилди. Мукофот ғолиблари MTV расмий сайтида овоз бериш йўли орқали аниқланади. Маросим ҳар йили турли шаҳарда ўтказилиши анъана ҳисобланади.

You must be logged in to post a comment Login