Американинг “Della Mae” блуграсс мусиқий гуруҳи Тошкентда концерт беради

Концерт 19 ноябрь соат 19:00 да “Туркистон” саройида бўлиб ўтади.
Блуграсс ўзига хос америкача мусиқа усулларидан биридир. У АҚШнинг Аппалачи ҳудудида шотланд, ирланд ва инглиз иммигрантлари орасида келиб чиққан. Блуграсс мусиқа усули ана шу иммигрантларнинг анънавий мусиқалари воситасида ривожланиб борган ва бугунга келиб у жазз мусиқаси элементларини ҳам ўз ичига олади. Америкалик машҳур санъаткорлар Элвис Пресли ва Жонни Кэш ҳам блуграсс қўшиқларини куйлаган.

Ушбу гуруҳ юртимизгша ташрифи давомида Тошкент ва Урганчдаги мусиқа мактабларида маҳорат дарсларини ўтказади ҳамда талабалар ва мусиқачилар билан ҳамкорлик қилади. Тошкентда бўлиб ўтадиган концертда эса гуруҳ ўзбекистонлик мусиқачилар билан биргаликда ўз маҳоратини намойиш этади.

Гуруҳ 2009 йили ўз ижодини бошлаган маҳал АҚШ саҳналарида ўз маҳоратини кўрсатаётган ва фақат аёллардан таркиб топган ягона блуграсс мусиқа гуруҳи эди. “Della Mae” АҚШ бўйлаб гастролларда, унинг алоҳида аъзолари эса дунёнинг турли бурчакларида ўтказилган фестивалларда, мусиқа клубларида ва турли-туман концертларда иштирок этган ҳамда маҳорат дарслари ўтказган. Гуруҳ аъзолари таркибига Кимбер Людикер (скрипка), Селиа Вудсмит (вокал/гитара), Шелби Минс (контрабас), Женни Лин (гитара) ва Кортни Ҳартман (гитара/вокал/банжо) киради.

Гуруҳнинг Марказий Осиёдаги гастроли АҚШ Давлат департаментига қарашли “Америка мусиқаси чет элда” дастурининг бир қисми бўлиб, у халқаро маданий алмашинув ташаббуслари орқали хилма-хил америкача мусиқий жанрларни ўзида акс эттиради. Мазкур дастур 2012 ва 2013 йилларда 40 дан ортиқ мамлакатларга етиб боради. АҚШ ҳукумати Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон халқлари ўртасида ўзаро бир-бирини тушунишни мустаҳкамлаш учун ноанъанавий дипломатик ташаббуслардан фойдаланишни давом эттиради.

Тошкентдаги АҚШ элчихонаси “Della Mae”ни Ўзбекистонга олиб келишда “Mix&Match” продюсерлик маркази билан ҳамкорлик қилмоқда. “Туркистон” саройида бўладиган концерт чипталари бепул бўлиб, уларни элчихонаниг Ахборот-ресур марказидан олиш мумкин.

Телефон: (+998 71) 140-2525, 140-2441.
Электрон манзил: Tashkent-Program@state.gov (илтимос, тўлиқ исм-шарифингизни кўрсатиб, чиптани Ахборот-ресурс марказидан олиб кетишингиз ёки концертдан олдин олишингизни изоҳлаб ўтинг)

You must be logged in to post a comment Login