“ЯГОНА ДАРЧА” МАРКАЗЛАРИ 1844 ТА МУРОЖААТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

ягона дарча

Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тадбиркорларга яратилаётган имтиёзлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилаяпти.

Бу ҳуқуқий ҳужжатга кўра амалиётга татбиқ этилган муҳим ўзгаришлардан бири – “Ягона дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш марказлари ташкил этилганидир. 2016 йилнинг 1 январидан фаолият бошлаган “Ягона дарча” марказлари томонидан тадбиркорлик субъектларига сифатли ва малакали хизмат кўрсатилиши таъминланаяпти.

Айни кунларда “Ягона дарча” марказлари мутахассислари томонидан тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомилларидан ўтишда шаффофликни таъминлаш, тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатишда бюрократик ғов ва тўсиқларга йўл қўйилмаяпти. Бу мақсадда хизмат кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилди. Аризачиларга ахборот кўмаги, давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул маслаҳатлар бериш хизматлари йўлга қўйилди.

Бугунги кунда вилоятимиз шаҳар-туман ҳокимликлари ҳузурида “Ягона дарча” марказлари самарали фаолият кўрсатаяпти. Марказлар муҳандислик-коммуникация тизимларига уланиши учун қулай биноларга жойлаштирилди. “Ягона дарча” марказларига 19 та марказ раҳбари ва 147 нафар марказ мутахассиси лавозимларига муносиб номзодлар танлаб олинди.

Марказларни замонавий талаблар асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари учун вилоят маҳаллий бюджетидан 600 млн. сўм маблағ молиялаштирилди. Намунали марказ сифатида шакллантирилган Тошлоқ туманига 60 млн. сўм, Фурқат туманига 80 млн. сўм маблағ биноларни таъмирлаш учун ажратилди.

Шунингдек, “Ягона дарча” марказларига 130 жуфт замонавий компьютерлар, 26 дона принтер, 19 та сканер, 149 дона UPS қурилмаси, интернетга уланиш учун 19 та сервер, 19 та коммутатор (switch), шаҳар-туман ҳокимликлари томонидан 23 дона телефон аппарати, 1та факс, 340 та мебель жиҳозлари, 19 дона монитор, видео кузатув (ҳар бирида 6 тадан нуқта) ва бошқа харажатлар учун 889,6 млн. сўм маблағ сарф этилди.

2016 йилнинг ўтган даврида марказлар томонидан тадбиркорлик субъектларидан 1844 та мурожаатлар қабул қилиниб, белгиланган муддат ва тартибларда ҳал этилгани мазкур тизимнинг тадбиркорларга хизмат кўрсатишдаги аҳамияти нечоғли юқори эканлигидан далолат беради.

You must be logged in to post a comment Login