ҚАДИМГИ ҚУВАНИНГ БУДДАВИЙЛИК ТОПИЛМАЛАРИ

1957-59 йилларда Қува шаҳристонида олиб борилган қазишмалар чоғида археологлар кутилмаганда Будда ибодатхонасига дуч келдилар. Бу ибодатхона Фарғона водийсида ягона бўлиб, ҳозирга қадар тадқиқотчиларнинг диққат эътиборида бўлиб келмоқда. Чунки Қувадаги бу иншоот мутахассисларнинг фикрича, Хитой билан Сўғд орасидаги ҳудудда ягона бўлган Будда ибодатхонаси эканлиги эътироф этилган Бундан ташқари мазкур нодир топилма VII асрда Фарғонада буддавийлик дини тарқалганидан  ҳам далолат беради.

Қува шаҳристоннининг шимолий қисмида жойлашган катта тўғри бурчакли ҳовли (11, 9х11,2 м) ва ибодатхонадан (21х41 м) иборат бўлган диний мажмуанинг кириш қисмида, ер сатҳидан бор йўғи40 см. чуқурликда кўмилиб ётган инсон гавдасидан икки марта катта бўлган будда ҳайкали 1958-1959 йилда давомида олиб борилган қазишмалар чоғида аниқланган эди. Бу ҳақда тарихчи олим Йўлчибой Қосимов (1938-1996) шундай ёзган эди:  “Қувада қазиб олинган будда ибодатхонаси  икки хонадан иборат бўлиб, ҳар бирининг алоҳида кириш жой бўлгшан…Унга кираверишда отларнинг ғоят катта ҳайкаллари ва пешонасида бош суяги тасвир этилган серсоқол маъбуд ҳайкали ўрнатилган. Ибодатхона ичидан қандайдир маъбудалар ҳайкалларининг парчалари топилди, улар будда ибодатхонасига мансуб ҳайкаллар бўлганлиги аниқ…Будданинг япалоғроқ юзига “Ҳамма нарсани кўрадиган” учинчи кўз ҳам ўйилган. Будданинг бадани чиройли қилиб қўнғироқли зар-жияклар билан безатилган, кийларига ёрқин кўк ва бошқа хилма-хил ранглар берилганлиги Будданинг ҳайкали жуда диққат билан пухта ишланганлигини кўрсатади. Будда бу ерда тахтда эмас, балки киравериш қаршисидаги марказий деворга туташган супада ўтирган қиёфада бўлса керак. Археологлар Будданинг ҳайкалини қазиб очишгач, унинг ўтирган жойидан ағдариб ташланганлигини аниқладилар”.

Будда ҳайкалининг турган ҳолатига кўра, у арабларнинг ҳарбий юриши даврида вайрон этилган бўлиб, ҳайкалдаги кўплаб қилич излари бундан далолат берар эди. Мазкур будда ҳайкали ва ибодатхона ўзининг кўриши жиҳатидан Шарқий Туркистондаги буддавийлик динига мансуб ибодатхоналарни эслатар эди. Бу эса Қувада буддавийлик динининг ривожланишида Буюк Ипак йўлининг таъсири бўлганлигидан далолат беради.

Бу ҳақда қадимшунос олим Шокир Пидаев жумладан шундай ёзади: “Ўзбекистон жанубидан ташқари, буддавий ёдгорликлар Фарғона водийсида ҳам маълум бўлган. Бу ерда у ҳозирча VII —VIII асрларда Қува шаҳридаги ибодатхона мажмуи тимсолида намоён бўлган. Мутахассисларнинг тахминларига кўра, Қувада буддавий ибодатхонанинг бунёд этилиши буддавийликнинг янги йўналиши — важраяна билан борлиқ бўлиб, унинг шаклланиши милодий I минг йиллик ўрталарига бориб тақалади. Қува ибодатхонаси олди эшикли иморатлари бўлган катта тўғри бурчакли ҳовли ва ибодатхонадан иборат бўлган. Қува ибодатхонасининг ўзига хос томони —икки ибодатхонанинг ёнма-ён жойлашганлигидир.

Ибодатхона будда мифологиясининг ҳайкал куринишидаги турли сиймолари — Яратувчанлик маъбудини ифодаловчи Махешвара, барча Буддаларнинг енгилмаслик рамзи бўлмиш Бодхисатва Важрапани, Будданинг ўзи, Важрахари, одатда турли қўрқинчли иблислар қиёфасида тасвирланган дик ва даклар билан безатилган. Қува ибодатхонасидаги ҳайкаллар Бақтрия — Тоҳаристонда кенг тарқалган лой-ганч пластикаа техникаси асосида ишланган. Шу билан бирга, уларнинг ўзига хос жиҳати кўзлар ўрнига қора ва оқ тошлар қадалишидадир Бу усул кўпроқ Синьцзян ҳайкалтарошли мактабига хос. Улар ўртасидаги фарқ иконографияда ҳайкалларнинг айрим бўлакларини кўк рангга бўяшда ва энг асосийси-баъзи ҳайкалларнинг кўрқинчли кўринишда ифода этилишида кузатилган. Қува ҳайкаллари илк ўрта асрлар бошларидаги Хўтан буддавий мавзулари билан ўхшашлик топади. Бу— Қувада буддавий ибодатхонаник пайдо бўлиши беихтиёр Фарғонанинг Хотан билан яқин алоқалари ва эҳтимол, у ўша воҳадан келиб чиққан кишилар томонида қурилган ва безатилган, деб тахмин қилиш имкон беради”.

Айтиб ўтиш жоизки, Қува шаҳристонида будда ибодатхонасидан аниқланганидан сўнг кўп ўтмай 1963 йили Қуванинг Каркидон сув омбори қурилиши вақтида археологлар яна бир буддавийлик динига қизиқарли топилмага дуч келдилар. Мазкур  топилма хусусида қадимшунос олима Н.Г.Горбунова кейинчалик шундай хотиралайди:

“Бизнинг қурилишдаги биринчи қазув ишларимиз Фарғонанинг жанубий-шарқида, Каркидон сув омбори тагида қолиб кетадиган ерларда бўлди. Биз иш бошлаган жой ғирт дашт- эди, сув фақат Қувасойда оқарди, холос. Биз ана шу сойдан сув ичардик. Бир вақт келиб бу ерлар суғорилади ва пахтазорларга айланади, дейилса дафъатан ишониш қийин бўларди.

Экспедициямизда Фарғонанинг кекса тадқиқотчиларидан Т. Оболдуева ҳам ишларди. Олима Қувасойдан500 метрнаридаги тепани қазиб кўрмоқчи бўлди. Биз қадимий уй-жойни топиш ниятида эдик ва қани энди, ана шу тепадан ўйлаганимиз топилса, деб орзиқиб турардик. Лекин кутганимизча бўлмади. Қатламлар орасидан ҳалқа шаклидаги девор қолдиқлари чиқиб қолди. Бу тепалик теграсида битта эмас, бир неча ана шундай ярим доира — ҳалқа шаклидаги девор қолдиқлари топилди. Атиргул япроқлари сингари кетма-кет турган ана шу пахса деворлар тозаланиб кўрилганида, уларнинг баландлиги 3 метрга етиши аниқланди. Иморатнинг ўртасида яхлит тўртбурчак негиз бўлиб, ундан ярим доира шаклидаги «япроқлар» ўсиб чикқан экан. Фақат битта хонагина на эшиксиз, на туйнуксиз эди. Бу хонага кирмоқчи бўлиб девор гувалакларини олиб ташламоқчи бўлдик. Лекин буни қарангки, девор жуда ҳам қалин экан. Бу хона уй-жой бўлмай, балки ибодатхона бўлса керак, деган хаёлга бордик. Экспедициямизга архитектура фанлари доктори В. Воронина меҳмон бўлиб келиб, ана шу хонани кўрди-ю, “Сизлар ступа, яъни будда динининг ибодатхонасини топибсизлар”, деб қолса бўладими? Наҳотки бу ибодатхона бўлса?! Будда дини ҳозиргача ҳам Осиёдаги Ҳиндистон, Цейлон, Бирма сингари бир қанча мамлакатларда тарқалган. Бир вақтлар, эрамизнинг биринчи асрларида қудратли Кушан давлати ҳукмрон бўлган эди. Ўша кезларда буддизм Ўрта Осиёда ва хусусан унинг жанубий областларида кенг тарқалди. Ступалар айлана шаклидаги ҳар томонлама ёпиқ иморатлар бўлиб, ҳайкаллар билан безатилади, уларнинг атрофи ўралади. Каркидонда биз ҳайкаллар топмадик, буддизим динига оид буюмлар ҳам топилмади,

Мен уларга иморатнинг планини кўрсатганимда унинг буддизм ибодатхонаси эканлигини Ҳинд олимлари ҳам тасдиқлашди. Демак, бу ерларга ҳам будда дини эрамизнинг I асрларида кириб келган экан ва эҳтимолки, фарғоналик будда динига сажда қилувчилар бу ибодатхонани ўзларича қуришгандир”.

Буддавийлик динига доир асори атиқалар Қува шаҳристонида кейинги даврларда олиб борилган археологик тадқиқотлар чоғида ҳам аниқланган. 2002 йили Қува шаҳристонинг  шимоли — шарқий қисмида устозимиз тарих фанлари номзоди Г.П.Иванов бошчилигида олиб борилган навбатдаги қазишмалар чоғида 280 см. чуқурликда дуч келинган

Бунга қадар Қува туманидаги Каркидон сув омбори қурилиши чоғида топилган бронза  шокилада ҳам  худди шунга ўхшаш жиҳатлар қайд этилган бўлиб, Н.Г. Горбунова бу ҳақда  қуйидагиларни келтирган эди:

“Мазкур бронза шокила тумор вазифасини бажарган бўлиши мумкин. Чунки унда қайсидир илоҳнинг тасвири туширилган. Бироқ уни аниқ бир динга тегишли эканлигини айтиб бўлмайди. Эҳтимолдан ҳоли эмаски, биз бу ерда маҳаллий илоҳларнинг буддавийлаштирган кўринишига дуч келганмиз”.

Таъкид жоизки, буддавийлик қадимги Қува аҳолисининг сиғинган ягона дини бўлмаган. 1956-1958 ҳамда 1997-1998 йиллардаги қазишмаларда монийлик, оташпарастлик дини билан боғлиқ топилмалар ҳам аниқланган. Мазкур топилмалар VII-VIII асрларга тааллуқли бўлиб улар қадимда икки диний тизим вакилларининг Қува шаҳрида ёнма-ён яшаганларини кўрсатади.

Нодирбек Абдулаҳатов,

тарих фанлари номзоди.

You must be logged in to post a comment Login