БУЮК АЛЛОМА

Буюк аждодларимиз жаҳон илми, маданияти ва адабиётига бетакрор ҳисса қўшганлар. Ана шундай алломалардан бири Алишер Навоий таърифлаганидек, «шуғулланган фанини санагандан кўра, шуғулланмаганини санаш осон» бўлган улуғ зот Камолиддин Ҳусайн ибн Али Воиз Кошифийдир.

У тахминан 1440 йилларда Хуросон вилоятидаги Сабзавор шаҳрининг Байҳақ кентида туғилган. Ёшлигиданоқ воизлик – сўз санъати билан шуғулланган. Кошифий Сабзаворда тез орада кўзга кўринган воиз – нотиқ бўлиб танилган. Кейинчалик Нишопурда, 1455–1468 йилларда эса Машҳадда яшаб, воизлик қилган.

Нақл қилишларича, Ҳусайн Воиз Кошифий кунларнинг бирида Машҳадда туш кўради ва пири комил шайх Саъдуддин Қошғарийнинг ишораси билан Ҳиротга келади. У бу ерда Абдураҳмон Жомий билан учрашиб, ўзини муридликка қабул қилишини сўрайди. Бу воқеа 1468 йилда содир бўлган. Ҳусайн Воиз Кошифий Ҳиротга келгач, қолган умрини асосан Ҳиротда темурийлар раҳнамолигида ўтказган. Бу ерда Кошифий ўз замонасининг тенги йўқ арбоблари бўлган Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Мирзо Ҳусайний каби буюк сиймоларнинг яқин суҳбатдошларига айланади. Айниқса, у Алишер Навоийнинг мухлиси ва дўсти бўлиб қолади. Чунончи, Абдураҳмон Жомий вафотидан сўнг Алишер Навоий ёзган тарихнинг айнан Кошифий томонидан ўқилиши ҳам бу уч сиймонинг нақадар яқин муносабатда бўлганлигидан далолат беради. Бу ҳақда Алишер Навоий «Хамсатул-мутаҳаййирин» асарида: «Ва назм аҳли кўп тарихлар айтиб ўқудилар. Ул жумладин ҳуруф роқими бу марсия билан тарихни айтиб, йил оши тортарда султони соҳибқирон олий мажлисларида ўткарди ва ҳукм бўлдиким, мавлоно Ҳусайн Воиз минбар устида ўқиди», – деб ёзган эди.

Ҳусайн Воиз Кошифий Ҳирот мадрасаларида дарс бериш билан бирга жомеъ масжидида жума кунлари ваъз айтган. Тарихчи Хондамир «Хулосат ул-ахбор» асарида Кошифийнинг Ҳиротдаги фаолияти ҳақида сўз юритиб: «Мавлоно Камолиддин Ҳусайн Воиз. Маъқул ва махсус илмларнинг барчасидан тўла нафлаган ва баҳраманддир. Ҳозирги вақтда шарҳда Хуросон диёрида ул жанобга тенг келадиган киши топилмайди. Тангри каломининг тафсири ҳамда ҳазрати рисолатпаноҳ пайғамбар ҳадисларининг маъниларини минбарда туриб ғоятда покиза ва маъноли қилиб тушунтиради. Ҳафтада уч марта: сешанба куни султоннинг хонақоҳида, жума куни эрталаб доруссаёдат Султонияда, намоз ўқилгандан кейин олиҳазратнинг жоме масжидида халойиққа ваъз-насиҳат қилиш билан машғул. Илгари чоршанба ва пайшанба кунлари ягона пир Абулвалид Аҳмад мозорида ҳамда салтанатшиорлик жаноб мирзо Султон Аҳмад қабристонида халойиққа тўғри йўл кўрсатиш билан ҳам банд бўларди. Ул жаноб нужум илмида ҳам зўр маҳоратга эга эди, чунончи унинг таъбирлари қазо ўқи сингари бехато бўларди. Унинг балоғатлик ҳамда фасоҳатсифатилик китоблари кўп ва беҳисоб бўлиб, уларнинг кўпи олимақом Амир Алишернинг атоқли номи билан зийнатланган. Амир Алишернинг иноят ва илтифоти ул жанобнинг ҳол саҳифасига ҳаммавақт тушиб туради, – деб ёзган эди.

Дарҳақиқат, Ҳусайн Воиз Кошифий Хондамир таъкидлаганидек, барча соҳалар бўйича ваъз айта олувчи улуғ кишилардан бири бўлган. Бу ҳақда ёзувчи ва олим Ғуломхон Ғафуров: «Аллома асосан илмий, илмий-сиёсий, тарғиб ва ташвиқ руҳидаги ҳамда хатиблик соҳасида кўпроқ ваъз айтган. Бундай фикр юритаётганимизнинг сабаби, биринчидан, Воиз Кошифий Ҳусайн Бойқаро марҳаматига сазовор бўлиб, давлатнинг воизи ҳисобланарди. Иккинчидан, Ҳусайн Бойқаро Хуросонда подшоҳлик қилиб турган йилларда мамлакатда бўлиб турган норозилик қўзғолонларни бостиришда Ҳусайн Воиз Кошифийнинг илмий-сиёсий, тарғиб ва ташвиқ, хатиблик соҳасидаги нутқидан ва халқ ўртасидаги обрўсидан кўп бор фойдаланган. Бундан ташқари Воиз Кошифий ахлоқшунос олим эди. У қайси мавзуда нутқ сўзламасин, охир-оқибатда одоб-ахлоққа олиб келиб боғлар эди…Шунинг учун ҳам унинг ҳар чиқишини халқ орзиқиш билан кутиб олар эди», – деб ёзади.

Шуни таъкидлаш жоизки, Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Ахлоқи муҳсиний», «Рисолаи Ҳотамия», «Анвори Суҳайлий», «Ахлоқи Карим», «Жавоҳирнома», «Рисола дар илми аздод», «Равзати шуҳадо», «Саҳифаи шоҳий», «Маҳзан ул-иншо», «Луббо ул-маънавий фи-интихоби маснаъвий», «Искандар ойнаси», «Тафсири Ҳусайний», «Футувватномаи Султоний» каби асарларидан Хуросон, Мовароуннаҳр шаҳарларининг мадрасаларида асрлар давомида талабалар учун дарслик сифатида фойдаланилган. Бу ҳақда олим Ҳ.А.Алиқулов: «…Кошифийнинг рисолалари, айниқса, «Ахлоқи муҳсиний» асари Ўрта Осиёда мактаб ва мадрасаларда асосий қўлланма сифатида фойдаланиб келинди, зиёлилар орасида кенг тарқалди. Эрон олим Абдураҳим Набуҳийнинг таъкидлашича, Эрон олий ўқув юртларида Давонийнинг «Ахлоқи Жалолий» ва Кошифийнинг «Ахлоқи муҳсиний» асарлари ахлоқ илми бўйича асосий манба бўлиб хизмат қилган. Айниқса, Кошифийнинг «Анвори Суҳайлий» рисоласи Теҳронда таҳсил кўраётган инглиз талабаларида катта қизиқиш уйғотиб келган. Ҳиндистонда эса давлат муассасаларига ишга кирувчи хизматчилар учун дарслик вазифасини ўтаган», – деб ёзади.

Ҳусайн Воиз Кошифий фалсафа, ахлоқ, тилшунослик, адабиётшунослик, сиёсат, тарих, кимё, астрономия, математика, мусиқа, воизлик, шеър санъати, дин тарихи, фиқҳ, тиббиёт каби фанларга оид 200 дан ортиқ асар ёзган. Масалан, адабиётшуносликка доир «Бадоъеул-афкор фи саноъеул-ашъор» асарида сажъ санъатини муфассал изоҳлаб берган. У ўз даврининг кўзга кўринган олими бўлиб, ҳадисни, Қуръони каримни ёддан билган, ҳатто Қуръонга тўрт китобдан иборат шарҳ ҳам ёзган.

 Кошифий «Мавоҳиби алийя» («Али(шерга) туҳфалар») номли китобини Навоийга бағишлаган. Бу асар кейинчалик «Тафсири Ҳусайний» номи билан шуҳрат қозонган. Асар ўша даврда ёзилган бошқа тафсирларга қараганда анча мукаммаллиги билан ажралиб туради. «Асар муқаддимасида таъкидланишича, «Мавоҳиби алийя» асари Алишер Навоийнинг таклифи, ҳомийлиги ва у берган дастур асосида ёзилган.

Айтиб ўтиш жоизки, Воиз Кошифийнинг Ислом тарихи, пайғамбарлар, саҳобалар қиссаси, хусусан Имом Ҳусайннинг Карбало даштида шаҳид бўлиши билан боғлиқ фожеали воеқеаларни ҳикоя қилувчи «Равзат уш-шуҳадо» (Шаҳидлар боғи) номли машҳур асари асрлар давомида аждодларимиз томонидан севиб ўқиб келинган. Бунга мисол қилиб, 1898 йилдаги Андижон қўзғолонининг йўлбошчиси бўлган Дукчи Эшоннинг кутубхонасида ҳам Воиз Кошифийнинг «Равзат уш-шуҳадо» асарининг мавжуд бўлганлигини кўрсатиб ўтиш мумкин.

Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Ҳусайн Воиз Кошифийнинг 45 номдаги асарининг 197 та қўлёзма ва 75 та тошбосма нусхалари сақланмоқда. Унинг «Ахлоқи муҳсиний», «Рисолаи Ҳотамия», «Анвори Сухайлий», «Футувватномаи Султоний», «Тавсири Ҳусайний», «Жавоҳирнома» каби асарлари араб, татар, урду, турк, немис, инглиз, француз тилларига таржима қилинган.

Ҳусайн Воиз Кошифийнинг ҳикоялар ва шеърий ҳикматлар тўпламидан иборат «Ахлоқи муҳсиний» номли асари Ҳусайн Бойқаронинг ўғли – шаҳзода Абулмуҳсин мирзога бағишланган. Бу ҳақда муаллиф китобнинг кириш қисмида: «Шаҳзоданинг ҳуснул хулқини кўриб, хотирига бир китоб тасниф қилиш келдики, токи ўзга подшоҳлар ва авлодларига дастуриламал бўлгай. Бу тасаввурдан кейин ушбу рисола отини «Ахлоқи муҳсиний» қўйишга қасд қилдим», – деб ёзган. Унда муаллифнинг ижтимоий ва ахлоқий-таълимий қарашлари баён этилган. Асар 1848 йилда немис тилида, 1851 йилда инглиз тилида нашр қилинган.

Мазкур асарни Огаҳий умрининг охирларида, 1873-1874 йилларда форсчадан туркийга ўгирган. Шу тарзда «Ахлоқи муҳсиний» асари «Ахлоқи муҳсиний туркий» номи билан туркийзабон халқлар орасида ҳам машҳур бўлган.

Шундай қилиб, Ҳусайн Воиз Кошифийнинг ўлмас асарлари ҳақли равишда жаҳон адабиёти дурдоналари қаторидан жой олган.

Нодирбек АБДУЛАҲАТОВ.

You must be logged in to post a comment Login