Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш тарафдори

афгон

Ўзбекистон Раҳбари қўшни Афғонистон ҳақида узоқ йиллардан буён халқаро минбарларда бонг уриб келади. Айниқса, бундан йигирма уч йил аввал, 1993 йилдаёқ, яъни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида Президент Ислом Каримов халқаро ҳамжамиятини Афғонистон муаммосини ҳал этишда фаол кўмаклашишга чақирган эди.

1995 йили БМТ Бош Ассамблеясининг 50 сессиясида Ўзбекистон Афғонистонга қурол-яроғ киритилишига қарши халқаро эмбарго қўйиш ғояси билан чиқиб, бу мамлакатда умуммиллий муросага эришилиши учун коалицион ҳукумат тузиш моделини таклиф этди. 1997 йили мамлакатимиз Раҳбари ташаббуси билан «6+2» шаклидаги мулоқот гуруҳи фаолият кўрсата бошлади. Бунинг шарофати билан 1999 йили 21 июль куни «Афғонистондаги можарони тинч йўл билан бартараф этиш тамойиллари тўғрисида»ги Тошкент декларацияси имзоланди.

Ислом Каримов 2008 йилда НАТО саммитида сўзлаган нутқида Афғонистон масаласини яна бир марта жаҳон ҳамжамияти олдига олиб чиқди. 2001 йилгача фаолият кўрсатган «6+2» мулоқот гуруҳини ҳозирги воқеликни инобатга олган ҳолда ва музокаралар жараёнида НАТО ваколатхонаси ҳам албатта иштирок этишини назарда тутиб, «6+2»ни «6+3» гуруҳига айлантириш зарур, деб ҳисоблади.

Ўзбекистон Президентининг халқаро ташкилотлар минбарларида кўтараётган ташаббуслари дунё ҳамжамиятида ўз ўрнини топган, юксак эътибор ва эътирофга сазавор бўлган экан, бу шубҳасиз, давлат Раҳбарининг Марказий Осиёда, айтиш мумкинки, бутун дунёда тинчликни асраш, давлатлараро муносабатларнинг дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликка асосланган тараққиёт йўлидаги долзарб ҳамда устувор вазифаларни муваффақиятли ҳал этишга қўшган мислсиз ҳиссасидан далолат беради.

Жорий йилнинг 25-26 апрель кунлари Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Россияга қилган расмий ташрифи чоғида ҳам жаҳоннинг турли минтақаларида содир бўлаётган воқеалар хусусида атрофлича сўз юритиб, жумладан, Афғонистон масаласига яна бир бор алоҳида эътибор қаратди.

Ислом Каримов Афғонистондаги вазият бугунги кунда қандай кечишидан қатъи назар, унинг муаммосини фақат бир йўл, тинч сиёсий музокаралар ўтказиш ва ўзаро курашаётган томонларни муросага келтириш орқалигина ҳал этиш мумкинлигини айтиб ўтди.

– Афғонистон ҳудуди азалдан нотинчлик ҳукм сураётган ва ҳали ҳам нотинчлик давом этаётган ҳудуддир. Мен буни охири кўринмайдиган, қуритиб борадиган уруш, деб атаган бўлардим, – деди Ислом Каримов учрашув чоғида. – Шунингдек, бора-бора Афғонистондаги бу ҳолат қўшни чегара давлатларга ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатиши ва бунга қарши қаттиқ курашлар бораётгани ҳамда қўшни давлатларга жиддий хавф солаётганлиги қайд этилди. Ва бу  ҳолатни ҳақиқат кўзи билан баҳоламаслик мумкин эмас.

Ўзбекистон Афғонистоннинг маданияти, менталитети, халқнинг кўп  асрлар мобайнида яқин тарихий ва маданий алоқалар натижасида эришилган анъана ва урф-одатларини ҳурмат қилиш билан бирга, табиий равишда бугун Афғонистонда, асосан мамлакатнинг шимолида яшаётган 3 миллиондан зиёд ўзбеклар ҳаётининг барқарорлигини ҳам инобатга олмоқда.

Охирги йилларда Ўзбекистон Афгонистонда темир йўлларни қуриш, энергия билан таъминлаш, қазилма ишларни, қишлоқ хўжалиги, ирригация, таълим ва мутахассислар алмашинувини ривожлантириш ҳамда қурилиш асбоб ускуналари, метал, ўғитлар, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаш каби соҳаларда жуда кўплаб ўзаро лойиҳаларни амалга оширди ва бу ишларни давом эттирмоқда.

Жумладан, Осиё тараққиёт банки ёрдамида 2010 йил ноябр ойида «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси томонидан «Термиз–Ҳайратон–Мозори-Шариф» магистрал темир йўл қурилиши ишларини якунлади. Ушбу лойиҳа доирасида Ҳайратон темир йўл станция тўлиқ модернизация қилинди, Ноибобод станциясида янги юк ташиш линияси қурилди. Темир йўл тармоғининг узунлиги 106 километрни ташкил этса, ундан 75 километри асосий йўл ҳисобланади.

Ўзбекистон компания ва мутахассислари «Мозори Шариф–Қобул» йўналиши бўйлаб 11 та кўприк қуришди ва Ер шарининг энг мураккаб тоғли ландшафтларидан бири орқали 275 милли юқори кучланиш тармоғини 150 мегаваттли электр энергиясини Термиздан Қобулгача узатишга қодир қурилиш ишлари амалга оширди.

Шунингдек, расмий Тошкент «Ўзбекэнерго» ДАК ва Афғонистон энергетика ва сув захиралари вазирлиги билан имзоланган баённомага асосан 2007 йилдан буён Афғонистонга электр энергияси етказиб беради. 2016 йилдан бошлаб эса электр энергия етказилиши ҳажми 300 мВт гача оширилиши режалаштирилган.

Охирги ўн йиллар давомида Ўзбекистон афғон муаммосининг ечимини топиш бўйича минтақавий саъй-ҳаракатларда етакчилик қилди. Президент Ислом Каримовнинг ўз вақтида илгари сурилган ташаббуси бугунги кунда ҳалиям кўриб чиқилишга энг муносиб ташаббусдир.

You must be logged in to post a comment Login