Марғилон маҳаллий саноатининг ривожланиши

Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритгач, тарихимизга, ўтмишимизга бўлган муносабатнинг тубдан ўзгариши натижасида тарихий воқеаларга холисона ёндошиш имконияти туғилди.

Ушбу мақоламизда биз ўзининг 2000 йиллик тўйини нишонлаган қадимий ва навқирон, ҳунармандчилик, айниқса, ипакчилик марказларидан бири бўлган Марғилон шаҳри тарихининг айрим ўқилмаган саҳифаларига тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Бу гўзал диёр, — деб таъкидлаган эди Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Марғилон шаҳрининг 2000 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида, — ҳанузгача бутун дунёни мафтун этадиган шоҳию адрас, ипак маҳсулотлар маркази бўлиб қолаётгани, бундай ўта нозик ҳунарнинг моҳир усталари шу юртда камолга етаётгани ҳам шуни исботлайди.

Маълумки, 1876 йилда Қўқон хонлигининг тугатилиши натижасида ўлкада мустамлакачилик тузумининг қарор топиб иқтисодий ресурсларнинг метрополия манфаатларига бўйсундирилиши Марғилон шаҳрини хам қамраб олди. Ҳукумат ўлкадаги бошқа қимматли хом ашё манбалари қаторида ипакчилик маҳсулотларига катта эътибор қаратди. Аммо Қўқон хонлиги даврида жуда сердаромад ва жаҳон бозорида харидоргир бўлган ипакчилик соҳаси XIX асрнинг 80-йилларида кескин оқсай бошлади. Чунки Россия сармоядорларининг ипакчилик махсулотларига бўлган талабларининг кескин ортиб бориши туфайли уни етиштириш ҳажмининг ошириш жараёнида сифат кўрсаткичлари пасайиб кетди.

Айнан шундай ҳолат Совет мустамлакачилиги даврида хам қайд этилади. Туркистонда Совет ҳокимияти ўрнатилгач, 20-йилларнинг ўрталарига келиб халқ хўжалигини тиклаш асосан тугатилди. Янги иқтисодий сиёсатни амалга ошириш, иқтисодиётнинг айрим соҳаларида ижобий ўзгаришларга олиб келди.

Лекин индустрлаштириш сиёсатининг авж олиб кетиши туфайли Марказ ўлкамизда кўплаб саноат корхоналари ва тармоқларини яратиш йўли билан, унинг битмас – тугалмас, бой, табиий ва минерал ресурсларини ишга солиш, арзон маҳаллий ишчи кучидан фойдаланиш ва охир оқибатда ўзи учун кўпроқ фойда ундириб олишни мақсад қилиб қўйди.

Бироқ саноат ишлаб чиқаришини маҳаллий хом ашё манбаларига яқинлаштириш ва саноат ишлаб чиқариш таркибини белгилашда миллий хусусиятлар эътиборга олинмади, марказ эҳтиёжлари асосида ҳал қилинди. Бунга мисол сифатида қуйидаги архив маълумотларини келтириш мумкин.

1933 йилнинг биринчи кварталида Марғилон шаҳри тўқимачилик саноат таркибида 558 та корперациялашган ҳунармандчилик артеллари мавжуд бўлиб, улар ипак йигириш ва тўқишга мўлжалланган эди. Бу корхоналар қуйидагича номланган: 1) Сталин номли артель; 2) “Байнал-Минал” артели; 3) “Иккинчи беш йиллик” номли шойи тўқиш саноат коммунал хўжалиги; 4) Икромов номидаги ипак бўяш, йигириш ва тўқиш фабрикаси; 5) “Ёруғлик” номли тўқимачилик артели.

Юқорида номлари келтирилган корхоналарда артель аъзоларининг ишлаб чиқаришда бандлиги масаласини қуйидаги маълумотлардан билиш мумкин.

Ишлаб чиқаришда аъзоларнинг бандлиги масаласида 1-ўринни “Сталин” номли артель эгаллайди. Чунки бу корхонада Марғилон маҳаллий ҳунармандларининг 42,8 % мавжуд эди. 2-ўринда “Байнал — Минал” – 35,7 % ни ташкил этади. Бу иккала артель аъзолари 438 кишидан иборат. Юқорида кўрсатилган бешала артелларнинг йиллик маҳсулот ҳажми 1932 йил нархида 4.545.500 сўмни ташкил этган.

Қуйида биз, архив ҳужжатларида келтирилган рақамлар асосида 1933 йил 1 — январдан 1 — октябргача бўлган даврда, белгиланган режанинг артелларда бажарилиши ҳолатига тўхталиб ўтамиз.

 

Артеллар номи 3 кварталга туширилган режаси Бажарилиш суммаси % ҳисобида бажарилиши
1 “Сталин” номли 1.689.800 1.045300 61.87
2 “Байнал-Минал” 1.235.800 809.600 65.51
3 “Иккинчи беш йиллик” 71.700 61.000 85.08
4 “Икромов” номли 126.500 5.600 4.43
5 “Ёруғлик” 23.400 67.600 28.69
Жами: 3.357.800 1.989.100 59.24

 

Демак, ҳунармандчилик саноати артелларида режа топшириқларининг бажарилмай қолиш сабаби хом ашё билан таъминланмай қолинишидир. Натижада ҳунармандларнинг маълум қисми ишлаб чиқариш артелларидан кетишга мажбур бўлдилар.

Демак, саноатни, айниқса, ипакчилик саноати учун кадрлар тайёрлашда ички имкониятлардан фойдаланиш, яъни маҳаллий ҳунармандларни ишлаб чиқаришга жалб этиш масаласи энг долзарб вазифалардан бири бўлиб ҳисобланган. Бу хақда архив ҳужжатларида қуйидагилар баён этилган:

Ипакчилик саноатини ишчи кучи билан таъминлаш муаммоси Марғилон шароитида нисбатан енгил ҳал бўлади. Чунки Марғилон узоқ вақтлардан бери аҳоли зич жойлашган шаҳарлардан бири бўлиб, аҳолининг асосий қисми маҳаллий саноат, биринчи навбатда ипак ишлаб чиқариш саноати билан шуғулланади. 1930 йил саноат рўйхати рақамларига кўра Марғилон шаҳри ва Марғилон районида маҳаллий саноатда банд бўлган аҳоли 11710 кишини ташкил этган. Бу эса умум республика ҳажмининг 15,1 % ни ташкил этган, лекин биз ҳозирги пайтда бу ҳунармандларнинг барчаси ишлаб чиқаришга жалб этилган, деб айтишга асосимиз йўқ. Чунки ҳозирги пайтда мавжуд бўлган маҳаллий саноат артелларига 2300 киши жалб этилган. Қолганлари эса хўжаликнинг бошқа соҳаларида меҳнат қилмоқдалар.

Демак, саноат ишлаб чиқаришини маҳаллий хом ашё манбаларига яқинлаштириш ва саноат ишлаб чиқариш таркибини белгилашда миллий хусусиятларга эътибор берилмаган. Бундан ташқари, бутун иттифоқда бўлгани сингари Ўзбекистонда, хусусан, Марғилон шаҳрида ҳам ўта юқори қилиб берилган режаларни бажаришнинг иложи бўлмаган. Шунингдек, ипакчилик саноати қурилишида ҳам зарур нисбатларнинг бузилиши, ноаниқ топшириқлар, мутахассис кадрларнинг етишмаслиги саноати ажратилган маблағлардан тўла фойдаланиш имконини бермади.

“Бундай шароитда мамлакат юқори сиёсий раҳбарияти умуман индустрлаштириш сиёсатини бўлмаса-да, унинг амалга ошириш суръатларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлди. Иккинчи беш йиллик (1933-1939 йиллар) нинг дастлабки топшириқлари кескин пасайтирилди, хўжалик ҳисобида иш юритишнинг айрим томонларини тиклашга ҳаракат қилинди”.

“Фарғона тўқимачилик саноати иттифоқи, дейилади архив маълумотларида, — 1933 йил режасининг бажарилмай қолганлигига жавобан, 1934 йил режасини 1933 йилга нисбатан 20% ортиғи билан бажаришга ваъда беради”.

Шунингдек, артелчилар саводсизлигини тугатиш мақсадида 17 та ликбез (саводсизликни тугатиш) пунктлари ташкил этилган. Махсус ипакчилик техникумида ўқиётган бўлажак кадрлар туб миллат вакилларидир ва 1934 йилнинг январида биринчи бор битирувчи мутахассислар ишлаб чиқаришга жалб этилади.

Бундан ташқари шуни эътиборга олиш керакки, ёш кадрлар ва шунингдек, фойдаланилмаётган резерв ишчи кучи, яъни аёллар меҳнатидан ипакчилик саноатида оқилона фойдаланиш энг долзарб масала бўлиб, бунда нафақат ишлаб чиқариш нуқтаи назардан, балки сиёсий нуқтаи назардан ҳам муҳимдир.

Дарҳақиқат, архив ҳужжатларини ўрганар эканмиз, 30-йиллардаги оғир қатағонлар, тазйиқлар, таъқиқлар шароитида ҳам айрим ходимлар туб аҳолини маҳаллий саноатга жалб қилиш, ишсизлик каби ижтимоий муаммони ҳал этиш каби долзарб масалаларни кун тартибига қўйганлар.

Бироқ, марказ миллий ўлкаларда империя тизимининг ижтимоий қатламларини вужудга келтиришдан манфаатдор эди. 3-беш йиллик режасидаги вазифалар билан танишар эканмиз, Марғилон шаҳрида ипак йигириш ва ипак тўқиш фабрикаларини қуриш масалалари қайд этилди.

Марғилон шаҳри ва унинг атрофидаги районлар тўлақонли равишда Ўзбекистоннинг асосий ипакчилик базаси бўлиб ҳисобланади. Бундай ипак хом ашёси базасида СССРда йирик ипак йигириув фабрикаси Марғилонда қурилди. Шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажми бўйича СССРда ягона ҳисобланган калавалаш фабрикаси қурилмоқда. Корхонанинг биринчи навбати 1939 йилда ўзлаштирилган бўлса, тўла ўзлаштириш 1942 йилга мўлжалланган.

Лекин, хом ашё манбаси мавжуд бўлган бу иккала корхона ўртасида маҳсулотни қайта ишлаб чиқаришда боғлиқлик йўқ. Дарҳақиқат, мавжуд қоидага кўра барча маҳсулот пилла, шойи тўқиш фабрикасида қайта ишлаб чиқилади, Москвага жўнатилади, сўнгра, газлама яна қайта айирбошлаш учун Фарғона водийсига жўнатилади. Марғилонда мавжуд бўлган комбинат бундай ноўрин ҳолатга чек қўйиш, яъни пилла йигиришдан бошлаб, маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи таъминлаши, яримфабрикат ва тайёр маҳсулотлар ташиш харажатларини йўқотиши мумкин эди.

“Яна шуни таъкидлаш керакки, — дейилади архив ҳужжатларида, — марказий фабрикаларда Ўрта Осиё талабига мувофиқ маҳсулот турлари ишлаб чиқилмайди. Яна иттифоқ ҳукуматининг марказий корхоналарни сунъий шойи ишлаб чиқаришга ўтказиш, табиий шойи корхоналарини эса хом ашё манбаи ёнида қуришдан иборат кўрсатмаси мавжуд”.

Демак, юқорида келтирилган фикрларга асосланиб, биз Республикамизда бўлгани сингари, Марғилон шаҳри иқтисодиётида ҳам, фақат хом ашё етиштириш хусусияти мавжуд бўлганлигига ишонч ҳосил қилдик.

“Шойи йигириш фабрикасининг айнан Марғилонда қурилиш масаласини қўяр эканмиз, — дейилади архив маълумотларида, — шаҳар ташкилотлари нафақат соф маҳаллий эҳтиёжларидан, балки Марғилонда шойи тўқиш комбинатининг қурилиши давлат нуқтаи назаридан ҳам мақсадга мувофиқ, деб топдилар.Чунки Марғилон ва унинг атрофидаги районлар Ўзбекистон ипакчилик махсулотининг тахминан 38% ини ишлаб чиқаради ва Ўрта Осиёнинг асосий ипакчилик базаси бўлиб ҳисобланади. 3-беш йилликда ипакчилик саноатини янада ривожлантириш энг муҳим вазифалардан биридир”.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон ҳудудида, хусусан, Марғилон шаҳридаги саноат корхоналарни ҳар томонлама ровожлантириш, маҳаллий аҳолининг эҳтиёжларини қондириш, моддий турмуш даражасини ошириш масалалари марказнинг диққат-эътиборидан чеккада қолди. Шу сабабли ҳам тайёр маҳсулотдан тушадиган мўмай даромад, Ўзбекистон хом ашёсини қайта ишлашга мослашган марказий корхоналар чўнтагига тушар эди.

Шунга қарамасдан Марғилоннинг меҳнатсевар, жонкуяр, моҳир ҳунармандлари ўзларининг бебаҳо шойи ва адраслари билан нафақат Ўзбекистонга балки жаҳонга ҳам танилиш каби буюк бахтга муяссар бўлдилар.

М. Усмонов,
ФарПИ.

You must be logged in to post a comment Login