XX аср бошларида Наманган шаҳрида халқ таълими ва маданий ҳаёт

Туркистон ўлкасида қадим-қадимдан маърифат ўчоқлари-мактабларни ва илм даргоҳлари-мадрасаларнинг ўзига хос ўқитиш услублари ва анъаналари, ўзбек халқи томонидан яратилган таълим-тарбиянинг бетакрор шакллари мавжуд бўлганки, улар асрлар давомида секин-аста такомиллашиб борган. Тошкент, Қўқон, Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларида яшовчи бойлар ва ўзига тўқ кишилар болаларини мактабдор домла қўлига топшириб ўқитар эдилар. Албатта, мактабдор домлаларнинг ҳам ўзича ўқитиш услублари бўлган. Баъзилари болаларнинг ёш хусусиятига алоҳида эътибор берган ҳолда, кичик ёшдаги ўқувчиларга ҳуснихат ва оғзаки ҳисобни ўргатса, катта ёшдаги ўқувчиларга “Қуръон”нинг оят ва сураларидан ташқари форс, араб, туркий тилларда ёзилган ҳаётий китобларни ҳам ўқишни ўргатар эди.

ХХ асрнинг 20 йилларида Наманган шаҳри халқ таълим тизимида ўзига хос муаммолар мавжуд эди. 1918 йили Наманганда большевиклар ҳокимияти ўрнатилгандан сўнг шаҳарда янги мактаблар очила бошлаган. Масалан, Қўқон кўчасидаги Нуриддин афанди уйида (ҳозирги 18-мактаб биносида-муаллиф) Турон мактаби ташкил этилган. Мактабда ўқувчиларга турк домла Нурий афанди ва Лутфулла Олимий ва бошқалар таълим беришар эди. Сардоба мадрасасида Тожи Раҳмоний деган киши ҳам мактаб ташкил қилиб, ўқувчиларга таьлим берган. Шаҳарнинг Чуқур кўча, Кўзагарлик ва Уйчи кўчаларидаги болахоналарда тўртта синфдан иборат мактаблар ҳам бўлиб, унга Азимжон афанди мудирлик қилган. Шаҳардаги мактаблардан яна бири ҳозирги 31-мактаб ўрнида бўлиб, мактаб Нодира номи билан аталган ва унга Ботирий домла мудирлик қилган. Наманган шаҳридаги ҳозирги 8-мактаб ҳам 1918 йилда Умаршоҳ бойваччанинг ҳовлисида очилган бўлиб, унга Одил Аъламнинг ўғли Аҳмадхон мудирлик қилган. 1923 йилда ҳозирги Наманган Давлат Университети биносининг ўрнида бир йиллик такрорий таълим-тарбия курси очилган. Мактабга Абдуқодир Қаюмий деган киши мудирлик қилган. Ўша йили мактабда 70 та ўқувчи тайёрланиб, Наманган уезди халқ маорифига тақдим этилган.

1919 йилда Наманган шаҳрида битта уч босқичли ўрта мактаб ташкил этилган бўлса, 1923-1924 ўқув йилида бешта мактаб ва 22 та синф, 1924-1925 ўқув йилида эса 17 та мактаб ва 42 та синф ташкил этилган. Бундан ташқари 1918 йилда уездда иккита болалар уйи ҳам очилган. Мазкур болалар уйида 1923-1924 ўқув йилида 106 та, 1924-1925 ўқув йилида эса 133 та бола тарбияланган.

Наманган уездида Халқ маорифи учун шаҳар бюджетидан 1923-1924 йилда 42.293 сўм, 1924-1925 йилда эса 96.911 сўм ажратилган. Наманган шаҳар халқ таълими бўлимига қуйидаги шахслар мудирлик қилишган:

1917-1918 ўқув йилида — Т.Бадалий,

1918-1921 ўқув йилида — Л.Олимий,

1921-1922 ўқув йилида — Орифхонов,

1922-1923 ўқув йилида — Ш.Усмонов,

1923-1925 ўқув йилида — М.Шоҳимардонов.

Шунингдек, 1923-1924 йилда Наманган шаҳрида олтита саводсизликни тугатиш мактаблари ҳам фаолият кўрсатган. Бу даврда маҳалаларда Эски усул мактаблари ҳам бўлиб, 1923-1924 йилларда шаҳарда уларнинг сони 49 тани ташкил этган.

1920 йилда Наманган шаҳрида физика фани ўқитувчиси Иванов Владимир Иванович етакчилигида ўлкашунослик музейи ташкил қилинган. Наманган шаҳар халқ таълими бўлими шаҳарда янги ташкил этилган ўлкашунослик музейидаги экспонатларнинг сонини кўпайишига катта эътибор қаратади. 1920-1925 йиллар давомида Туркистон халқ музейидан мингдан ортиқ сут эмизувчи ҳайвонлар ҳамда қушларнинг экспонатлари, ноёб тангалар ва бошқа кўплаб экспонатлар келтирилган. 1923 йил охирига келиб музейнинг зоология, минералогия, анатомия, нумизматика, физика каби бўлимлари ҳам фаолият кўрсатган. Шу йили музейнинг экспонатлари сони 770 тага етган. Музейга ташриф буюрувчилар сони йилдан-йилга ортиб боради. Музейга ташриф буюрувчилар дастлаб рус миллатига мансуб кишилар бўлса-да, кейинчалик эса уларга маҳаллий миллат вакиллари ҳам қўшилишади. 1920 йилда музейга 3205 та, 1923 йилда эса 20339 та одамлар ташриф этишган.

ХХ аср бошларида Наманган кичгина шаҳар бўлиб, 30 минг аҳоли истиқомат қилган. 1909 йилда шаҳардаги маҳаллий ҳукумат Туркистон генерал-губернаторидан шаҳарда босмахона очишга руҳсат олади ва шу йилнинг август ойидан Тўрақўрғондаги “Матбааи Исҳоқия” босмахонаси Наманган шаҳрига кўчирилган. «Матбааи Исҳоқия» илм-маърифат тарқатиш мақсадида ташкил қилинган эди. Шунинг учун ҳам Исоқҳон матбаага нур тарқатаётган қуёш тасвирини ишлатиб, ичига «Илм» сўзини ёздирган. Бу билан у билимни нур сочаётган қуёшга ўхшатади. Бу рамзий белги мазкур матбаада нашр қилинган китобларнинг кўпида учрайди. Босмахонанинг очилган дастлабки пайтларида бор-йўғи бир неча кассада қўлда териладиган ҳарфлар ва бир дона қўл кучи билан ишлайдиган босиш дастгоҳи бор эди холос. 1913 йилдан бошлаб М.Абдусатторовнинг раҳбарлиги остида босмахонанинг моддий базаси кучаяди. Унда ведомостлар, ҳар хил бланкалар, ордерлар, таклифномалар ҳам босила бошланган. Йил ўтгани сари босмахона жамоаси истеъдодли ёшлар билан мустаҳкамланиб борди. Маҳаллий ёшлар қаторига 1916 йилда Россиянинг Рязань вилоятидан ёш ҳарф терувчи Ҳасан Бурнашев келиб қўшилган. Дастлабки йилларда босмахона 2 та катта хонада жойлашган эди. «Матбааи Исҳоқия» нинг ташкил этилиши Наманганда маданий-маърифий соҳаларнинг жонланиши ва ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлган. Босмахонада дастлаб жадид зиёлилари қаламига мансуб бўлган адабиётлар нашр этилган. Шунингдек, бомахонада янги усул мактаблари учун дарслик ва ўқув қўлланмалар ҳам чоп этилган. Масалан, Наманганнинг машҳур жадидларидан Дадамирза қорининг 1912 йил нашр этилган «Мифтоҳ-ул аввал» дарслиги ҳамда 1913 йил чоп этилган Ҳусайн Макаевнинг болаларни ўқитиш масалаларига бағишланган «Илми хол» асарлари шулар жумласидандир. 1917 йилдан бошлаб «Матбааи Исҳоқия» да газета ва журналлар ҳам нашр этила бошланган. Наманганда татар муалллими Ҳусайн Макаевнинг ноширлиги ва муҳаррирлиги остида 1917 йил бошларида «Фарғона саҳифаси» газетасининг 40 та сони нашр қилинган. Кейинчалик газета ўзини-ўзи таъмин эта олмагани учун тўхтатилади. Шу йили август ойидан бошлаб эса Наманганда «Фарғона нидоси» номли газета нашр этила бошланган. Газетанинг атига 19 сони нашр қилинган бўлсада, унда ўша даврнинг муҳим ижтимоий-сиёсий ва адабий масалалари баён қилинган. Газета саҳифаларида Исоқхон Ибрат, Ҳ.Макаев ва бошқаларининг шеърлари кўплаб чоп этилган. 1917 йилда босмахона Ударник (Зарбдор) номи билан атала бошланган. 1917 йил оҳиридан бошлаб ҳозирги “Наманган ҳақиқати” ва “Наманганская правда” газеталарининг дастлабки сонлари “Народная газета”, “Эркинлик”, “Ишчилар қалқони”, “Совдеп”, “Роста” каби номлар билан шу босмахонада нашр қилинган. 1919 йилга келиб Фарғона вилоятида босмахоналар сони 5 тага етиб, улар Фарғона, Қўқон, Наманган шаҳарларида биттадан ва Андижон шаҳрида эса иккитани ташкил қилган. Намангандаги босмахонада 12 киши фаолият кўрсатган. 1921 йилда бир кунда 1000 босма нусха, йилига эса 280 минг нусха газета босилган.

1917 йилда Наманганда рус тилида “Известия Наманганского Совета рабочих, солдатских и дехканских депутатов” деб номланган газета нашр этила бошланган. Газета дастлаб ҳафтада 3 марта чиққан бўлса, 1919 йилдан бошлаб эса 350-400 тиражда чоп этила бошланган. Наманган шаҳрида 1918 йил 18 январдан бошлаб 300-400 тиражда “Народная газета”, ҳамда “Рабочий путь” газеталари нашр қилинган.

1918 йил 1 сентябрдан бошлаб Наманган ишчи деҳқон ва аскарлар советининг органи «Ишчилар қалқони» (ҳозирги “Наманган ҳақиқати” номли газета-муаллиф.) газетаси 600 тиражда чиқа бошлаган. Бу газета Туркистон Ижроия Қўмитаси Фавқулодда комиссиясининг кўрсатмаси билан ишчи, деҳқон ва аскар депутатлари Наманган Ижроия қўмитаси томонидан нашр қилинган.

1919 йил августдан бошлаб эса ўзбек тилида “Известия” газетаси ҳафтада уч марта ва рус тилларида “Бюллетень Наманганского Совдепа” 200 тиражда чиқа бошлаган. 1919 йил ноябрдан бошлаб мусулмонларнининг “Эркинлик” (Свобода) деб номланган газета ва миллий тилда “Уйғониш” газеталари ҳам нашр этила бошланган. “Эркинлик” газетаси саҳифаларида Акмал Икромов, Хусайн Макаевларнинг ижтимоий-сиёсий ва маданий масалаларга доир мақолалари босилган. 1920 йил июлдан бошлаб Россия телеграф бошқармаси Наманган бўлимининг ҳафтада 3 марта чоршанба, жума ва якшанба кунлари ўзбек тилида нашр этиладиган “Роста” деб номланган газетаси ҳам чиқа бошлаган.

Наманган шаҳрида биринчи кутубхона 1903 йилда ташкил қилинган. Кутубхонанинг очилишида қатнашган савдогар Соловьев кутубхона фондига ўзининг 1400 тадан ортиқ китобини совға қилган. 1918 йилда шаҳардаги ёғ заводи клуби қошида биринчи оммавий кутубхона очилган. Кутубхонанинг фонди дастлаб 500 та китобдан иборат бўлган. Кутубхонага ташриф буюрувчиларнинг асосини шаҳарлик аҳоли вакилларидан иборат бўлиб, уларнинг сони йилига 200 тадан ортиқроқни ташкил этган. 1923 йилда Наманган шаҳрида маҳаллий ва европа миллатига мансуб аҳоли вакиллари учун яъна иккита кутубхона ташкил этилган.

Шундай қилиб, асримизнинг бошларида Наманган шаҳрида маориф соҳасидаги бир қатор ўзгаришлар, матбаачиликнинг вужудга келиши ва ривожланиши халқнинг сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда илғор фикрлар билан қуроллантиришда катта аҳамият касб этган.

У. Мансуров,
НамДУ.

 

You must be logged in to post a comment Login