Фарғона водийси шаҳарларида маданий муассасалар фаолияти

Ўрта Осиёнинг маданий ўчоқларидан бири бўлган Фарғона водийси шаҳарлари ҳам қадимдан бой тарихий маданий анъаналарга эгадир. Хусусан, бу ерда турли халқ усталари ижод қилиб, ўзларидан бой маданий мерос қолдирганлар. XIX аср охирларидан бошлаб эса водий шаҳарларида ўша давр учун замонавий бўлган европача маданий-маърифий муассасалар фаолият юрита бошлайди. Жумладан, бу даврда турли кутубхона, театр ва тўгараклар ташкил этилган. Чунончи, Фарғона водийсининг деярли барча шаҳарларида: Наманганда (1901), Қўқонда (1905), Андижонда (1907) ва Чустда (1913) кутубхоналар очилган. Лекин мазкур маданий муассасалар асосан аҳолининг русийзабон қатламига хизмат қилди.

Совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида маданий муассасаларда сиёсий тарғибот ишлари олиб боришга катта эътибор берилди. Коммунистик мафкурани аҳолига сингдириш мақсадида турли клуб ва тўгараклар ташкил қилинди. Фарғона водийси шаҳарларида ҳам мусиқий ва драмматик тўгараклар ҳамда клублар иш бошлайди. Хусусан, 1921 йилда Қўқоннинг “эски шаҳар” қисмида мусулмон хотин-қизлар клуби очилиб, унга 50 та аёл аъзо бўлган эди. Бундай клубларда турли мавзуларда маърузалар тингланган, шунингдек, спектакллар қўйилган ҳамда саводсизликни тугатиш мактаби иши йўлга қўйилган. Совет ҳокимияти томонидан ташкил этилган партия клублари қошида адабий, табиий фанлар, мусиқий ва хор тўгараги ҳам мавжуд эди. 1923 йилда очилган Қўқонда Меҳнат саройида биринчи навбатда маърузалар ва суҳбатлар ўтказилган. 1924 йилда Фарғона вилояти ижроия комитети “Қизил Шарқ” номли темир йўлчилар клубини ташкил қилиш учун 500 рубл ажратган. Клублар турли ишлаб чиқариш корхоналарида ташкил этилиб, 1925 йилда Скобелевда 25 та клуб фаолият юритган. Бундан ташқари, бу йилларда кутубхоналар сони ҳам кўпайиб борган. 1930 йилда Фарғонада 5 та кутубхона ва 4 та клуб, 1933 йилда 20 та кутубхона ва 8 та клуб фаолият юритган, 1936 йилга келиб кутубхоналар сони 33 тага, клублар сони 11 тага етган. 1923 йилда Андижон вилоятида 3 та клуб фаолият юритган бўлса, уларнинг сони 1928 йилда 21 тага етди. 1936 йилда Фарғонада 39 та қизил чойхона бўлган, 1938-1939 йилларда Андижон шаҳрида ва районида 44 та клуб мавжуд бўлган.

Совет ҳокимияти халқ орасида тарғибот ишларини кучайтириш учун анъанавий чойхоналардан ҳам фойдаланишга киришди. Халқнинг йиғилиб, ижтимоий мулоқот ўрнатиш жойи бўлган чойхоналарни “қизил чойхоналар” деб атаб, уларда газеталарни ўқиб бериш, ижтимоий-сиёсий мавзуларда суҳбатлар ўтказиш ҳамда саводсизликни тугатиш мактаблари ишини йўлга қўйган эди. Бундан ташқари, ушбу чойхоналарда совет ҳокимияти ўрнатилиши билан боғлиқ байрамларни нишонлаш, биргаликда радио эшитиш ва кинофильмлар кўришни ташкил этиб, бу усуллар орқали биринчи навбатда халқни ўз ғояси атрофида жипслаштиришни мақсад қилган. “Қизил чойхоналар” ҳар қандай солиқлардан озод қилиниб, улар плакат, шиор ва китоблар билан таъминлаб турилган. Уларнинг сони йилдан-йилга ошиб борган, жумладан, Андижон вилоятида 1928 йилда 59 та бўлган бўлса, 1929 йилда уларнинг сони 73 тани ташкил этди.

Маданий муассасалар ичида кутубхоналар алоҳида ўрин тутади. Совет ҳокимияти ўрнатилгандан сўнг барча кутубхоналар Маориф халқ комиссарлиги тасарруфига ўтказилган. 1928 йилда Ўзбекистонда 187 та кутубхона, 1932 йилда – 607, 1937 йилда – 1150 та кутубхона фаолият юритган. 1940 йилда Андижонда 15 та кутубхона мавжуд бўлиб, турли ишлаб чиқариш корхоналари қошида кичик кутубхоналар ташкил этилган. Кутубхоналар халқнинг маданий савияси ўсишига таъсир кўрсатган бўлсада, биринчи ўринда уларни сиёсий жиҳатдан тарбиялашга хизмат қилди. Айниқса, дастлабки йилларда улардаги китобларнинг асосий қисми сиёсий мавзуларда бўлганлиги сабабли аҳоли орасида улар катта эътиборга эмас эди.

Совет ҳокимияти йилларида Ўзбекистонда музейлар ташкил қилиш ишига ҳам алоҳида эътибор берила бошлади. Музейларда илмий-тадқиқот, маданий-маърифий ҳамда ғоявий ишлар олиб борилган. Фарғона водийсида совет ҳокимияти ўрнатилгунча ҳам музей мавжуд эди. 1920 йилда Андижон ва Наманганда музей очилади. 1923 йилда Наманган музейида 6 та бўлим мавжуд бўлиб, экспонатлар сони 770 тани ташкил этган. 1924 йилда Қўқонда Қўқон хони саройида ўлкашунослик музейи ташкил қилинади, унга шу йили ўтказилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси материаллари асос қилиб олинган. 1925 йилда музейда рассомлар М.А.Аринин ва Н.Ф.Яковлев ташаббуслари билан санъатшунослик бўлими ташкил этилган. 1926 йилда Москва ва Ленинграддаги музейлар Қўқон музейига баъзи бир экспонатлар совға қилади. Улар асосида музейда рассомчилик экспозицияси ва ҳайкалтарошлик бўлими уюштирилади. Бундан ташқари, Скобелевдаги музей қайта ташкил этилган бўлиб, унда Фарғона водийсининг тарихи, табиати ва табиий бойликларига оид материаллар мужассамлашган эди. Таъкидлаш жоизки, совет ҳокимияти музейларида сиёсий мавзуларга катта эътибор берилган ва табиийки, бунда ҳукмрон мафкурани тарғиб қилиш мақсад қилинган. Жумладан, 1924 йилда Скобелев музейида совет ҳокимиятининг “босмачилик” тарихига бағишланган махсус экспозиция очилди. Музейларни асосан мактаб ўқувчилари бориб кўрганлар. Масалан, 1940 йилда Наманган музейига 46 минг киши ташриф буюрган ва уларнинг асосий қисмини ўқувчилар ташкил қилган.

Маълумки, совет ҳокимияти тадбирларига халқни жалб этиш учун халқ артистларини чақиришган. Хусусан, Қўқонда Аҳмаджон Умурзоқов, Маҳкам Ҳофиз, Андижонда Орифжон Тошматов, Ҳайит Охун, Марғилонда Юсуф қизиқ Шакаржонов ва уста Олим Комиловлар халқ олдида ўз санъатларини намойиш этишган. Кўпгина артистлар партия, комсомол, касаба иттифоқи, клублар, “қизил чойхоналар” қошидаги ансамблларга бирлаштирилган. 1917 йил декабрида Андижон совети томонидан ансамбль тузилади ва у агитбригада билан бирга Андижон аҳолисига хизмат кўрсатади. Бундай ансамбль Марғилонда ҳам ташкил этилади. Мазкур ансамбллар кейинчалик ташкил этилган театрларга асос бўлиб хизмат қилган. 1918 йилда Фарғонада шоир, драматург ва композитор Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ташкилотчилигида биринчи ўзбек совет театри ташкил этилди. Мазкур театр қошида Фарғона вилоятининг турли районларига бориб, томошалар кўрсатиш мақсадида сайёр театр труппаси тузилди. Шу йили Қўқонда ҳам театр труппаси ташкил этилади. 1919 йилда Туркистон республикаси инқилобий ҳарбий совет қарорига кўра, барча санъаткорлар “ўз касбий вазифаларини бажариш учун” ҳарбий рўйхатга олинади. Ҳамза бошчилигидаги ўлка мусулмон труппаси Туркистон Ҳарбий қўшинининг сиёсий бўлими таркибига киритилди.

1919 йилнинг охирида Андижонга Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий бошчилигидаги театр труппаси ташриф буюради ҳамда Андижонда ҳам театр ташкил этишга ёрдам беради. Андижон театрини ташкил этишда Орифжон Тошматов (Ориф Гармон), Тўхтасин Жалилов катта ҳисса қўшдилар. 1924 йилда Андижон театри шаҳарнинг “эски қисмида” янги қурилган бинода иш бошлайди. Мазкур театр 1926 йилдан “Умид” номли Андижон ўзбек давлат кўчма театр-концерт труппасига айлантирилди. 1927 йилда “ҳақиқий аҳволни” кўрсатиш учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида ушбу труппага давлат томонидан 14 минг рубл маблағ ажратилди. Шу йили Андижон театрига Қори Ёқубовнинг мусиқий этнографик ансамбли қўшилади ва Тамара Хоним, Гавҳар Раҳимова, Лутфихоним Саримсоқова ҳамда бошқа санъаткорларнинг келиши маданий муассасалар ишини жонлантиришга ёрдам беради.

Намангандаги театр тўгараги 1925 йилда “Шарқ труппаси” деб атала бошлайди ва унда мактабларда ишлаган ўқитувчилар фаолият юритганлар. 1927 йилда театр халқ таълими шаҳар бўлими таасарруфига ўтади. 1929 йилда давлат вилоят театрига айлантирилади. Дастлабки йилларда Андижон театри Наманган театрини оталиққа олган ҳамда ўз артистларини у ерга жўнатган.

Театрларнинг репертуарларидан Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Зафарий ва бошқа ўзбек драматургларининг пьесалари ҳамда жаҳон дурдоналари ўрин олган. Шунингдек, рус ёзувчиларининг асарларини саҳналаштиришга ҳам алоҳида эътибор берилган. Умуман, совет ҳукумати турли тадбирларини ўтказишда театр труппаларидан усталик билан фойдаландилар. Хусусан, ер-сув ислоҳоти ўтказилганда ҳам мазкур театр труппалари доимий равишда гастрол сафарларида бўлиб, тарғиботчилардан кейин ўзлари ҳам совет ҳокимиятининг ўтказаётган тадбирларини тарғиботига бағишланган саҳналаштирилган томошаларни намойиш этишган. Айниқса, дастлабки йилларда “синфий душманга” қарши курашда улардан кенг фойдаландилар.

Шундай қилиб, совет ҳокимияти Ўзбекистон шаҳарларида, жумладан Фарғона водийси шаҳарларида аҳолини урбанистик типдаги оммавий маданиятга жалб қилиш шларини бошлаб юборган. Булар эса шаҳар аҳолисининг кундалик ҳаётида ўзига хос янгилик бўлди. Шу билан бирга маданий ҳаётдаги ўзгаришлар шаҳар аҳолисини тўлиқ қоплай олмади, чунки шаклланиш босқичида бўлган “пролетар” маданияти ва устун мавқега эга бўлган анъанавий маданият ўртасидаги тавофут катта эди. Совет ҳокимияти коммунистик жамият қуриш учун маданий муассасалар фаолияти орқали халқ орасида ўз ғояларини ёйиш, халқнинг дунёқарашига таъсир ўтказиш ва халқни коммунистик ғоялар асосида бирлаштиришни мақсад қилган эди. Бу даврда маданий муассасалар зиддиятли равишда ривожланди, бир томондан улар аҳолининг маданий эҳтиёжларини қондириш йўлида фаолият юритган бўлса, иккинчи томондан вазифаларига синфийлик ва партиявийлик нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ёндашди. Совет ҳукумати маданий муассасалар фаолияти орқали аҳолининг “социалистик” жамиятда ижтимоийлашувини таъминлашга ҳаракат қилди.

С.Шадманова,
ЎзРФА тарих институти,
Т.Шадманов,
 халқаро Вестминстер
университетининг Тошкент филиали.

You must be logged in to post a comment Login