Фарғона водийсида мумтоз ҳофизлик санъатининг ривожи

Заминимизда мусиқа маданияти қадим замонларга боғланиб кетади. Қадимшунос олимлар томонидан ўтказилган тарихий қазилмалар натижасида топилган дутор, қонун, най, сурнайга ўхшаш созлар, тошларга ўйиб битилган созандаларнинг соз чалиб тургандаги тасвирлари, миниатюра асарларидаги созанда ва ҳофизларнинг расмлари ўлкамизда ижрочилик санъати қадимдан ривожланиб келганлигидан далолат беради. Ҳар бир тарихий даврда халқнинг этник жойлашиши, яшаш шароитлари, турмуш тарзи ва турлича маданий ривожланиш даврига асосланиб, мусиқа маданияти ҳам ўз ўрнини топганлиги тарихий ҳақиқатдир.

Юқоридаги фикрларга асосланган ҳолда Фарғона водийсида ҳам ушбу тарихий жараёнларда мусиқа маданияти, мумтоз қўшиқчилик санъати ўзининг барча даврлардаги ривожланиш босқичларини кечирганлигини гувоҳи бўламиз. Мумтоз қўшиқчилик санъати минг йиллар қаъридан кўз очиб, ўн икки мақом, олти мақом бастакорлик ижоди натижасида доимий ривожланиш жараёнига ҳамоҳанг бўлиб келган.

Халқ санъатининг улкан билимдони устоз Юсуфжон қизиқ Шакаржонов: “Миллий мусиқа санъатимиз бамисоли бир дарахт бўлиб, унинг томири Хоразм, танаси Бухоро, шоҳлари Фарғонадир”,-деб таърифлаган эканлар. Ана шу дарахт замирида Бухоро, Хоразм мақомларига асосланган ҳолда Фарғона водийсида ҳам тўрт мақом — “Чор мақом” ривожланган бўлиб, “Дугоҳ ҳусайний”, “Гулёри Шахноз”, “Чоргоҳ”, “Баёт” мақом ижроларини савти ва тароналари билан 120 дан ортиқ кўринишлари ўз ифодасини топган. Водийда мумтоз қўшиқчилик санъати ана шу мақом ижролари замирида ривожланиб келган. Ҳофизларимиз “Гуллуги”, “Бинниги”, “Шиками”, “Ҳонақохий” деб аталмиш ижро йўлларидан фойдаланишган.

XIX — XX асрларда ижод қилган мумтоз ҳофизлар ҳам асосан ана шу ижрочилик услубидан фойдаланишган. Бу услублар асосан ижро давомида чуқур нафас олиш, нафасни тежамкорлик билан чиқариш, ашула сўзларини аниқ талаффуз этиб, ғазал мазмунини ифодали қилиб етказишга асосланган. Албатта бу ижролар ўктам, бақувват овозга эга бўлган ҳофизларга насиб этган. Аввало, “Ҳофиз” сўзининг маъносини англаш зарур бўлади. “Ҳофиз” арабча сўз бўлиб, “Ёзда сақламоқ” маъносини англатади. “Ҳофиз” – Оллоҳнинг 99 исмларидан бири деб ҳам таърифланади. Шунинг учун ҳам ҳофизлик муқаддас касб саналган.

Фарғона водийси мумтоз ҳофизлик санъати ҳақида гап борганда, биз ижро услубларини уч йўналишда ўрганишни тавсия этамиз: 1. Хўжанд ҳофизлик мактаби; 2. Андижон, Наманган ижрочилиги, Марғилон услуби; 3. Қўқон ва атроф туманларининг ижрочилик мактаби уйғунлашувида Янгиқўрғон-Қўқон-Бешариқ услуби мавжуд бўлган.

Юқорида зикр этилган даврларда Фарғона водийсида ҳофизлик санъатининг бутун бир авлоди етишиб чиқди. Айниқса, Хўжанд ижрочилик мактабидан Содирхон ҳофиз Бобошарипов, Умархон, Тўрахўжа, Абдуқаюм, Каримжон ҳофизлар; Қўқон, Марғилон, Андижон ижрочилик мактабининг намоёндалари — Ҳамроқул Қори, Деҳқонбой, Ашурали ҳофизлар, Эрка қори Каримов, Рахмон ҳофиз (Раҳмон тик), Сангил Ҳофиз, Саидқул, Эшмат ҳофиз, Умрзоқ полвон, Мадали ҳофиз, Зохидбек, Болта ҳофиз, Хайдарали Ҳикматов, Матхолиқ, Холқора ҳофизлар; Андижон-Марғилон мактабидан Беркинбой Файзиев, Абдулла Файзуллаев, Мамадбобо Сатторов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Солижон Хошимов сингари ҳофизлар шулар жумласидандир. Бу номларни ўнлаб давом эттириш мумкин. Фарғона мумтоз ҳофизлик санъатининг энг юқори чўққиси бўлган “Катта ашула” ижрочилик йўли фақат водийлик ҳофизлар томонидан маромига етказилиб ижро этилиб келинган. Юқорида номлари зикр этилган ҳофизларимиз бу мураккаб йўлни бетакрор ижрочилари бўлганликларига тарих шохиддир.

Машҳур ёзувчимиз Абдулла Қодирий “Меҳробдан чаён” романида Қўқон хони Худоёрхон саройидаги аёл ҳофизлар тўғрисида аниқ маълумот беради. Нусрат ҳофиз, Мисқол ҳофиз, Тош ҳофиз, Зебохон, Ботирбоши хола, Тилло ҳофиз, Тожихон ҳофиз, Хон оғача, Ражабхон ҳофизларниниг номлари зикр этилади.

Шундан кўринадики, ўша даврларда мумтоз ҳофизлик санъатига эркак ҳофизларимиз билан бир қаторда аёл ҳофизларимиз ҳам муносиб улуш қўшишган.

ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб Фарғона водийсида мумтоз ҳофизлик санъати гулдастаси навбатдаги авлод қўлига ўтди.

Очилхон Отахонов, Одилжон Юсупов, Муроджон Аҳмедов, Расулқори Мамадалиев, Фаттоҳхон Мамадалиев, Таваккал Қодиров сингари ўнлаб ҳофизлар шулар жумласидандир.

Буюк мустақиллигимиз шарофати билан анъанавий ҳофизлик санъатимиз ривож топмоқда. “Шарқ тароналари” халқаро анжуманида, кўрик-танловларда ҳофиз ва хонандаларимиз эришаётган муваффақиятлари ҳофизлик санъатимизнинг янги келажак авлод қўлига топширишда кўприк бўлиб хизмат қилмоқда. Ота-боболаримиз асрлар мобайнида эъзозлаб, сайқал беришиб, катта ижодий изланишлар билан ўз елкаларида опичлаб ўтган буюк санъатимиз хазинасини, мумтоз ҳофизлик ижрочилиги анъанасини бугунги кунда етишиб чиқаётган авлод вакиллари келгуси асрларга шараф билан олиб ўтадилар деган умиддамиз. Мамлакатимизда маънавий меросимизга бўлган ҳозирги талаб шуни тақазо этади.

С. Маннопов,

ФарДУ.

You must be logged in to post a comment Login