“Садоий Фарғона” газетасида ислом дини масалалари

“Садоий Фарғона” фарғоналик тараққийпарвар, жадид зиёлиларининг ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий газетаси бўлиб, Қўқонда 1914 йил 3 апрелдан 1915 йил 26 майгача туркий (ўзбекча) тилида нашр қилинган. Газета ташкилотчиси қўқонлик тараққийпарвар зиёли ва тадбиркор Обиджон Маҳмудов (Обид чатоқ)нинг хусусий босмахонасида 4 саҳифада 500-600 нусхада чоп этилган.

Зиё Саид қайд этишича, Обиджон Маҳмудов газетанинг ҳам ношири, ҳам муҳаррири бўлган. Газетанинг яна бир асосий ташкилотчиси Ашурали Зоҳирийдир. Ашурали Зоҳирий газетанинг йўналишини белгилаб турган, кўплаб мақолалари билан қатнашиб турган,ҳамда мусаҳҳиҳлик қилган.

Газетанинг биринчи сонида қайд этилишича: “Ҳафтада уч марта чиқадурғон илмий, фанний, сиёсий, туркийча газета”дир. Демак газета илмий-сиёсий, нашр бўлиб, унда диний масалаларга ҳам жуда кўп тўхталиб ўтилади.

Газета саҳифаларида чоп этилган диний мақолаларда мусулмон дунёсидаги ислоҳотчилик ҳаракатларини кенг тарғиб қилиб, мусулмон мутаассиблигига қарама-қарши равишда диний ва дунёвий маърифатпарварлик ғояларини олға суради. Шариат қоидаларига зид, бидъатга айланган кундалик турмушда учраб турадиган урф-одатлар, мутаассибча қарашларни аёвсиз қоралайди. Дин пешволарининг ножўя ҳаракатларини очиб ташлашга ҳаракат қилиб, ҳақиқий дин ва унинг амалларини соф ҳолда кўрсатиб берувчи мақолалар ҳам талайгина. Масалан, Ислом динининг беш устунидан бири ҳаж амали ҳақида бир неча мақолалар берилган.

“Ҳожилар диққатига”, “Ҳаж йўли ҳақинда”, “Яна ҳожилар ҳақинда”, “Ҳожиларға раҳбар”, “Вақт. Ҳожилар диққатиға”. Шулардан “Ҳожиларға раҳбар” мақоласини кўриб чиқамиз. Бу мақола ҳожилар учун қўлланма сифатида ёзилган. Яъни унда ҳаж сафарига бориш учун керак бўладиган ҳужжатлар, унга ҳаражатлар келтирилиб, йўл кўрсатувчи харита тарзида ҳам ёзилган: “(Тошканд-Самара, Тула-Харков) шаҳарлари орқалик кетганда Туркистон шаҳарлари ва истонсияларидан то Одесса, Феодесия ҳам Ботумғача, 3-класс билитининг ҳақи 25 сўм билан 28 сўм орасидадур”.

Газетада шунингдек, дин пешволари, уламолари, эшонларнинг ислом дини қобиғида қилаётган ножўя ҳаракатлари қораланади. Масалан, 1914 йилнинг 35-сонида Аюбий деган муаллиф томонидан берилган “Яланғоч эшон” мақоласини олишимиз мумкин. Унда Ғова номли қишлоқда таърифи ва тавсифи узоқларга кетган эшон ҳақида сўз юритилиб унинг ножўя ҳаракатлари, унинг меҳмони бўлган муридлари бозорларда халққа эшоннинг кароматлари ҳақидаги ҳикояларни ёлғон сўзлашлари, бунга эса одамлар ишонишлари ва энг ёмони қишлоқ уламолари унга қарши чиқа олмай, эшондан қўрқиб, уни маън қила олмас эканлар: “Эшоннинг ўзи зоил бўлғон экан, чунки ўзи яланғоч олдида уч-тўрт адад итлари дастурхондаги нонларни оёғи ила юрибдур. Ўшал нонларни ва таомларни келғучи ихлослик одамларға беруб экан. Содда ва нодон одамлар эса уларга ишонар, уларни табаррук деб тановул қилар”. Мақола муаллифи ушбу илмсиз эшоннинг ножўя ҳаракатларини ўз кўзи билан кўрганлигини, унга нисбатан ҳеч қандай ихлоси йўқлигини таъкидлаб, одамларга ҳам эшоннинг ҳақиқатда қандай инсон эканлигини исботлашга ҳаракат қилади.

Газетада диний мақолаларида юқоридаги эшонга ўхшаган мутаассиб уламолар, уларнинг эскича қарашлари аёвсиз қораланади. Уларга эргашиб, кўр- кўрона ишонувчи авом халқни кўзини очишга, билимсизликка чек қўйиб, илм олишга, диний ва дунёвий билимларни эгаллашга чақирилади.

Бу эса яна бир карра газета водийлик тараққийпарвар жадид намоёндаларининг нашри эканлигини эслатиб туради.

Билимсизликни йўқотиш, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаш, яроқсиз холга келган, қолоқликка юз тутган эскича усулда таълим берувчи мактаб ва мадрасаларни “Усули савтия”ларга алмаштириш вақти келганлиги ва болаларни уларга бериш тарғиб қилиниб, ўз навбатида эса бунга қарши чиқаётган баъзи уламолар қораланилади: “Азиз болаларимизни саодати учун шаҳримизда бир мактаб очишға алҳамдуллуллоҳ мувофиқ бўлдук, бунинг учун Аллоҳ таоло ҳазратиға муташаккурдурман. Лекин баъзи уламоларимиз ҳақиқат аҳволиға тушунмасдан бул мактаб зарариға ҳаракат қилдилар. Мактаб мутасаддиларини шаънида ҳеч бўлмайдирғон баҳона бўхтон ва туҳмат ёғдирдилар. Азиз болаларни 2-3 санада Биноул ислом: таҳорат, намоз, рўза, ҳаж, закот, Қуръони Карим, тажвид, китоб ва шунга ўхшаган зарур, муҳим нимарсаларни ўқитуб билдурғони учун ҳам мактаб гуноҳкор”.

Газета саҳифаларидаги диний мақолалар рукнларида яна турли хил мавзуларда мусулмонлар ҳаётидан олинган мақолаларни ўқиш мумкин. “Исроф ва беҳудалик”, “Муҳим жавоб ёинки фатво”, “Биби обида қусурларимизға бир назар”, “Хутба қандай сўйланурға керак”, “Динни алмаштирмоқ масаласи”, “Рамазон боши, “Биз ва жума байрамларимиз”, “Байрамларимизға эътиборсизлик ва унинг муҳим натижалари” ва хакозо.

“Байрамларимизға эътиборсизлик ва унинг муҳим натижалари” мақоласи билан танишар эканмиз, унда муаллиф диний байрамлар, уларга қанчалик амал қилиниб адо этиш масаласини кўтариб чиқади. Байрамларга эътиборсизлик қораланади. Нима учун Туркистонлик мусулмонлари расули пайғамбар саллалллоҳу алайҳи васалламнинг мавлуди, меърож ва бошқа муқаддас саналган кунлар байрам этмайдилар, хатто жума кунларини ҳам ибодат ва яқинлар зиёрати ила ўтиш камаяётгани афсус билан тилга олинади. Яъни мусулмонлар олти кун қилган меҳнат, савдоларини тўхтатиб, қариндош, яқинларни зиёрат қилиш, жума намозидаэзгу амалларни қилишга даъват этилади, мақолада шундай дейилади. “Жума намозидан илгари мухтарам олимларимиз илмий ва ахлоқий ваъзлар сўзлаб жаноб ҳақ тарафидан гарданлариға лозим бўлғон фарз ҳам қарзни соқит қилғонлари баробарида халқнинг ахлоқи ва муаммолари ҳам тузалиб кўп ишларимиз ҳозиргидан неча баробар яхшиланган бўлур эрди. Таассуфки бул вазийфани яхудий имомлари адо қилмоқдалар”.

Газета саҳифаларида диний ҳаётни ёритишда чет эл матбуотидан ҳам фойдаланилган. Масалан, “Рамазон боши” мақоласида Уфа Духовная соборниясининг қозиси имом Муҳаммад Собир Алханинг “Вақт” газетасига ёзган мактуби ҳақида маълумот берилади.Унда рамазон ойининг бошланиши ой кўринишига қараб қайси кунга тўғри келиши ҳақида батафсил тўхталиб ўтилади: “Бу йил маҳкамаи шаърий тарафидан ой бошлари ҳақинда жадвал тақдим қилинди ҳамда бу жадвал ҳар бир мусулмон газеталарида босилуб чиқди. Уфада шул жадвалга муофиқ шаабон боши 11-чи июн чаҳоршанба, рамазон боши 11 июл жума куни ҳисоби қилинадур”.

Хулоса шуки, “Садоий Фарғона” саҳифаларида чоп этилган мақолалар таҳлили ислом динини маънавий-диний ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, уларда билимми уламолар мутаассиб уламоларнинг қолоқлигига қарши курашиб, ислом динининг ривожига ҳаракат қилганлар.

Н. Раҳимжонова,

ЎзР ФА Тарих институти.

You must be logged in to post a comment Login