“Олтин Гепард” иккинчи Тошкент халқаро кинофоруми ғолиблари аниқланди

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳридаги “Туркистон” сароийда “Олтин Гепард” иккинчи Тошкент халқаро кинофоруми якунланди.

30 сентябрь куни Art Week Style.uz – 2012 Санъат ҳафталиги доирасида бошланган мазкур кинофорум 6 кун давомида “Замонавий кино санъати: макон, замон, кўнгил”мавзусидаги халқаро илмий анжумани, ёш кино мутахассислари учун режиссура ва монтаж бўйича маърузалар, баҳс-мунозаралар, қизиқарли маҳорат дарслари, пойтахтимизнинг йирик кинозалларида анимацион кинолар, қисқа ҳамда тўлиқ метражли фильмлар намойиши билан қизғин ва кўтаринки руҳда ўтди.

Кинофорумда дунёнинг элликка яқин  мамлакатидан 500 дан зиёд тўлиқ ва қисқа метражли, аниматцион картиналар тақдим этилган бўлса, ундан 33 таси кинофорум учун саралаб олинди. Айниқса, кинофорумнинг “XXI аср тамаддунлари: маданиятлар мулоқоти” мавзуси асосида ўтказилганлиги, санъатнинг турли миллат ва элатлар ўртасида тил танламаслиги, халқлар ўртасидаги ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик, маданий мулоқот, кўнгилочар восита вазифасини бажаришини исботлади.

– Кинофорумнинг қисқа метражли фильмлар танловида ҳакам сифатида иштирок этиб, фильмлар мавзусининг ранг-баранглиги, уларда миллий ва умумбашарий ғоялар илгари сурилганининг гувоҳи бўлдим, – дейди кореялик киношунос Ҳонг Сан У. – Бу эса инсон камолотига, мустақил ва соҳлом фикрли шахсни тарбиялашга хизмат қилади.

– “Олтин Гепард” кинофоруми мисолида Ўзбекистон ўзининг тарихий нуфузини тиклаб, яна санъат ва маданият, маърифат марказига айланаётганига ишонч ҳосил қилдик, – дейди германиялик киноижодкор Томас Маух. – Ушбу ижодий лойиҳанинг баланд руҳ ва юксак савияда ўтказилгани Ўзбекистонда барча ислоҳотлар аввало инсон манфаатларини таъминлашга йўналтирилганини кўрсатади.

Ва ниҳоят орзиқиб кутилган дақиқалар етиб келди. Саройда йиғилганларнинг барчаси ҳаяжонда. Кинофорум натижалари навбат билан эълон қилина бошланди: хорватиялик режиссёр Велико Поповичнинг “Муҳаббат тарихи” (“Dove sei, amor mio”) фильми– “Энг яхши анимацион фильм учун” номинацияси бўйича, эронлик режиссёр Сайфулла Самадиёнинг “Беш қисқа ҳодиса” фильми – “Энг яхши қисқа метражли фильм учун” номинациясида, актёр Ованес Торосян режиссёр Константин Божановнинг “АVE” фильмидаги роли учун (Болгария) – “Энг яхши эркак роли”, актриса Урсула Грабовская режиссёр Феликс Фалкнинг “Ioanna” бадиий фильмидаги роли учун (Польша) “Энг яхши аёл роли” номинациясида, режиссёр Роландо Колла “Ёзги ўйинлар” фильми учун (Швецария – Италия) – “Энг яхши режиссура” номинациясида, полшалик режиссёр Феликс Фалкнинг “Ioanna” картинаси – ““Энг яхши тўлиқ метражли фильм учун” номинацияси бўйича танлв ғолиби деб эълон қилинди.

“Олтин Гепард” иккинчи Тошкент халқаро киноморуми соҳибларига дипломлар ва махсус статуеткалар тантанали равишда топширилди.

Шоҳидбек АСЛОНОВ.

You must be logged in to post a comment Login