ТОШКЕНТДА “ОЛТИН ГЕПАРД” КИНОФОРУМИ ОЧИЛДИ

30 сентябрь куни Тошкентдаги “Sity Makon” маданий-маърифий кўнгилочар марказида Art Week Style.uz – 2012 Санъат ҳафталиги доирасида “Олтин гепард” Иккинчи Тошкент халқаро кинофорумининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси томонидан “Ўзбеккино” Миллий агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур киноанжуманда вазирлик ва идоралар, ижодий ва халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, мамлакатимиз ва хориж киноижодкорлари, режиссёр ва актёрлар, санъатшунос олимлар, талаба-ёшлар, санъат ихлосмандлари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Президентимизнинг 2004 йил 16 мартда қабул қилинган “Киноматография соҳасида бошқаришни такомиллаштирш тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда миллий киноматографияни ҳар томонлама ривожлантириш, миллий истиқлол ғоясининг мазмун-моҳиятини бадиий акс эттириш, киноматография соҳасининг халқимиз ҳаёти, айниқса, ёшлар тарбиясидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, ғоявий-бадиий савиясини оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Юртимизда бу борадаги ишлар самарасида ташкил этилган “Олтин гепард” халқаро кинофоруми жаҳон кино жараёнларини ўзида акс эттирувчи ёрқин ва ўзига хос кино асарларини жалб қилиш, кино соҳасида халқаро алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, миллий кинематографияни ривожлантиришга ҳисса қўшиш, уни жаҳонда оммалаштириш ҳамда ўзбек киноси олтин фондини тарғиб этиш, жаҳон кино саноати мутахассисларини жалб этган ҳолда Ўзбекистоннинг ноёб тарихий меросини намойиш этиш, маҳаллий томошабинларни замонавий жаҳон кинематографияси билан таништириш, ёш, истеъдодли кинематография усталарини кашф этиш ва уларнинг ижодини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бу йилги кинофорумда иштирок этиш учун 45 дан ортиқ мамлакатдан кинематография усталари ариза топширган. Саралаш комиссияси томонидан тўлиқ метражли 157 та картина, қисқа метражли кинолар бўйича 260 та ҳамда анимацион кино бўйича 86 та фильм қабул қилинди. Натижада танлов дастури учун 33 та фильм: 12 та тўлиқ метражли, 10 та анимацион ҳамда 11 та қисқа метражли танлаб олинди. Шунингдек, кино арбоблари билан 11 та маҳорат дарси ўтказилиши кўзда тутилган.

Тадбир якунида россиялик режиссёр, актёр, Америка киноакадемиясининг “Оскар” мукофоти соҳиби Владимир Меньшов ва Арно Фриле томонидан илк ўзбек фильмларидан бири “Иккинчи хотин” картинасининг қайта тикланган ва рақамли форматга ўтказилган нусхаси томошабинларга намойиш этилди.

Шунингдек, санъат ҳафталигида яна учта йирик лойиҳа амалга оширилади. Булар 9 октябрга қадар давом этадиган “Theatre.UZ/2012” халқаро театр фестивали, VI Тошкент халқаро фотобиенналеси-2012 ҳамда Art Week Style.uz санъат ҳафталигидир.

Шоҳидбек АСЛОНОВ.

You must be logged in to post a comment Login