ЯҲЁБЕК ҚОЗОНДА ЎТКАЗИЛГАН ХАЛҚАРО ТАНЛОВ ҒОЛИБИ

SHS_2905

Ўзбекистонда болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури доирасида улкан ишлар амалга оширилди. Жумладан, 278 болалар мусиқа ва санъат мактаби фойдаланишга топширилди. Улар 30 мингдан ортиқ янги мусиқа асбоблари, 61 минг нусха ўқув қўлланмалари, миллий ва жаҳон мусиқаси ноталари билан таъминланди. 
Мусиқа ва санъат мактабларида миллий мусиқий меросимиз билан бирга, жаҳон мумтоз композиторлари ижоди ҳам кенг ўрганилмоқда. Ёшларимиз жаҳон саҳналарида ўз иқтидор ва истеъдодларини намоён этиб, давлатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилмоқдалар.

Яҳёбек Муқимжонов 1999 йилда Чимён қишлоғида туғилиб, Фарғона туманидаги 12-умумтаълим мактабида ўқиди. Фарғона шаҳридаги 4-мусиқа ва санъат мактабида Аъзамжон Ражабовдан катта ашула сирларини ўрганди. 11 ёшида “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивалининг республика босқичида лауреат бўлди. Муҳиддин қори Ёқубов номидаги кўрик-танловнинг вилоят босқичида фахрли ўринни, 2011 йилда эса “Ягонасан, муқаддас Ватаним!” республика танловида 2-ўринни эгаллади.

2012 йилда Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтказилган 4-Халқаро болалар Муғом фестивалида олий ўринга муносиб кўрилиб, лауреат бўлди. Шу йили пойтахтимиздаги Успенский номли академик лицейга имтиёзли қабул қилинди.

Академик лицейда Яҳёбекка Ўзбекистон халқ ҳофизи Бекназар Дўсмуродов, Ўзбекистон халқ артисти Насиба Сатторова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳуррият Исроилова, Дилдора Жамоловалар устозлик қилишмоқда.

Жорий йилнинг март ойида Яҳёбек Муқимжонов Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган 8-халқаро “Живой родник” (“Тирик булоқ”) халқ ижодиёти конкурсида 1-ўринни олиб, лауретликни қўлга киритди. 2017 йилда Нью-Йоркдаги бутун дунёга машҳур бўлган “Carnegie Hall” концерт залида гала-концертда иштирок этиш таклифномасига ҳам эга бўлди.

– Эришган барча ютуқларим замирида мамлакатимизда ҳар бир ёшга, истеъдод эгасига қаратилаётган улкан эътибор, рағбат ётибди. Мен шу имкониятлардан унумли фойдаланиб, анаъанавий хонандачилик йўналишида устозларимдан сабоқ олиш билан бирга, келажакда миллий эстрадада ҳам ўзимни синаб кўрмоқчиман. 

You must be logged in to post a comment Login