ГЕРМАНИЯ ЭЛЧИСИ ФАРҒОНАГА ТАШРИФ БУЮРДИ

элчи

Мустақиллик йилларида юртимизда Германия давлати билан маданий алоқалар ривожланди. Айниқса, таълим масканларида немис тили чуқурлаштирилган ҳолда ўрганилиб, Германия мамлакати ҳаёти билан яқиндан танишиш имконияти туғилди.

Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг жаноблари вилоятимиз таълим даргоҳларида бўлиб, фарғоналик ўғил-қизлар ҳаёти, қизиқишлари билан яқиндан танишди.

Фарғона Давлат университети билан дунёдаги бир қатор давлатлар олий таълим даргоҳлари ўртасида узвий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Германиялик мутахассислар, жумладан Симоне Хелмшрот томонидан бугун университет  талабаларига немис тилидан сабоқ берилмоқда.

Юксак мартабали меҳмонга ушбу олий таълим даргоҳи, шунингдек,  Фарғонада ўтказиладиган “Универсиада-2016”  мусобақаларига кўрилаётган пухта тайёргарлик тўғрисида сўзлаб берилди.

Шундан сўнг талабалар билан самимий мулоқот бўлиб ўтди. Ёшларнинг Германияга оид, ўзаро алоқалар, тажриба алмашишлар борасидаги саволларига элчи батафсил жавоб берди. Шу ўринда Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик алоҳида эътироф этди.

­– “Универсиада” мусобақаларига мезбонлик қиладиган Фарғонадаги бугунги тароват, ҳаракат ва кўтаринкилик мусобақаларни юқори савияда ўтишидан дарак беради, ­– деди Н. Хёфер-Виссинг жаноблари. – Мана шундай тиғиз ва долзарб паллада мен учун вақт ажрата олган Фарғона Давлат университети ўқитувчи ва талабаларига ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман. Учрашув ва суҳбатлардан аён бўляптики, ўзбекистонлик ёшларнинг Германияга бўлган қизиқишлари катта. Немис тилини ўрганаётган йигит-қизларнинг фикрлашлари Ўзбекистоннинг келажаги ишончли қўлларда эканлигидан далолат беради.

Фарғона политехника институти бугун ўзгача қиёфа касб этган. Қайта реконструкция қилинган, таъмирлаш ишлари амалга оширилган таълим даргоҳида ҳам кичик олимпиада саналган Универсиада мусобақаларига алоҳида тайёргарлик кўрилмоқда. Элчи жаноблари институтда олиб борилаётган ободончилик ишлари, тайёргарлик жараёнлари билан яқиндан танишди. 

Фарғона политехника институти қошидаги “Ёрмозор” академик лицейида немис тилини ўргатишга алоҳида эътибор қаратилади. 2009 йилдан буён бу таълим даргоҳи ўқувчилари танлов асосида Германияда ёзги тил ўрганиш курсларида қатнашиб, билимларини мустаҳкамлаб қайтмоқдалар.

Академик лицейни битириб, Германиянинг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олаётган Наврўза Аслонова, Нодира Ҳожиакбарова, Шаҳбоз Темуровлар бугун таълим масканининг фахри.

Ўқувчилар томонидан шеърлар, қўшиқлар айтилди, “Мен немис тилини нима учун ўрганяпман?” мавзусида тақдимот ўтказилди.

Жорий йилнинг 5 февраль куни Гёте институти томонидан ўтказилган имтиҳон натижалари элчи жаноблари томонидан эълон  қилиниши ва тўрт нафар ғолиб ўқувчига сертификатлар топширилиши академик лицей учун қувончли воқеа бўлди.

Марғилон шаҳридаги 6-умумтаълим мактабида ўқувчиларга 16 нафар ўқитувчи немис тилидан чуқурлаштирилган ҳолда сабоқ беради. Ўқувчилар шаҳар, вилоят ва республика танловлари, билимлар беллашувларида ҳар йили ғолиблар қаторидан жой олишади.

Билимлар синовларида ғолиб бўлган мактаб ўқувчилари билан бўлган мулоқот ҳам самимий кечди.

Найтхарт Хёфер-Виссинг жаноблари “Индорама Коканд Текстиль” корхонасида ҳам бўлди. Корхона раҳбари Дипак Рейна маҳсулот турлари, ишчи-хизматчилар фаолияти тўғрисида гапириб берди.

Яқинда бу ерда 52 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳа иш бошлайди. Германиядан келтирилган янги технологияларни ўрнатиш учун немис мутахассислари томонидан сўнгги монтаж ишлари бажарилмоқда.

Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг жанобларининг Фарғонада бўлиши ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз. 

You must be logged in to post a comment Login