Руслан Чагаев Варнерни техник мағлубиятга учратди

Германиянинг Оберхаузен шаҳрида германиялик Вернер Крейскоттга қарши рингга тушган ўзбекистонлик боксчи, собиқ жаҳон чемпиони Руслан Чагаев техник нокаут билан рақиби устидан ғалаба қозонди, деб ёзади 12.uz сайти.

Руслан Чагаев ва Вернер Крейскот ўртасидаги жанг 1 сентябр куни Оберхаузен шаҳрида тантанали бокс кечаси доирасида бўлиб ўтди.

Баҳс давомида Чагаевнинг қўли бир бош устунлиги сезилиб турган. 5-раундда вакилимиз кетма-кет зарбалар билан рақибини нокдаун ҳолатига туширди.

Крейскотт ўзини ўнглаб олишга муваффақ бўлди, бироқ орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас чап томондан қаттиқ зарба еган германиялик боксчи яна ўзини йўқотди.

7-раунддаги 3-нокдаундан кейин эса рефери жангни тўхтатиб, Руслан Чагаевнинг техник нокаут билан ғалаба қозонганини қайд этди.

Шу тариқа 8 раундга мўлжалланган жанг муддатидан аввал якунланди. Айни пайтда Германияда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик Руслан Чагаев учун бу 2012 йилда ўтказилган учинчи жанг бўлиб ҳисобланади.

Аввалги икки учрашув ҳам собиқ жаҳон чемпиони ғалабаси билан тугаганди.

Руслан Чагаев ўтган йил 27 август куни Германиянинг Эрфурт шаҳрида Жаҳон чемпионлиги учун жангда россиялик рақиби Александр Поветкинга очколар ҳисобига ютқазиб қўйганди.

Аммо шундан сўнг ўтказган қатор рейтинг жангларининг барчасида у ғалаба қозонишга муваффақ бўлган.

Айни пайтда бу Чагаевнинг Universum Box-Promotion клубини тарк этганидан кейинги биринчи жангидир.

Ўтган ой ўзбекистонлик боксчи 10 йилдан буён шуғулланиб келган Гамбургдаги Universum Box-Promotion клуби билан шартномасини бекор қилиб, эркин агентга айланганди.

Ўзбекистонлик боксчи келаси йилнинг куз ойларида яна Жаҳон чемпионлиги камари учун рингга кўтарилишини кўзламоқда.

 

You must be logged in to post a comment Login