Фарғонада экотуризмни ривожлантириш учун 100 дан ортиқ ҳудуд танлаб олинди

эко

Гўзал ва бетакрор табиат, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, диққатга сазовор маданий ҳамда тарихий обидалар вилоятимизда экотуризмни жадал ривожлантиришда муҳим омилдир. Шу билан бирга халқимизнинг дунёнинг бошқа бирор минтақасида учрамайдиган этнографияси, маданияти ва урф-одатлари, миллий ҳунармандчилиги сайёҳларни жалб этувчи муҳим омиллар сирасига киради.

Шу боис вилоятимизда экотуризмни ривожлантиришда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, табиий ва тарихий, архитектура ҳамда археологик ёдгорликларни ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган.

Экотуризмни тизимли ташкил этишда шаҳар-туманлардаги турли геоҳудудларнинг ноёб хусусиятларини аниқлаш ва таснифлаш борасида алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ҳозирча вилоятимизда экотуризм талабига мос келувчи 100 дан ортиқ ҳудуд ва объектлар танлаб олиниб, чўл, адир ва тоғ минтақаларининг ўзига хос геоҳудудлари ўрганилди.

Мисол учун, “Сирдарё дарёси тўқайзорлари” сайёҳлик йўналиши дарёнинг чап соҳилидаги 58 км га чўзилган тўқайзорларни ўз ичига олади. Бу тўқайзорлар ранг-баранг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси билан ажралиб туради. Ўз навбатида мазкур ҳудудда муҳофаза қилинадиган ўрмонлар, Сариқамиш овчилик, Бешариқ ва Данғара балиқчилик хўжаликлари, Гумхона, Қайроққум каби табиат ёдгорликлари мавжуд.

Сирдарё соҳили ва  оролларидаги ўрмонлар, табиий ўрмонларни қайта тиклаш, ноёб турларини (туронғил, доривор ўсимликлар) кўпайтириш жараёнлари билан яқиндан танишиш хорижлик сайёҳлар учун олам-олам завқ бағишлайди. Бугунги кунда ҳудудда асаларичилик, ўрмонлар ва сув ҳавзаларидаги ҳайвонот дунёсини сақлаш, ноёб балиқ турларини кўпайтириш мақсадида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга ошириляпти. Қирғовул, тўнғиз, Бухоро буғуси, қамиш мушуги, олақўзон, бўрсиқ, сувда сузувчи паррандалар, баҳра балиқ, курак бурун, мўйли балиқлар ва бошқаларни кўпайтириш учун табиий шароитлар яратилди.

“Марказий Фарғона” табиат ёдгорлигининг умумий майдони 142,5 гектар бўлиб, 122 гектарни ўрмонлар билан қопланган дўнг-марза қумлар, 14 гектарини қамиш, оқбош, юлғунлар ўсадиган қумлар орасидаги пастқамликлар, 6,5 гектарни шўрхок ерлар эгаллайди. Ҳудудда “Қизил китоб”га киритилган Фарғона чипор калтакесаги, Штраух қурбақабоши, эчкиэмар, тўстовуқ, тўнғиз, ўқилон ва кўрмаилонлар муҳофазага олинган. Бу ердаги бой ўсимлик ва ҳайвонот оламидан илмий, ўқув-маърифий, эстетик ва туризм мақсадларида унумли фойдаланиш мумкин.

Вилоятимизнинг табиий сув ҳавзалари билан боғлиқ ёдгорликлари, адир геокомплексларидаги экотуристик объект ва ҳудудлар ҳам ўзига хос. Ўзбекистон туманида 21 та, Учкўприк ва Риштон туманларидаги 2 та қайнар булоқлар, асрий қайрағоч ва шарқ чинори (Олтиариқ тумани), кўл-булоқ (Тошлоқ тумани), Акбаробод қумлари (Қува тумани) сингари сайёҳлик объектлари давлат муҳофазасида. Бешариқ, Ўзбекистон, Риштон, Олтиариқ, Қува ва Фарғона туманларидаги адирёни текисликларида мевазор боғлар барпо этилди. Зилҳа қумлари, Сариқўрғон тепалиги, Китконтепа, Саур булоқ, Ёмонжар жарлари, қадимий пистазорлар, Оқбилол ғори каби табиат ёдгорликлари вилоятимизнинг экотуристик объектлари рўйхатини янада кенгайтиради.

Экотуризм нафақат улкан даромад манбаи, балки аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини яхшилаш, асл табиат неъматларини сақлаш ва муҳофаза қилишда ҳам ғоятда самаралидир. 

You must be logged in to post a comment Login