ФАРҒОНАДА 170 ДАН ЗИЁД ЗИЁРАТГОҲ МАВЖУД

зиёратгох

Дарҳақиқат, миллий ҳунармандчилигимизнинг нодир намуналари дунё сайёҳларини ўзига мафтун этади, улар ҳунар соҳибларининг мўъжизакор қўллари, санъаткорона маҳорати олдида ҳамиша қойил қоладилар.

Оддий бўзга ишланган камалак жилоси, ироқи дўппилардаги нақшу нигорлар, шоҳи сўзаналарнинг турфа ранг гуллари, қўйингки қўл ҳунармандчилигининг барча намуналари улкан таассурот манбаидир.

Юртимизнинг туризм салоҳияти юксалиб боришида қадим миллий ҳунармандчилик асори-атиқалари, сайқал топаётган  қўл ҳунармандчилик намуналарининг аҳамияти беқиёс. Қўҳна шаҳарларимиз Самарқанд, Бухоро, Хиванинг маҳобатли обидалари пойида барпо этилган ёдгорлик музейлари, кўргазмали савдо расталари ёнида деярли ҳар куни юзлаб сайёҳларни учратиш мумкин. Дунёнинг турли қитъаларидан келган меҳмонларнинг эгниларидаги миллий либосларимиз, бошларига қўндирган нақшинкор дўппиларимизни кўриб янада ҳайратингиз ошади. Сопол, зардўзлик буюмларини мароқ билан томоша қилаётганликларига назар ташлаб беихтиёр мўъжизакор замин одамлари эканлигингиздан фахрланасиз.

Вилоятимизда туризм соҳасини янада ривожлантириш ва туризм хизматлари экспортини оширишни таъминлашга қаратилган 2016-2017 йилларга мўлжалланган тадбирлар Дастури сайёҳларга хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиради. Зеро, вилоятимизда 170 га яқин зиёратгоҳлар мавжуд. Мазкур қадамжолар кейинги йилларда ободонлаштирилиб, маънавият ва маданият масканларига айлантирилди.

Дастур режасига биноан Марғилон шаҳрида Марғилон тарихи музейи негизида ҳунармандчиликнинг шаклланишига оид бўлим очиш, Саид Аҳмад Эшон Хўжа мажмуасида Миллий ҳунармандчилик маркази фаолиятини такомиллаштириш, уй-музей, меҳмонхона, ёдгорлик буюмларидан иборат савдо дўконларини ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди.

      – Бугунги кунда музейимизда 6 мингдан зиёд экспонатлар сақланади, – дейди Марғилон тарихи музейи директори Ғанижон Алижонов.- Шаҳарнинг 2000 йиллик ёшини кўрсатиб турувчи лойдан ясалган уй-рўзғор буюмлари,  мисдан ясалган тақинчоқлар, тангалар узоқ асрлик тарихий ҳақиқатлардан гувоҳлик беради. Музей залида 18 асрга доир ҳунармандчилик бўлими алоҳида эътиборга сазовор. Заргарлик, бешиксозлик, этикдўзлик, мисгарлик, читгарлик ҳунарига оид тарихий фотосуратлар,  абрбанд Турғунбой Мирзааҳмедов қайта тиклаган 100 йиллик адрас матоси нусхалари намуналари ҳақида қизиқарли маълумотлар мавжуд. Эндиликда бўлимда саёҳатчиларга ҳунармандчилик тарихидан батафсил маълумот бериш мақсадида адрас ва атлас тўқиш дастгоҳини амалий тарзда ишлатишни йўлга қўйдик. 

Ўтган йили Марғилонда  “Атлас байрами” халқаро фестивали ўтказилган эди. Бу фестивал том маънода Марғилон атласларини дунёга танитди десак муболаға бўлмайди. Дастур режасига кўра бу йил ҳам иккинчи бор ана шу фестивални ўтказиш кўзда тутиляпти. Байрамда тўқимачилик ва кулолчилик бўйича ЮНЕСКО сертификати учун  “Сифат белгиси” танловида қатнашган  ўзбек ҳунармандлари маҳсулотлари коллекцияси, ўзбек миллий матоларидан тайёрланган модалар намойиши, вилоятлардан ташриф буюрган  ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазмалари ташкил  этилади. Шу кунларда Миллий ҳунармандчилик марказида ёш ҳунарманд ва дизайнерларга замонавий безакларни қўллаган ҳолда маҳсулот яратиш бўйича амалий машғулотлар ўтказиляпти.

-                      Миллий архитектура ансамбли ва замонавий андозаларни ўзида мужассам этган уй-музей ва меҳмонхона барпо этиш орзуим эди, — дейди ипакли матолар устаси Расулжон Мирзааҳмедов. – Бунинг учун аввалом бор ҳунармандчилик тарихини пухта ўрганиш, қолаверса халқимизнинг тафаккури, истеъдоди, ўзига хос фазилатларини ифода этадиган номоддий мерос намуналари билан сайёҳларни таништириш имкониятини ҳам яратиш зарур эди. Узоқ йиллик изланишлар натижасида  Ипак йўли кўчасида “Меҳмондўст ҳунарманд” меҳмонхонасини қуриб битказдик. Адрас ва атлас декорациялари билан безатилган хоналар, устунли ёғоч айвон, меҳмонхона ҳовлисидаги манзарада ҳам миллий дид ва жозибани акс эттиришга ҳаракат қилдик. Мазкур меҳмонхона ўйлаймизки, Ўзбекистон мустақиллигининг шонли 25 йиллиги ҳамда бу йил сенятбрь ойида ўтказиладиган “Атлас байрами” га муносиб туҳфа бўлади, хорижлик сайёҳларнинг эътиборини тортадиган оҳанграбо гўшага айланади.

Ҳунарманд яқинда ўзи раҳбарлик қилаётган миллий ҳунармандчилик маркази ЮНЕСКО нинг илғор тажрибалар рўйхатига номзоди юборилганини мамнуният билан таъкидлаб, миллий ҳунармандчилигимизнинг жаҳон миқёсидаги нуфузи ҳақида жуда кўп маълумотларни келтирди. Устазодалардан саналган Расулжон яратган матолари билан дунёнинг машҳур дизайнерлари назарига тушган. Масалан америкалик таниқли дизайнер Оскар Де Ла Рента ўзининг либослар коллекциясини марғилонлик ҳунарманд ишлаб чиқарган ипак бахмал ва адраслардан яратган. Ҳунар соҳиби музейларда сақланиб қолган  Бухоронинг “Аъло-бахмали”, Хоразмнинг “Турма-белбоғ” ва “Алоча” матоларини қайта тиклади.  Марғилонлик ҳунарманд ЮНЕСКО Халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси “Хоразм тўқимачилик мактаби” ни ташкил этиш лойиҳаси доирасида Хива шаҳридаги Ичан-қалъада иш олиб борди ва 20 нафар шогирдлар тайёрлади. Сурхондарё вилоятида Бойсун ҳунармандлар марказида ҳам қадимий кашталар нусхаларини яратишда табиий ранглардан фойдаланиш усулини шакллантириб 38 нафар шогирдлар етиштирди.

“Ҳунарманд” уюшмаси Марғилон шаҳар бўлими раҳбари сифатида фаолият кўрсатаётган Расулжоннинг изланишлари замирида  дунё  сайёҳларига халқимизнинг бой маданий меросини яқиндан таништириш истаги, ўсиб келаётган ёш авлод қалбида аждодларимиздан фахрланиш ҳиссини шакллантириш ва бир сўз билан айтганда қадриятларимизга, қўли гул ҳунармандларимизга чексиз ҳурмат-эҳтиром мужассамдир.

You must be logged in to post a comment Login