2015 ЙИЛДА ФАРҒОНАГА 9 МИНГ САЙЁҲ ТАШРИФ БУЮРДИ

сайёх

Ўзбекистонда кейинги йилларда сайёҳлар сони ортиб бормоқда. Хорижликларда Ўзбекистоннинг тархий қадамжонлари, минг йиллик урф-одат ва анъаналари катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу боис сайёҳларга қулай шарт-шароит яратиш ва уларни кенг жалб қилишга давлат дастурлари, чора-тадбирларлар қабул қилинмоқда.

Шу йилнинг 12 февралида вилоят ҳокимининг “Фарғона вилоятида туризм соҳасини янада ривожлантириш ва туризм хизматлари экспортини оширишни таъминлашга қаратилган 2016-2017 йилларга мўлжалланган тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор асосида кенг кўламли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, вилоятимиз сайёҳлик салоҳиятини ошириш ҳисобига хорижлик сайёҳлар сонини кўпайтириш, туризм инфратузилмаси ва сервис хизматларини яхшилаш, маданий-тарихий ва маънавий меросимизни тарғиб этиш бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Бу борада вилоятимизда туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида яқин йиллар ичида мустаҳкам иқтисодий асос яратилди. Мазкур қарор вилоятимизда сайёҳлик тизими фаолиятини жаҳон андозалари даражасида такомиллаштириш имконини беради.

2013-2015 йилларда Фарғона вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш Дастури доирасида 8,8 млрд. сўмлик маблағлар ўзлаштирилди. 27 та маданий-тарихий обидалар қайта таъмирланиб, қулай шароитлар яратилди. Фарғона аэропортига халқаро аэропорт мақоми берилди ва мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига қатновлар йўлга қўйилди. Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларидаги  меҳмонхоналарнинг 24 нафар ходимлари Малайзия, Венгрия, Таиланд, Туркия каби давлатларда туризм йўналишида тажриба орттириб келиши таъминланди.

Хорижлик сайёҳларга қулайлик яратиш учун вилоятимизнинг диққатга сазовор жойлари акс эттирилган туристик йўналишлар чизмалари, буклетлар ишлаб чиқилди. Меҳмонхоналар ва туризм объектлари ҳудудида 5 та мусиқали рангли фавворалар қурилди. Риштон туманида керамика музейи, Марғилон шаҳридаги “Саид Аҳмад Хўжа” тарихий обидаси ва “Ёдгорлик” хусусий корхонасида доимий ҳунармандчилик кўргазмалари йўлга қўйилди. Умуман олганда, бугунги кунда сайёҳларга 13 та йўналишда 30 дан ортиқ турли кўнгилочар дастурлар ва хизматлар ташкил этилган.

Ўтган йиллар мобайнида Ёзёвон, Данғара, Учкўприк, Қўштепа ва Бувайда туманларида автомобилларга газ қуйиш шохобчаси, санитария-гигиена пункти, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, авария-чақирув ва тиббий ёрдам марказлари, автомашиналарнинг қисқа тўхташ жойи каби 13 та объектлар фойдаланишга топширилди. 2015 йилда 7 та автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари ҳамда 3 та маданий мерос объектлари ҳудудида 10 та санитария ва гигиена узеллари намунавий лойиҳага мувофиқ қуриб битказилди.

Бундай саъй-ҳаракатлар натижасида 2015 йилда вилоятимизда сайёҳларга хизмат кўрсатиш ҳажми 7,1 млрд. сўмга етказилди. Биргина ўтган йилниг ўзида вилоятимизга қарийб 35 минг нафар сайёҳ ташриф буюрган бўлса, уларнинг 9 минг нафарга яқинини хорижлик сайёҳлар ташкил этди. Бу борада чет эллик меҳмонларга кўрсатилган хизматдан тушган маблағлар 11 млн. 800 минг долларни ташкил этгани эътиборга сазовордир.

– Ушбу қарор асосида ишлаб чиқилган дастурда яқин кунларда Қамчиқ довони орқали “Ангрен-Поп” электрлаштирилган темир йўл тармоғи ишга туширилиши натижасида вилоятимизга келаётган сайёҳлар оқими кўпайишига алоҳида эътибор қаратилди,-дейди “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг Фарғона вилоятида туризмни ривожлантириш бўйича ваколатли вакиллиги раҳбари Музаффар Темиров. – Шу мақсадда жорий йилда Фарғона, Марғилон, Қўқон ва Қувасой шаҳарлари ва Данғара туманида 5 та замонавий меҳмонхоналар қуриш ҳамда Ёзёвон, Бувайда ва Фарғона туманларида кемпинг хизмати ташкил этиш режалаштириляпти.

Вилоятимизнинг автомагистрал йўллари бўйида намунавий лойиҳалар асосида 10 та санитария ва гигиена узеллари қурилади. Сервис хизматларини жаҳон талабларига етказиш мақсадида вилоятимизда фаолият кўрсатаётган сайёҳлик ташкилотлари вакилларини Испания, Португалия, Япония, Германия, Австрия, Буюк Британия, Хитой давлатларида ўтказиладиган бутунжаҳон туризм ярмаркаларига жўнатиш чоралари кўриляпти.

Марғилон шаҳрида бўлиб ўтадиган катта ашула ва аскиячилар фестивали ЮНЕСКОнинг (Жаҳон номоддий-маданий мерослари) фестиваллари рўйхатига киритилди. Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида ташкил этилаётган ош байрами тантаналари, ҳар йили сентябрь ойида Марғилон шаҳрида ўтказилаётган “Атлас” байрамининг халқаро миқёсдаги нуфузи тобора ошиб бораяпти. Хорижлик сайёҳларни янада кенг жалб этишга эришиш учун агротуризм, экотуризм ва соғломлаштириш йўналишларида янги хизмат турларини жорий этиш кўзда тутиляпти.     

Шунингдек, вилоят ҳокими қарорига мувофиқ барча ҳудудларда туризмни ривожлантириш мақсадида шаҳар ва туман ҳокимликларининг дастурлари тасдиқланди. Сайёҳлик инфратузилмаси соҳасига киритилган янги объектлар рўйхати тузилди ва туристик маршрутларга киритилди.

Қува туманидаги  Аҳмад ал-Фарғоний  мажмуаси,   Риштон туманидаги “Хўжа Рушноий” тарихий ёдгорлиги,  Фарғона Давлат университети асосий биносини реставрация қилишга республика ва вилоят маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш инспекцияси маблағлари ажратилади.

You must be logged in to post a comment Login