АМИР ТЕМУР ЎЗ ДАВРИНИНГ БУНЁДКОРИ

timur_statue_03

Буюк саркарда, машҳур давлат арбоби, фан ва маданиятнинг толмас жонкуяри, беназир  инсон Амир Темурнинг  фаолияти  ниҳоятда  серқирра, кенг қамровли бўлган. Бунёдкорлик, яратувчанлик унинг фаолиятидаги энг муҳим жиҳатлардан ҳисобланган.

Соҳибқирон ўзи туғилиб ўсган Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳрида ва мамлакат пойтахти–Самарқандда  бу соҳада, айниқса, ғоят улкан ишларни амалга оширган. Соҳибқироннинг Кеш шаҳридаги фаолияти тўғрисида Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома» сида шундай деб ёзган: «Темурбекнинг зоду буди Кешдин учун, шаҳр ва пойтахт қилуриға кўп саъй ва  эҳтимомлар  қилди, олий иморатлар  Кешта бино қилди».

Амир Темурнинг  Шаҳрисабз шаҳрида қурдирган олий иморатларидан бири, шубҳасиз, Оқсаройдир.  Гўзал санъат обидаси бўлмиш бу ҳашаматли ва муҳташам қаср 20 йил давомида қурилиб, битказилган. Манбаларда ёзилишича, оқсарой соҳибқирон ва унинг оила аъзолари яшаши  учун турар-жой ва давлат, жамоат ишларини олиб  бориш мақсадида  бунёд қилинган. Оқсаройнинг умумий баландлиги 50 метрдан ортиқ бўлган. Оқсаройнинг юқори қисмига – том тепасига ҳовуз жойлашган. Ҳовузга сув Тахтақорача довонидан махсус  қўрғошин  қувурлар орқали олиб келинган. Ҳовуздан сув жимирлаб пастга оқиб турган. Оқсаройнинг теварак-атрофлари боғдан иборат бўлган. Испан элчиси Клавихо ўз эсдаликларида Оқсаройни ҳайратомуз даражада ниҳоятда  гўзал  бўлганлигини  қайд этиб,  қуйидагиларни  ёзиб қолдирган:  «Зеро, бутун бино  зарҳал ва ложувард билан қопланган бўлиб, у ерда саройнинг шунча бўлма ва оромгоҳларини кўрсатдиларки, улар ҳақида узоқ сўзлаш мумкин. Сарой  зийнатлари олтиндан ва бошқа ранглардан ҳайратомуз қилиб ишланган эди. Ҳаттоки, моҳир усталари билан жаҳонга машҳур бўлган Парижда ҳам бу иш жуда гўзал ҳисобланган бўлар эди».

Соҳибқирон Шаҳрисабзга бир улкан мадраса, шунингдек, ўғли шарафига Жаҳонгир Мирзо мақбарасини, пири муршиди хотирасига Шайх Шамсиддин кулол мақбарасини ҳамда маҳобатли Доруссаодат меъморий мажмуасини қурдики, буларнинг барпо қилиниши бевосита унинг табаррук номи билан боғлиқдир. Амир Темурнинг Самарқандда бунёд этган олий иморатларидан бири -Кўксарой бўлса,  иккинчиси Жомеъ масжидидир. Бобур Мирзо бу икки тенгсиз ва беназир меъморий обида  ҳақида «Бобурнома» да  қуйидагиларни ёзган: «Самарқанд аркида Темурбек бир улуғ кўшк солибтур, тўрт ошёнлиқ, Кўксаройка мавсум ва машҳур ва бисёр олий  имораттур. Яна Оҳанин дарвозасиға ёвуқ қалъанинг ичида бир  масжиди  жумъа  солибтур, сангин, аксар Ҳиндустондин элтган сангтарошлар анда иш қилибтурлар… Бу ҳам бисёр олий имораттур».

Соҳибқирон бунёдкорлик ишларини ўзи бошқараётган мамлакатнинг бошқа шаҳар ва қишлоқларида ҳам кенг кўламда олиб борган. Дарҳақиқат, «Тузуклар» даги мана бу сатрлар  алоҳида  аҳамиятга моликдир: «Яна амр қилдимки, хароб бўлиб ётган ерларда коризлар қурсинлар, бузилган кўприкларни тузатсинлар, ариқлар ва дарёлар устига янги кўприк қурсинлар, йўл устида ҳар манзилгоҳга  работлар қурсинлар». Амир Темур бошқа мамлакатларни фатҳ этгандан сўнг, у ерларда ҳам олий иморатлар қуришга амр этган.

Хуллас, соҳибқироннинг бунёдкорлик, яратувчилик йўлидаги кенг кўламли ишлари ҳар жиҳатдан таҳсинга сазовордир. Амир Темур халқимизнинг маданий юксалишига катта ҳисса қўшган улуғ ва бунёдкор сиймо сифатида кишилар, авлодлар қалбида абадулабад яшайди.

You must be logged in to post a comment Login