БУЮК КЎРАГОН

Amir_Temur_1

Соҳибқирон Амир Темур дунё тарихидаги энг буюк сиймолардан бири, марказий Осиё халқларининг иқтисодий-сиёсий ва маънавий тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган давлат арбоби, илм-фан, маданият ҳомийсидир. У 1370 йили Мовароуннаҳрнинг чингизий ҳукмдори Қозонхоннинг қизи Сароймулкхоним ( Бибихоним) га уйланиб, ўзининг амирлик даражасига Кўрагон, яъни, “хоннинг куёви” унвонини ҳам қўшиб олди. Темурбекнинг отаси Амир Муҳаммад Тарағайнинг насл-насаби саккиз ота-бобо орқали хонларга бориб уланади. Онаси Тегинабегим Моҳ эса Бухоро уламолари авлодидир.

Соҳибқирон асос солган сулола Кўрагоний салтанати деб аталган. Бу сулола вакиллари орасидан Кўрагон унвонли темурийлар кўп. Мисол учун: Мироншоҳ Кўрагон, Улуғбек Кўрагон, Умаршайх Кўрагон.

Темурбек ўғли Шоҳруҳнинг фарзанди бўлмиш набирасига ўз отаси Муҳаммад Тарағай исмини қўйган. Лекин отаси ҳурмати учун севимли набирасини Улуғ бек деб чақирган. Бу эса бора-бора шаҳзоданинг исмига айланди. Шундай қилиб, Муҳаммад Тарағай тарихда Мирзо Улуғбек Кўрагон номи билан абадий қолди.

Улуғбек чиғатой хонларидан Султон Маҳмудхоннинг қизи Оқ Султон Хон Оғога уйлангани тарихий манбалардан маълум эди. Академик В.В.Бартольд унинг  Шоҳижаҳонхоннинг қизи Ҳусннигорхон оғога  ҳам  уйланганини аниқлаган. Демак, Улуғбек бир эмас, икки мўғул хонига куёв бўлгани учун Кўрагонлик унвонини олган.

Мирзо Улуғбек  Кўрагон “Тўрт улус тарихи” номли асарида бобоси хотирасини эъзозлаб, уни “Соҳибқирони акбар Амир Темур Кўрагони сафдар”, яъни, “Амир Темур Кўрагон энг буюк соҳибқирон ва қўмондон” деб улуғлаган. Ўзи зарб эттирган тангаларга “Амир Кўрагон ҳимматидин Улуғбек Кўрагон”  сўзларини битдирган.

Муҳаммад Шайбонийхоннинг Мовароуннаҳр ва Хуросон ўлкаларини эгаллаши натижасида темурий ҳукмдорларнинг аксарияти ҳалок бўлдилар. Буюк сулолани сақлаб қолиб, унинг шонли тарихини давом эттириш бахти Умаршайх Кўрагоннинг ўғли Заҳириддин Муҳаммад Бобурга насиб этди. Отамерос мамлакатини шайбонийлардан қайтариб олишга уринишлар самара бермагандан кейин, у “ҳинд сори юзланиш”га жазм этди.

Ҳиндистонда Иброҳим Лўдий ва Раана Санганинг қўшинларини мағлуб этиб, у ерда темуруйлар салтанати сулоласини қайта тиклади.

“Бобурнома”ни инглиз тилига таржима қилган М. Уилер Тэкстон  Бобурнинг Ҳиндистонда барпо этган давлатини “Кўрагоний салтанати” деб номлаганини холисона қайд этади. Бу фикр академик Бўрибой Аҳмедовнинг илмий қарашларига мос келади.

Бобурни туркий ва форсий тарихчиларгина эмас, балки ҳинд ва покистон тарихчилари ҳам “султонул аъзам” , “ҳоқонул мукаррам” , “подшоҳи ғозий Заҳириддин Муҳаммад Кўрагоний” каби таъриф-тавсифлар билан улуғлашган.

Кўрагоний номи кейинчалик бобурийлар авлодига мансублик маъносини англата бошлади. Покистонлик Мирзо Насриддин Кўрагоний 1962 йилда “Бобурнома”ни “Таржумаи тузуки Бобурий” номи билан урду тилига ўгирган.

Буюк кўрагонийларнинг дунё маданиятига қўшган бебаҳо ҳиссаларини тўлақонли ёритиш, улар ҳақидаги тарихий ҳақиқатларни очиб бериш бугунги кун олим, шоир ва ёзувчиларининг зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

You must be logged in to post a comment Login